Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 6 тага ошиб, 187 нафарни ташкил этмоқда. Вирусология институтида даволанаётган 90 нафар беморнинг 23 тасида пневмония аломатлари бор. 5 нафар беморнинг аҳволи оғир, улардан 2 нафарининг аҳволи эса барқарор оғир дея баҳоланмоқда.
Ўзбекистон коронавирусга қарши курашишда ёрдамлашиш учун инсонпарварлик ёрдами юборди.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморлар сони 8 нафарга ошиб, жами 181 кишига етди.
Ўзбекистон Қирғизистонга ун, озиқ-овқат маҳсулотлари ва инфекциядан ҳимоя воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдами жўнатди.
Тиббиёт ходимлари «Чотқол» санаториясида карантиндан чиқарилган 212 фуқарони рақс тушган ҳолда кузатиб қўйишди. Видео.
1 апрелдан якка тартибда хайрия тадбирларини ўтказиш вақтинча тақиқланди. Эҳтиёжманд оилаларга хайрия ёрдамлари марказлаштирилган ҳолда етказилади. Ушбу ишга ННТ ва кўнгиллилар (волонтёр) қўшилишга чақирилди.
Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб «ўзини яккалаш» (самоизоляция) ҳаёт тарзи жорий этилади. Зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этилади. 65 ёшдан юқори бўлган фуқароларга уйидан ташқарига чиқиш қатъиян ман этилади.
Қирғизистонда коронавирусга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар қониқарсиз ташкиллаштирилганлиги учун бош вазирнинг ўринбосари Олтиной Омурбекова ва Соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чолпонбаев ўз лавозимларидан озод этилди.
Вирусология институтида даволанаётган 4 нафар коронавирус бемори бутунлай соғайди. Ўзбекистонда коронавирусдан тузалган беморлар сони 12 кишига етди.
Самарқанд вилояти Пайариқ туман ҳокими Д. Мусинов коронавирус инфекцияси қайд этилган пайтда Туркияда хизмат сафарида бўлгани учун карантинга олинган. Унинг соғлиғида ҳеч қандай салбий ўзгаришлар йўқ ва карантин даври тугагандан сўнг иш фаолиятини давом эттиради.
Ўзбекистонда коронавирус пандемияси туфайли бюджетни қўллаб-қувватлаш учун Осиё тараққиёт банкидан 1 млрд долларгача миқдорда маблағ ажратишни сўради. ОТБ президенти Ўзбекистон бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқовга видеоконференция орқали ушбу жараённи тезлаштиришини маълум қилди.
Евросиё иқтисодий иттифоқи пандемия сабабли гречка, гуруч, жавдар, кунгабоқар уруғи ва бошқа маҳсулотлар экспортини тақиқлади.
Карантин эълон қилингандан буён Ўзбекистонда 17 мингдан зиёд карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланди. Ушбу қоидабузарликларнинг аксарияти тиббий ниқоб тақмаганлик билан боғлиқ.
Тошкентда ўтказилаётган рейд тадбирлари доирасида 11 соат ичида 168 нафар ҳайдовчи махсус рухсатномасиз автомобиль бошқаргани аниқланди. Улар жаримага тортилди, автомобиллар эса жарима майдончасига олинди.
Қўқонда 2 кишида коронавирус аниқлангани ва улар карантинга олингани ҳақида ёлғон хабар тарқатган шаҳар кенгаши депутатига нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Миллиардер Алишер Усмонов «Ўзбекистон Меҳр-шафкат ва саломатлик» жамғармасига ўз ҳисобидан 20 миллион доллар беғараз ёрдам ажратди. Ушбу маблағ Зангиота туманида қурилаётган 10 минг ўринли тиббий муассасани замонавий ускуналар билан жиҳозлаш учун сарфланади.
МТВ 1 апрелдан «Болажон» каналида боғча болалари учун инглиз тили, арифметика, эрталабки бадантарбия ва логопедик машғулотлардан иборат таълимий телелойиҳани ишга туширди.
Тўрткўл туманида тўй маросимида қатнашиб, Қозоғистонга қайтган аёлда коронавирус аниқланганлиги бўйича Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий баёнот берди. Маълум бўлишича, Қозоғистонлик меҳмонлар 18 март куни тўй маросимида қатнашишган. Тўрткўл ва Элликқалъа туманларида ушбу шахслар билан кўришган фуқаролар аниқланиб, карантинга олинган.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган беморлар сони 1 тага ошиб, 173 нафарни ташкил этмоқда. Тошкентдаги Вирусология институти клиникасида 92 нафар бемор даволанмоқда, уларнинг 21 тасида пневмониянинг клиник аломатлари бор.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тасдиқланган ҳолатлар 5 тага ортиб, жами 172 тага етди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг