Ўзбекистонда ҳафта якунигача ҳаво аста-секин илийди. Ҳарорат кечаси 0 даража, кундузи +7…+10, баъзи жойларда +14 даражагача исийди. Республика бўйлаб баъзи жойларга туман тушиши кутилмоқда.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Жиззахда масжидлардан электр энергия учун ортиқча маблағ ундирилганини аниқлади. «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» 2019−2021 йиллар мобайнида 58 миллион 289 минг сўм нотўғри ҳисоблаган.
Қарши туманида 77 ёшли фуқаро келини ва набираси билан яшаш хонадонида ис газидан заҳарланиб вафот этди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Судьялар олий кенгашининг 10 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишида Сурхондарё, Тошкент, Сирдарё, Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган 12 нафар судьянинг иш жойи ўзгартирилди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 12−14 декабрь кунлари АҚШга ташриф буюради. Стратегик шериклик мулоқотининг иккинчи йиғилишида иштирок этади, Давлат котиби Энтони Блинкен билан музокара ўтказилади.
1 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи 17 467 та корхона томонидан 6,6 трлн сўм солиқ тўланган. Хусусан, умумий солиқ тушумларининг 41,1 фоизи ёки 2,7 трлн сўми Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келади.
11 декабрь куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 122 кишини ташкил этиб, уларнинг 83 нафари Тошкент шаҳрида қайд этилди.
Сурхондарёда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида автомобилларга газ қўйиш шохобчалари фаолиятига вақтинчалик чекловлар ўрнатилди.
Қарши аэропорти фаолияти ноқулай об-ҳаво туфайли вақтинча чекланди. Россиянинг «Азимут» авиакомпаниясига тегишли Москвадан Қаршига йўл олган рейс Самарқанд аэропортига йўналтирилди.
Тижорат банклари 12 декабрь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 215 — 11 275 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса аксарият банкларда 11 315 сўм.
Тошкент вилояти Ангрен нефть базасида 5000 метр куб ҳажмдаги сиғим сифонининг жўмраги ҳаво ҳарорати пасайиши туфайли музлаб, ёрилиб кетди. Оқибатда заводдан 11 500 литр бензин сизиб чиқди. Корхона раҳбари ҳеч кимга жиддий зарар етказилмаганини маълум қилди.
Ер кимларнингдир нафси учун увол қилинмай, ишлайдиган одамга берилиши керак; «чинакам инновациялар» сув танқислиги оқибатларини юмшатади, аммо улар жорий этилмаса, минтақадаги бўлажак аграр муаммолардан энг кўп ўзбекистонликлар азият чекади, деб ҳисоблайди япон университети докторанти Азиз Омонов.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Москва автобуси салонида ўзбек тилида Россия армияси сафига қўшилиш чақириғи эфирга узатилган лавҳалар пайдо бўлган эди. «Мосгортранс» бундай хабарлар аллақачон эфирдан олиб ташланганини маълум қилди.
UzAuto Motors компанияси Cobalt ва Lacetti автомобиллари учун шартнома тузишни тўхтатди. Шундай қилиб, харидорлар учун ҳамёнбоп моделлардан фақат Onix қолди.
Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков раҳбарлигида ўтказилган энергия ресурслари бўйича йиғилишда бир қанча соҳа раҳбарлари, хусусан, «Ҳудудгазтаъминот» Тошкент вилояти филиали директори Музаффар Алиевга нисбатан жиноят иши очилгани ва қамоққа олингани маълум қилинди.
Кўкдала туманидаги туғруқхонада электр йўқлиги сабаб чақалоқлар ва уларнинг оналари совуқда қолгани айтилмоқда. «Ҳеч бўлмаса, шифохонага „свет“ беринглар», — дейди аёллар. Бироқ туман ҳокимлиги иситишда узилиш бўлмаганни айтиб, генераторни ишга туширмаган ходимларга чора кўрилганини маълум қилди.
Қўқонда Вояга етмаганларга ёрдам кўрсатиш марказида тенгдошлари калтаклаган 14 ёшли бола вафот этганди. ИИВ раҳбари ўринбосари Бекмурод Абдуллаев вазиятга муносабат билдириб, бола ҳаётини сақлаб қолиш учун лавозимдан ҳам воз кечишини таъкидлади. У ҳодиса тизимнинг хатоси бўлганини тан олди.
Наманганда хонадонлардан бири ярим тунда ёниб кетди. Оқибатда 2-гуруҳ ногирони 95 фоизлик куйиш жароҳатини олди. Ёнғин қўлбола туника печга «газ сўрғич» ўрнатилгани сабабли келиб чиққани тахмин қилинмоқда.
Меҳнат вазирининг таъкидлашича, Ўзбекистон аҳолисининг 850 мингдан ортиғини ногиронлар ташкил этади. Уларнинг 70 мингга яқини ишлайди, яна 100 мингдан ортиғи меҳнат қилиш истагида. «Хорижда тадбиркорлар ногиронларни ишга олишга шараф деб қарайди, бизда эса озгина чўчийди», — деди Нозим Хусанов.
Бойсун давлат ўрмон хўжалигида 51 туп дарахт ноқонуний кесиб кетилди. Бунинг оқибатида ўсимлик дунёсига 560 млн сўм зарар этказилгани аниқланди. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар прокуратурага юборилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг