КХДРда коронавирус аниқлангани ҳақидаги илк хабардан бир неча кун ўтиб, вирус юқтириб олганлар сони 1,7 млндан ошган бўлиши мумкин, 60 дан ортиқ киши эса ковидга хос аломатлардан вафот этгани айтилмоқда. Мамлакат Жанубий Кореянинг ёрдам бериш ҳақидаги таклифига жавоб бермади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбари Шахрух Шарахметов UzIMEI тизими, радар ўрнатиш нуқталарининг аукционда сотилиши ва ҳайдовчилар учун Ягона имтиҳон маркази масалалари кун тартибида турган «энг мураккаб ва долзарблари» ҳисобланишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қўмита рақобат нуқтаи назаридан бу каби ҳолатларни назорат қила оладими, унинг ваколатига кирадими ёки йўқми деган масала турибди.
Тожикистон ИИВ Тоғли Бадахшон автоном вилоятининг Рушон туманида террорга қарши операция бошлади. Бунга маҳаллий аҳоли Бадахшон марказига ҳаракатланаётган ҳарбий машиналар йўлини тўсиб қўйгани сабаб қилиб кўрсатилаяпти. Расмий Душанбе намойишчилар халқаро террористик ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланаётганини таъкидламоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Қорақалпоғистонда 0,5 гектар ерни 47 минг долларга, Тошкентда 6 сотих майдонни 14 минг долларга ҳамда Бухорода 4 сотих ерни 9 мингга сотишга уринган шахсларни қўлга олди. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Корхоналар ва таъминот тармоқларининг технологик жараёнларини оптималлаштириш туфайли UzAuto томонидан 108 300 дан ортиқ автомобиль ўз эгаларига топширилди.
Нукусда 34 ёшли шахс 2 кгдан зиёд героинни 90 минг долларга сотаётганда ушланди. Шунингдек, Тошкент шаҳри, Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳам гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев билан бирга вертолётда ўзбек-қирғиз чегарасининг белгиланмаган қисмини кўздан кечирди (фото).
2022/2023 ўқув йили учун ОТМларга қабул квоталарини белгилашга оид президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга кўра, давлат буюртмаси сонини камайтириш таклиф этилмоқда. Хусусан, бакалаврларни тайёрлаш учун 110 278 нафар (2021 йилда — 157 755), магистрларни тайёрлаш учун 11 082 нафар (2021 йилда — 12 900) талабага ўрин ажратиш кўзда тутилмоқда. Молиявий мустақиллик берилган 35 та ОТМ эса тўлов-контракт асосидаги квотани ўзи белгилайди.
5 июнь куни Қозоғистонда мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтади. Тузатишларда президентнинг яқин қариндошларига сиёсий давлат хизматчиси лавозимларини эгаллашни тақиқлаш, Қозоғистоннинг биринчи президенти белгилаган тамойилларнинг ўзгармаслиги ҳақидаги қоидаларни истисно қилиш ва бошқалар таклиф қилинган.
Президент фармони билан 1 июндан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларидаги тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари оширилади. Бир қанча устамалар ҳам жорий этилади. 1 сентябрдан бошлаб тиббий-профилактика муассасалари ходимлари илмий даража учун маошининг 30 фоизидан 60 фоизигача қўшимча ойлик олади.
Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида маст ҳолатда бўлган шахсларга камида 10 ўринли тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ташкил этилади. Шунингдек, ички ишлар органларига наркологик касалликларга чалинганларни мажбурий даволашга юбориш ҳуқуқи берилмоқда. Қолаверса, йил охиригача наркология диспансерларида қўшимча 430 та ўрин яратилади.
Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани «Мўйноқ қўлтиғи»даги қамишзорларда ёнғин юз берди. Қорақалпоғистон Экология қўмитаси ёнғинни ўчириш имкони йўқлигини, чунки қамишзорлар бўйи сув ва ботқоқликдан иборатлигини айтмоқда. Ёнғиндан жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
«Газета.uz» Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги IT соҳасини ўрганаётган ўсмир қизлар билан суҳбатлар уюштирди. Биринчи суҳбатдошимиз, Тошкентдаги ал-Хоразмий мактабининг 9-синф ўқувчиси Мафтуна Маҳкамова нега IT соҳаси келажакни бошқариши, айрим мактабларда ўқувчиларнинг компьютер хоналарига ҳам олиб кирилмаслиги ва қизиқиши бўлмаган одамни IT соҳасига мажбурламаслик кераклиги ҳақида сўзлади.
Биржа нималигини билмайдиган туман ҳокимлари ҳам борлигини танқид қилган Шавкат Мирзиёев, 700 дан ортиқ Nest One қурувчисига маош вақтида тўланмагани, Ўзбекистонда бошланган маҳалла раислари сайлови, Марказий Осиёда иқлим ўзгаришини 2 баробарга тезлаштирган Орол фожиаси ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 17 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Тошкент шаҳар Давлат меҳнат инспекцияси Nest One биносини қураётган «Оzguvn mimarlik inshaat» ва «Оzguven tasarim mimarlik insaat sanayi ve ticar» компаниялари жами 739 нафар ишчига маошини ўз вақтида бермаганини аниқлади. Аввалроқ қурувчилар намойиш ўтказиб, автомобиль йўлини тўсиб қўйганди. Сешанба куни 2,3 млрд сўмдан ортиқ иш ҳақи тўлаб берилишига эришилди ва инспекция ҳар иккала компания раҳбари Гувен Меҳметрага ёзма кўрсатма киритди.
Биржа савдоларни кўпайтириш бўйича ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари Жомбой ва Уйчи туманларида биржа орқали ғишт ҳамда бетон қоришмасини сотган корхоналарни эътироф этиб, ҳокимлар томонидан бу тажриба яхши йўлга қўйилмаганини танқид қилди. «Очиқ айтиш керак, ҳали аксарият ҳокимлар масаланинг ичига кирмаган, биржа нималигини билмайдиган туман ҳокимлари ҳам бор», — деди у. Президент йил охиригача ўз маҳсулотларини биржаларга олиб чиқадиган тадбиркорлар сонини 2 бараварга, маҳсулотлар турини эса 5 бараварга оширишни топширди.
16 май куни Ироқ пойтахти Бағдод ва бир қатор вилоятларни сўнгги бир ойдаги саккизинчи чанг-қум бўрони қоплади. Расмийлар мактаблар, аэропортлар ва давлат идораларини ёпиб қўйди, минглаб кишилар нафас қисиши шикояти билан касалхоналарга мурожаат қилишди.
Самарқандлик фуқаро Қашқадарёнинг Қамаши туманида ижарадаги уйида 50 туп каннабис етиштираётгани аниқланди.
Прокуратура Тошкент шаҳридаги 21-сонли Меҳрибонлик уйи фаолиятини текширгандан сўнг, жиноят иши қўзғатди. Апрель ойида муассаса тарбияланувчилари ходимларнинг биридан норози бўлиб, намойиш уюштирганди. Прокуратура бир қатор қонунбузарликлар, жумладан, маблағларни ўзлаштириш ҳолатларини аниқлади. Меҳрибонлик уйи директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Ўзбекистонда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бошланди. Мамлакатда 9349 та фуқаролар йиғинлари мавжуд. Номзодлар 26,9 минг кишини ташкил этади (ҳар бир ўринга деярли 3 номзод). Биринчи кунда 834 нафар раис сайланган бўлиб, уларнинг 52 фоизи ушбу лавозимга қайта сайланган.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг