Қалин туман сабаб ёпилган аэропорт, президентнинг экспорт масаласидаги танқидий йиғилиши, сотуви 4 баравардан кўпроққа ўсган электромобиллар, хорижий ваколатхоналарда ўқитиладиган ўзбек тили курслари ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Ўзбекистон футболчилари Осиё кубоги гуруҳ босқичининг иккинчи турида Ҳиндистон устидан ғалабага эришди (статистика, видео, фото). Учала гол ҳам биринчи бўлимда киритилди.
Президент экспорт масаласини «ҳаёт-мамотимиз» деб атади. «Агар валюта баланси, инвестиция ёки конвертацияни давом эттирамиз десак, экспортни импортга нисбатан барқарор ушлаб туришимиз керак», — деди у.
Ўзбекистоннинг туристик манзилларида меҳмонхона ва майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ савдо-кўнгилочар мажмуаларидан иборат туризм марказлари қурилади. У ерда бренд дўконлар ва «duty free», тўй маросимлари учун ҳудуд, «олтин йўлак» бўлади. Қурилиш майдонлари бош вазир бошчилигида аниқланади.
Бишкек суди Қирғизистондаги бир қатор мустақил нашрларнинг 11 нафар журналистини икки ойга ҳибсга олди. Улар оммавий тартибсизликларга даъват қилишда айбланмоқда, аввалроқ уларни тинтув қилишганди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари расмийларни ОАВга босим ўтказишни тўхтатишга чақирмоқда.
Андижон шаҳрида Gentra йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган 77 ёшли эркакни уриб юборди. Оқибатда пиёда шифохонада вафот этди.
Покистон Теҳроннинг ҳужумидан бир кун ўтиб Эрондаги «террорчилар бошпаналари»га қатор зарбалар берди. Покистон ТИВ Эрон суверенитетини ҳурмат қилишини ва зарбалардан мақсад мамлакат миллий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлганини таъкидлади.
Косон туманида 4 нафар маст эркак машинада йўлдан ўтиб кетаётган ЙПХ ходимларини ҳақоратлаб видеога олди ва уни Telegram`да тарқатди. Суд ҳукми билан уларнинг ҳар бирига 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Президент юк ташиш учун қўшимча йиғимлар, ҳайдовчилар учун виза режими мураккаблиги ва бошқа масалалар билан лозим даражада шуғулланмаётгани учун транспорт вазирини огоҳлантирди. Давлат раҳбари айрим элчилар ва савдо маслаҳатчиларини ҳам танқид қилди.
Президент мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан биргаликда 25 турдаги озиқ-овқатни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни бошлаш топшириғини берди. Бу корхоналарда халқаро стандартлар жорий этилади, уларга хориждан малакали технолог ва маркетологлар жалб қилинади.
Маданий мерос объектлари, вокзаллар, жамоат транспорти ва поездларда ҳаракатланиш имконияти чекланган кишилар учун лифт, пандус ва тутқичлар ўрнатилади. 2027 йилгача минг нафар ногиронлиги бўлган шахснинг саёҳат харажатларининг 50 фоизини давлат қоплайди. Меҳмонхоналар учун ҳам субсидиялар берилади.
Шавкат Мирзиёев бош вазирга Нукус, Жиззах, Бекобод шаҳарлари, Шароф Рашидов, Деҳқонобод, Учқўрғон, Урганч туманларида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўсиш бўлмагани муносабати билан ушбу 7 та ҳудуд ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқишни топширди.
Президент Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори Мурат Мирзаевни лавозимидан озод этишга кўрсатма берди. Давлат раҳбари ташкилот фақат форумлар ўтказиш билан чекланиб қолганини танқид қилди.
Президент Экспорт агентлиги тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан бирга экспортни кредитлашга ва экспортчиларни қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлардан самарали фойдаланишини таъминлай олмаётганини таъкидлади. Имтиёзли шартларда ажратилган ҳар 1 долларга ўртача 5 долларлик экспорт тўғри келмоқда.
2024 йил якунигача Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳузурида ўзбек тили курслари ташкил этилади. Шунингдек, хорижий давлатларда «Ўзбек академияси» («Uzacademy») интернет платформаси ишга туширилади.
Президент экологияга зарарли таъсирни камайтирувчи технологияларни жорий қилиш ўрнига мутасаддилар яна 22 та цемент заводи қуриш таклифини бераётгани ажабланарли экани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда цементга йиллик эҳтиёжни ортиғи билан қоплай оладиган ишлаб чиқариш қувватлари бор.
Кечаси ва эрталаб Тошкентнинг айрим жойларини қуюқ туман қоплади. Тонгга келиб, баъзи ҳудудларда туман тарқади. «Газета.uz» мухбири Искандар Мирзаҳмедов бу пайтда шаҳар қандай кўринишда бўлганини суратга муҳрлади.
Ўзбекистонда чегарадаги барча назорат функциялари Божхона қўмитасига ўтказилмоқда. Ҳозирда мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспорти чегарада 4 та идора — божхона, карантин, СЭС ва ветеринария органлари томонидан назорат қилинади.
Жаҳон савдо ташкилоти талаблари асосида Экспорт агентлиги Савдони ривожлантириш компанияси сифатида қайта ташкил этилади.
Учтепа туманида эр-хотин ва уларнинг 3 нафар қизи уйидан ҳушсиз ҳолда топилди. Оиланинг 3 аъзоси вафот этди, 2 нафари жонлантириш бўлимига ётқизилди. Бош прокуратура ҳолатга нима сабаб бўлганини ўрганмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг