Футбол бўйича Про лигада иштирок этувчи «Янгиер» ҳамда «Шўртан» футбол клубларининг айрим вакиллари ҳақ эвазига келишилган ўйинларда қатнашганлиги ва тотализатор ўйнайдиганларга ёрдам берганлиги учун 6 ойдан 1 йилгача футболдан четлатилди. Клубларнинг айнан қайси футболчилари жазолангани ҳақида хабар берилмаган. ЎФA юристи «Газета.uz»га ушбу маълумотларни ошкор қилиш фақатгина Этика қўмитасининг ваколати доирасида эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда батафсил Оғабек Самисов мақоласида.
Долларнинг расмий курси 12 сўмга пасайди ва жами 10 568 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль эса бироз кўтарилди.
Сенаторлар Жиноят кодексига ҳайвонларга шафқатсиз муносабат ҳақидаги моддани киритишни маъқулладилар. Қийноқ жониворларнинг майиб бўлиши ёки ўлимига олиб келса, БҲМнинг 25 дан 50 бараваригача жарима, жамоат ёки ахлоқ тузатиш ишлари, шунингдек, 6 ойгача муддатга озодликни чеклаш ёки қамоқ жазолари қўлланилади.
Curiosity марсоходи Марсдаги булутларнинг расмларини эълон қилди. «Эрта» булутлар деб номланувчи мазкур булутлар таркибий жиҳатдан Қизил сайёра учун одатий булутлардан фарқ қилади ва қуёш ботишида кўплаб ранглар билан порлайди.
Texnopark заводидаги пресс-формалар хорижий ускуналарда ишлаб чиқарилади, бу эса ишлаб чиқариш вақтини тезлаштиради. Буюртма берувчилар жараённи кузатишлари мумкин.
Ўзбекистонда қуруқ ва иссиқ об-ҳаво ҳафта охиригача давом этади. Июнь ойининг бошида баъзи жойларда шамол кучайиши мумкин.
Сенат Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритишни маъқуллади. 2005 йилгача Ўзбекистонга келган фуқаролиги бўлмаганлар ва камида 15 йил мамлакат ҳудудида яшаган шахслар Ўзбекистон фуқаролигини олишлари мумкин.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 2021 йилга қолдирилган учинчи маслаҳат учрашуви вақти ҳозирча маълум эмас, бироқ Ўзбекистон унинг юзма-юз кўринишда бўлиб ўтишини кутмоқда. «Онлайн формат кўзда тутилаётгани йўқ», — деди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
Италиядаги Жаҳон кубогида Сабина Ташкенбаева бадиий гимнастика бўйича Токио олимпиадасига йўлланма берадиган лицензияни қўлга киритди.
Ўзбекистонда илк бор минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари амалга оширилди. Унга кўра, бир киши учун минимал истеъмол харажатлари 440 минг сўмни ташкил этади. Бунда, жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар ҳисобга олинган.
Тойлоқ туманидаги мактаблардан бирида 9-синф ўқувчиси шериклари билан мактаб директор ўринбосарини калтаклади. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Uzbekistan Airports Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортлар билан бошқарув шартномаларини имзолади. Шу тариқа, аэропортларни ягона марказдан ривожлантириш учун ҳуқуқий асос яратилди, деди компания раҳбари Раъно Жўраева.
Бош прокуратура Aндижонда кетмон билан уриб ўлдирилган аёлни собиқ келини эмас, балки у билан турмуш қурган эркак ўлдирганлигини маълум қилди. Ҳозирда у қўлга олинган ва ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
1 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига боради. Вилоятда давлат рахбари икки кун мобайнида бўлиши режалаштирилган.
2021 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистонда давлат мулкчилигидаги ташкилотлар томонидан жами 1 трлн 268,2 млрд сўмлик, нодавлат мулкчиликдаги ташкилотлар томонидан 28 трлн 271,8 млрд сўмлик қурилиш ишлари бажарилган.
Якшанба куни Нигериянинг Тегина шаҳридаги мактабга жангарилар ҳужум қилди. 200 нафар мактаб ўқувчилари ўғирлаб кетилди, икки киши жароҳатланди.
Андижонда келин ўз қайнонасини жойнамоз устида кетмон билан чопиб ўлдирганлиги ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистонда сўнгги кун ичида 211 та янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Шунингдек 257 нафар бемор касалликдан соғайиб, Ўзбекистонда соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.
Сенаторлар қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ янги жавобгарлик чораларини кўзда тутган қонунни рад этдилар. Бу ҳал қилиш зарур бўлган тизимли муаммолар мавжудлиги билан боғлиқ бўлиб, улар ҳал қилинганидан кейин жавобгарлик чоралари ўрнатилиши лозим, дея маълум қилди сенатор Фарҳод Боқиев. У «турли салбий оқибатлар»га олиб келиши мумкин бўлган қатор омилларни санар экан, Қозон шаҳридаги мактабда содир бўлган отишмани мисол қилиб келтирди.
«ВКонтакте», Twitter ва WeChat ижтимоий тармоқлари ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотларини қонунга зид равишда қайта ишламоқда, дея маълум қилди «Ўзкомназорат». Инспекция ижтимоий тармоқларга эгалик қилаётган Mail.ru Group, Twitter ва Tencent компанияларига «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Қонуннинг 271-моддаси талабларига амал қилиш, яъни серверларини Ўзбекистонга жойлаштириш бўйича кўрсатма берди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг