Президентга темирйўл соҳасидаги режалар тақдимот қилинди. Жумладан, йўловчи вагонлар ишлаб чиқаришга 50 млн доллар, локомативлар олиб келиш ва электровозларни модернизация қилишга 181 млн доллар ажратиш режалаштирилмоқда. Соҳада хизматлар сифати ва экспортини ошириш кўзда тутилган.
Депутатликдан кетган Дониёр Ғаниев, 5 йилдан сўнг тикланаётган «Шарқ тароналари», «Салимбой»ни қидирувга берган Қирғизистон, монополист Google ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов «Газета.uz»га берган интервьюсида Жаҳон савдо ташкилоти Ўзбекистонга ўзини ўзидан ҳимоя қилиш учун кераклигини таъкидлади. Унга кўра, ташкилотга аъзолик давлат энг катта ишлаб чиқарувчи бўлган шароитда ҳукуматнинг маҳаллий корхоналар босимига қарши ҳимоя қобиғи каби ишлайди.
АҚШ суди Google монополияга қарши қонунларни бузган, деб қарор қилди. Компания смартфонларда стандарт қидирув тизими бўлиш учун шартномалар тузган. «Google — монополист», — деди судья ва IT гигантининг ҳаракатлари «монополиясини сақлаб қолиш»га қаратилганини таъкидлади.
Жорий йилнинг етти ойида Ўзбекистон давлат бюджети дефицити 36,4 трлн сўмни (тахминан $2,88 млрд) ташкил этди. Июлда дефицитнинг ўсиш суръати пасайиб, 2,5 трлн сўмни кўрсатди. Собиқ депутат Дониёр Ғаниев июнь ўрталарида нега биринчи яримйилликда харажатлар даромаддан ошиб кетганини тушунтирганди.
Ўзбекистонда биринчи яримйилликда автокредитлар бериш ҳажми икки баробардан кўпроққа — 18,5 трлн сўмдан 8,9 трлн сўмга, шунингдек, унинг кредитлаш умумий ҳажмидаги улуши 40,2% дан 19,7% га қисқарди. Бунинг фонида микроқарз ва микрокредит бериш 1,5 баробар ошди. Ипотека кредитлаш секинлаша бошлади.
Урганч аэропорти учиш-қўниш йўлагининг капитал таъмиридан сўнг биринчи самолётни қабул қилди. Тошкентдан учиб келган Uzbekistan Airways лайнери ҳаво аркаси билан кутиб олинди, йўловчиларга Хоразм нонлари узатилди. Фото.
Самарқандда 26−30 август кунлари «Шарқ тароналари» XIII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади. Бу гал тадбирлар Регистон майдонида эмас, «Боқий шаҳар» мажмуасида ташкил этилади. Унда 70 га яқин мамлакатдан вакиллар қатнашиши кутилмоқда. Фестиваль охирги марта 2019 йилда ўтказилганди.
Ўзбекистонда контрафакт ёки қалбаки маркировкаланган маҳсулотларни сотганлик учун жиноий жавобгарлик, шунингдек, маркировка қоидаларини бузганлик учун жарима жазосини жорий этиш режа қилинмоқда. Белгиланган товарларнинг улгуржи савдоси нақд пулсиз шаклда амалга оширилади.
АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис Демократик партия делегатларининг 99 фоиз овозини олди ва президентлик сайловига унинг номзоди кўрсатилди. У 6 август куни вице-президент номини айтиши кутилмоқда.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Салимбой» номи билан танилган ўзбекистонлик Салим Абдувалиевни қидирувга берди. У уюшган жиноий гуруҳ фаолиятини молиялаштиришда гумонланмоқда.
Қумқўрғон туманида йўловчи поезди уриб юборган Lacetti ҳайдовчиси ҳалок бўлди. У светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмай ҳаракатини давом эттирган.
«Саидазиз медгородок» ва яна 28 кишига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Саидазиз Саидалиев 20 йилга қамалди. Судланувчиларнинг баъзилари 5 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинган бўлса, айримларига ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазоси берилди. Бир судланувчи жазодан озод этилди. Батафсил.
Рақобат қўмитаси танлов таклифларини баҳолаш мезонларининг нисбий қиймати ишлаб чиқилмагани учун Термиз давлат педагогика институтининг 2 млрд сўмлик тендери бекор қилинганини маълум қилди. Институтга нисбатан иш қўзғатилди.
IT Park University`да IТ соҳасида ўқишни истаган абитуриентлар учун очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди.
Сирдарё вилояти Солиқ бошқармасининг бош инспектори 2 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. У компанияларнинг солиқ қарзларини банкрот деб топиш йўли билан бартараф қилиб бериш эвазига 4 минг доллар олаётганида ушланганди.
ДХХ Фарғона, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатларини аниқлади. Учкўприк туманида 56 ёшли шахс ўзиники бўлмаган 12 сотих ерни 130 минг долларга сотмоқчи бўлганида ушланди. Қашқадарёда эса ҳокимлик ходими 25 гектар ерни 5 минг долларга пуллаётганда қўлга тушди.
Париж Олимпиадасининг 11-кунида Арам Варданян ва Рустам Ассакалов Юнон-рум кураши бўйича, Актенге Кеунимжаева эса эркин кураш бўйича гиламга чиқади. 7 августга ўтар кечаси боксчи Асадхўжа Мўйдинхўжаев америкалик рақибига қарши ярим финалда жанг қилади.
Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг 2024 йилнинг биринчи ярмидаги соф фойдаси 269 млрд сўмни ташкил этди. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 5,4 баробарга кўпдир.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниев депутатлик фаолиятини муддатидан аввал якунлаганини эълон қилди. «Бу фаолиятда давом этиш ўзим учун ҳам, сайловчилар учун ҳам манфаатли бўлмаслигини тушуниб етдим», — деб ёзди у. Ғаниев ишини Вазирлар Маҳкамасида давом эттиради.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг