Тошкент шаҳри ҳокимлиги раҳбари Шавкат Умурзоқов ва ИИВ ўринбосари Бекмурод Абдуллаев пойтахтга келтирилган янги автобуслардан бирида ҳаракатланди. Ҳоким в.б. тез орада бекатлар тартибга келтирилиши, уларнинг олдида сув тўпланиб қолмаслигини билдирди. «Салгина сабр қилинг», — деди у.
Тошкентга Хитойда ишлаб чиқарилган 233 та автобус ва электробус келтирилди. Шундан 203 таси Yutong электробус ва автобуслари, 30 таси эса ўта катта сиғимли (18 метрли) King Long автобусларидир.
Таркибида кармин моддаси мавжудлиги сабабли айрим йогуртлар ҳаром эканини айтиб чиққан Аctivist лойиҳаси муаллифи Ҳожиакбар Носиров 15 суткага қамалди. У «диний адоватни тарғиб қилувчи материаллар тарқатиш» ва «ички ишлар ходимининг қонуний талабларини бажармаслик»да айбланган.
Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов узоқ давом этган қанд касаллигидан сўнг 74 ёшида вафот этди.
Фанлар академияси академиги Ҳабибулла Акбаров 87 ёшида вафот этди. У фан арбоби, геология соҳасида йирик олим ҳисобланади.
Пешку туманида фуқаро қўшнисининг эшаги томорқага зарар етказгани учун унинг қулоқларини кесиб ташлади. Жонивор кўп қон йўқотиши оқибатида нобуд бўлди. Фуқаро 3 млн сўмгача жаримага тортилиши мумкин.
Миробод туманидаги уйларнинг бирида 25 ёшли аёл ва унинг 8 ойлик ўғли вафот этди. Уларнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланди.
Ўзбекистонда сўнгги 3 ойда «Тез ёрдам» хизматига 3 млн 90 мингта чақириқ келиб тушди. Уларнинг энг кўпи Фарғона, Андижон вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрига тўғри келди.
Шайхонтоҳур туманида Lacetti, Captiva ва 2 та Nexia автомашиналари тўқнашди. Бир йўловчи жароҳат олди.
«Ўзэкспомарказ»да «Монедан Кандинскийгача. Санъатдаги инқилоб» мультимедиа кўргазмаси давом ўтмоқда. Жаҳон санъати дурдоналарининг анимацияли экспозицияси ташриф буюрувчиларни XIX аср охири ва XX аср бошидаги бадиий оқимлар ва уларнинг асосий вакиллари билан таништиради.
Яккасарой, Сергели, Янгиҳаёт ва Миробод туманларидаги айрим жойлар 10 апрелдан 12 апрелгача ичимлик сув тармоғидан узилади.
Самарқандда солиқ бошқармаси солиқ назорати бўлими бош инспектори фуқаронинг қарздорлигини камайтириб бериш эвазига ундан 15 минг доллар олгани айтилмоқда. Наманганда эса адвокат суд ишини ижобий ҳал қилиб бериш учун фуқародан 7 минг доллар олгани гумон қилинмоқда.
Карам баргларидан голупци, қовурма лағмон, фрикаделкали туркча шўрва, классик лазаня, мампар ва бошқалар — Zira.uz ифторлик учун тайёрлаш мумкин бўлган мазали таомлар рўйхатини тақдим этади.
Самарқанд вилояти прокуратураси Ургут тумани прокуратурасининг 19 ёшли келиннинг фотосурати «Telegram» тармоғидаги беҳаё каналга чиқариб юборилгани сабабли ўзини ўзи осиб қўйган бўйича жиноий иш қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарорини бекор қилди.
Прокуратура вайнер Фарҳод Манноповнинг ўлими бўйича жиноят ишини қайта малакалади. Qalampir маълумотларига кўра, Маннопов операция қилинган Тошкентдаги хусусий клиникада пластик жарроҳ, лаборант ва УЗИ-мутахассиси малака тоифасини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаган.
Ёмғирли ўтадиган дам олиш кунлари, «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг ғолиблари, Тошкент вилоятида бузиладиган 23 та эски «дом», Тошкентдан Зангиота шифохонасига янги автобус, Сирдарё вилоятининг янги ҳокими, Қорақалпоғистонда 8 гектар далани сув босгани ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Президент 2022 йил апрелида Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини қонунийлаштириш ҳақидаги қарорини бекор қилган эди. Бироқ орадан бир йил ўтиб, янги қарор билан ушбу йўналишда таклифлар киритиш бўйича ишчи гуруҳ тузишни топширди.
Тошкентда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Ташкилот аъзолари Қирғизистонда аксилтеррор машқлари ҳамда интернетдан террористик, сепаратистик ва экстремистик мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш бўйича биринчи қўшма ахборот операциясини ўтказишга келишиб олинди.
Хоразмдаги оилавий меҳрибонлик уйи раҳбари ўқувчиларни тунги клубларда фоҳишалик йўли билан пул ишлашга мажбурлаган бўлиши мумкин, дея маълум қилди қизлар ўқиган мактаб директори. Мактаб ўқитувчиси жабрланувчилардан бирини асраб олмоқчи бўлган, бироқ расмийлар унга рухсат бермаган.
Хитойга ташриф буюрган Франция президенти Эммануэль Макрон мамлакат етакчиси Си Цзиньпинни Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатишга ёрдам беришга чақирди. ХХР раҳбари тинчлик музокаралари эрта бошланишига умид билдириб, томонларни вазминликни сақлаш, тинч аҳолига ҳужумлардан қочишга чақирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг