Сешанба куни республикада яна 101 киши ковидга чалинди (олдинги кун 58 киши касаллик юқтирганди). Пандемия бошланган 2020 йилнинг март ойидан бери расман коронавирусга чалинганлар сони 248 мингдан ортди.
Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Тойлоқ, Жомбой ва Самарқанд туманларидаги айрим мактаб ўқувчилари қишки таътилдан эртароқ қайтади. Улар сентябрда ўтказилган ШҲТ саммити сабабли қолдирган дарслар ўрнини қишки таътил кунларининг охирги 5 куни ҳисобидан тўлдиради.
Ўзбекистонда эфирга узатиладиган хорижий телеканаллар рўйхати 50 тадан 192 тага кенгайтирилди. АОКА бундай қарор фуқароларнинг турли манбалардан тўлиқ ва холис ахборот олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида қабул қилинганини маълум қилди.
Тижорат банклари 14 декабрь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 250 — 11 310 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 340 сўм.
Нукус воқеалари бўйича судда фуқаровий даъвогарлар ва жабрланувчилар сўзлашда давом этмоқда. Бу ҳафтада Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия ҳарбийлари, ИИВ ходимлари ва бошқалар сўзламоқда. Бир неча судланувчи кечирим сўрагач, айрим ҳарбий хизматчилар суддан уларни кечиришни сўрашди.
Аргентина терма жамоаси Қатарда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг биринчи финалчисига айланмоқда. «Албиселеста» Хорватия билан бўлиб ўтган ярим финал учрашувида 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўз ҳисобига битта гол ва битта ассист ёздириб қўйган Лионель Месси ушбу баҳснинг энг яхши ўйинчиси бўлди.
Блогер Олимжон Ҳайдаров митинглар ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлик, ёлғон ахборот тарқатганликда айбланиб, 21 млн сўм миқдорида жаримага тортилди. У яқинда Фарғонадаги завод ишчиларининг норозилик намойиши акс этган видеони эълон қилганди, шундан сўнг 7 ишчи ҳибсга олинганди.
Музлаган йўлаклар ҳақида гапирган президент, Тошкентга олиб келинадиган 1000 та автобус, 28 декабрдан қишки таътил, Мексикада ҳибсга олинган 7 нафар ўзбекистонлик, «свет» ўчирилиши бўйича жадвал, яна дарахткушлик, ис газидан вафот этганлар ортаётгани ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Ўзбекистон президенти бош вазирга март ойигача Тошкентга 1000 та автобус олиб келиш бўйича топшириқ берди. Аввалроқ бунча миқдордаги автобусларни 2025 йил охиригача сотиб олиш режалаштирилган эди.
Шавкат Мирзиёев Учтепа туманига ташрифи давомида кутилмаганда маҳаллага ташриф буюриб, кириш эшиклари ҳолатига назар ташлади, аҳоли хонадонларида бўлди. У мутасаддиларнинг иссиқлик масаласини ҳал қилаётганига ишонтирди, совуқ тез орада ўтиб кетишини айтиб, йўлаклар музлаганини танқид қилди.
Эски ТошМИ ҳудудида собиқ саратон бўлими биноси бузиб ташланди. XX аср бошида қурилган ғиштин бинода адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Александр Солженициннинг «Саратон бўлими» романи воқеалари бўлиб ўтган. Бино ўрнида автотураргоҳ қуриш режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев пойтахтда жамоат транспортидан фойдаланадиган 1,3 млн йўловчи учун автобуслар етишмаётганини танқид қилди. Президент энг оғир йўналишларга қисқа муддатда қўшимча автобуслар қўйиш ҳамда ҳайдовчиларнинг ойлик маошларини ошириш бўйича кўрсатма берди.
Тошкент метрополитенининг ер усти ҳалқа линиясида техник ишлар бажарилиши сабаб поездлар 16 декабрдан соат 23:00 гача ҳаракатланади.
Тошкент кўчаларида электр энергиясини тежаш мақсадида жорий қилинган чекловлар олинади. 13 декабр соат 17:00 дан мавжуд кўча чироқлари, иллюминация чироқлари 100 фоиз ёқилади.
Халқаро журналистлар федерациясининг маълум қилишича, йил давомида 67 нафар журналист ҳамда ОАВ вакиллари ўз вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлди. Федерация бош котиби БМТ Бош Ассамблеясида «Журналистларнинг хавфсизлиги ва мустақиллиги бўйича» конвенция қабул қилиш вақти келганини айтмоқда.
Бойсун давлат ўрмон хўжалигида 51 туп дарахт ноқонуний кесилиши оқибатида ўсимлик дунёсига жами 560 млн сўмдан ортиқ зарар етказилганди. Вилоят прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Даволаш-профилактика муассасаларининг илмий даражага эга бўлган ходимларига қўшимча ҳақ тўлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Ўзбекистон ТИВ Мексикада 7 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олингани айтилган хабар юзасидан баёнот берди. Ҳозирга қадар барча фуқаролар қўйиб юборилган ва Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган. «Уларнинг ҳаётига ҳеч қандай таҳдид йўқ», — дейилади хабарда.
Қонунчилик палатасида тиббиёт ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилган фуқаролар ва мансабдор шахсларни жаримага тортиш ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини белгилаш ҳақидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Депутатлар лойиҳани иккинчи ўқишда бир овоздан қабул қилинди.
Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида электр тармоқлари маъмурлари ва корхоналари электр таъминотидаги аниқ узилишлар жадвалларини эълон қила бошлади. Вақтинчалик ўчиришлар фақат зарур ҳоллардагина амалга оширилади. Ҳозирча графиклар учун алоҳида сайт мавжуд эмас.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг