2019 йилда Ўзбекистонда ҳар 100 оилага 55 та компьютер тўғри келди. Aвтомобиллар 47 тани ташкил қилган бўлса, телевизорлар сони эса 160 тани кўрсатмоқда.
«Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Шерзод Хабибуллаев Ўзгидрометнинг янги раҳбари бўлди.
Zira.uz тайёрлаган ушбу рўйхатдан кузнинг 7 хил энг ёрқин, энг хушбўй ва энг мазали пишириқлари — қовоқдан тайёрланган пишириқлар рецептларини топишингиз мумкин.
Ўзбекистонда аниқланган коронавирус ҳолатлари сони 50 мингдан ошди. 18 сентябрь куни 617 та янги ҳолат қайд этилди.
Ўзбекистонда коммунал соҳадаги лойиҳалар ва тарифлар маҳаллий кенгашлар билан келишилади. Президент раислигида ўтказилган йиғилишда 27 та туманда ичимлик суви билан таъминлаш ишлари танқид қилинди. Хабар қилинишича, қувурлар эскиргани сабабли ҳар йили қарийб 500 млн куб метр сув ёки ўртача 300 миллиард сўм исроф бўлмоқда.
Президент куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун бош вазир Абдулла Ариповни Тошкент туманларига, бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовни эса вилоятларга масъул этиб бириктирди. Тайёргарлик ишларини, энг аввало, бу борада аҳвол оғир бўлган 56 та туман ва шаҳардан бошлаш кераклиги таъкидланди.
Китоб туманида мактаб директори осилган ҳолатда топилди. Прокуратура маълумотларига кўра, қариндошлари суд-тиббиёт экспертизаси кўригидан ўтказмасдан уни дафн қилишган. Ўлимидан олдин директор хат қолдириб, унда ҳамкасбларидан «ҳар қандай ҳолатда ҳам коррупцияга йўл қўймаслик»ни сўраган.
Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, жорий йил Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида ташкил этиладиган Ёшлар медиа холдингига 46 млрд сўм ажратиш таклиф қилинди. Бюджет ҳисобидан молиялаштириш миқдорини 2023 йилгача босқичма-босқич қисқартириш режалаштирилмоқда.
Беларусь чегараларининг ёпилиши, Украина собиқ президентига қарши жиной ишлар, Жо Байденнинг Россия тўғрисида фикри ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Kun.uz нашри «темир дафтар»да бўлмаган шахсларга ер ажратилгани ҳақидаги мақолани ўчирди. Хабар қилинишича, сабзавотчилик билан шуғулланиш учун олти киши ўртасида 10 гектар ер бўлиб берилган ва улар орасида фақат бир киши эҳтиёжманд оилалар рўйхатида бўлган. Яна бир фуқаронинг ҳолати эса баҳсли.
Маданият вазирлиги санъаткорларнинг карантин қоидаларини бузган ҳолда тўй ўтказганига изоҳ берар экан, уларнинг шахсий ишларига аралашиш ваколатига эга эмаслигини маълум қилди.
2020 йилнинг биринчи ярмида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўсишни таъминлагани учун айрим туманлар ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарларига 10 млн ва 8 млн сўмдан мукофот тайинланди. Ўсишни таъминлай олмаган раҳбарларга эса ҳайфсан эълон қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 сентябрда коронавирусдан вафот этди, дея хабар қилган 11 ёшли бола 5 сентябрда оламдан ўтгани маълум бўлди. Унда қатор оғир ёндош касалликлар бўлиб, диспансер назоратида турган.
Тошкент вилоятида Hyundai Porter автомобилида ҳаракатланаётган оила трактор тиркамаси билан тўқнашган. Автоҳалокатда она ва беш ойлик қизи вафот этган, ота ва яна уч фарзанд касалхонага ётқизилган.
ИИВ аҳоли пунктларида автомобиллар аудиотизимларидан овозни баланд қилиб фойдаланишни тақиқлаш ҳамда автомобилларга ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатганлик учун жарима миқдорини оширишни таклиф қилмоқда.
Келгуси кунларда Волга минтақасидаги совуқ ҳавонинг Марказий Осиё томон йўналиши сабаб ҳавонинг бироз совиши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши мумкин.
Жаҳон банкининг 2020 йил учун эълон қилинган инсон капитали индексида илк бор Ўзбекистон ҳам қатнашиб, 62 фоизлик натижа билан МДҲ давлатлари орасида Беларусь (70 фоиз), Россия (68 фоиз) ва Қозоғистондан (63 фоиз) кейинги ўринни эгаллади.
Дунё мамлакатлари бўйлаб коронавирус инфекцияси рўйхатга олинган беморлар сони 30 миллион кишидан ошди. Энг кўп беморлар АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилияда қайд этилган.
Комилжон Каримов Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига, Бахром Миркасимов эса Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетига ректор этиб тайинланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 сентябрь куни Ўзбекистонда 599 та янги коронавирус ҳолати қайд этилгани, вафот этган 6 кишидан бирининг ёш бола эканини маълум қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг