Сешанба куни Россиянинг Москва вилоятидаги Митиши шаҳрида 2 ўзбекистонлик ва уй эгаси кўп қаватли бинода чиққан ёнғин туфайли вафот этди. Ёнғинга сигарета қолдиғи ўчирилмагани сабаб бўлгани айтилди.
Президент Сергели туманидаги Қипчоқ кўчасини Яккасарой туманидаги Чўпонота ва Шота Руставели кўчалари билан боғлайдиган янги йўл ва кўприкнинг очилишида иштирок этди. Қурилиш ишлари 2020 йилнинг ёзидан бери олиб борилаётган эди.
Шахматнинг рапид йўналиши бўйича FIDE ўсмирлар жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Умида Омонова (16 ёш) жаҳон чемпиони бўлди, Ҳумоюн Бекмуродов (12 ёш) эса кумуш медали соҳибига айланди.
Ўзбекистон «Чегарасиз репортёрлар» ташкилотининг матбуот эркинлиги рейтингида 24 поғонага кўтарилиб, 133-ўринни эгаллади. Бундай кескин ўзгариш рейтинг методологиясининг янгилангани билан боғлиқ. Мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият олдингидек «мураккаб» дея баҳоланмоқда.
ОТМга ўқишга кириш учун берилган имтиёзлар хатловдан ўтказилиб, уларнинг қатъий рўйхати ягона ҳужжатда шакллантирилиши мумкин. Тегишли президент қарори лойиҳасида ушбу имтиёзларни умумий квотага киритмаслик тўғрисидаги қоидани ўрнатиш ҳам назарда тутилган. Шунингдек, ўқишни кўчириш жараёни рақамлаштирилиши мумкин.
Ўзгидромет прогнозига кўра, 4 май куни Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда. Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмаяпти.
2 май куни Ўзбекистонда фақатгина 1 кишида коронавирус аниқланди. Олдинги кунлари коронавируснинг янги ҳолатлари 20 тача атрофида эди.
Туғруқхоналар олдида, истироҳат боғларида ва тўй-базмларда Микки Маус, Бурундуқ ҳамда бошқа машҳур мультфильмлар қаҳрамонлари костюмларини кийиб олган одамларни учратиш мумкин. Аниматорлар ниқоблари ортида ким яширинади, бу иш учун қанча ҳақ тўлашади ва бундай кийимнинг ичида бўлиш қанчалик иссиқ — «Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам ушбу саволларга жавоб излади.
Апрель ойида товарлар ва хизматлар нархлари 1,47%га қимматлашди. Йиллик инфляция бироз пасайиб, 10,4%га тушди. Озиқ-овқат нархлари олдинги йилларга нисбатан секинроқ, саноат товарлари эса тезроқ ўсган.
Самарқандда «Микрокредитбанк» филиали раҳбари тадбиркорга кредит ажратиб бериш эвазига 10 минг доллар пора талаб қилиб, айтилган сумманинг 6 мингини олаётганда қўлга тушди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
2 май куни эрталаб Ўзбекистонда Рамазон ҳайити намози ўқилди. «Газета.uz» Андижон, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятлари масжидларидан фоторепортаж тайёрлади.
ДХХ Тошкент вилояти Бекобод туманидаги халқаро ўтказиш пунктида Тожикистондан кириб келган юк поезди вагонининг ғилдираклари орасида 1 килограмм 949 граммлик «опий» гиёҳвандлик воситаси борлигини аниқлади. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилди.
2020 йил 1 май санаси сардобаликлар хотирасида ўчмас из қолдирди. Давлат томонидан уларга кўплаб ёрдам берилган бўлса-да, ҳозиргача ноҳақликлар қилингани ҳақида сўзловчилар топилади. 51 ёшли Жумагул Келдиярова «Газета.uz»га сўзлаб берган ҳикоясида сув омбори ёрилганидан кейин ҳаётида бўлган ўзгаришлар, дўконсиз қолгани, Вазирлар Маҳкамасига шикоят қилиб боравергани учун туҳмат билан 5 суткага қаматилгани, маҳаллий аҳоли ишсиз эканлиги, лекин шунга қарамасдан шукур қилиб яшаб келишаётгани ҳақида сўзлади.
Президент ўзининг байрам табригида Рамазон ҳайити дунё аҳлини ўзаро дўст ва биродар бўлиб, тотувлик ва ҳамкорликда яшашга даъват этишини таъкидлади. «Юртимизда барқарорликни таъминлаш, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, қадимий ва ўлмас қадриятларга таянган ҳолда тараққиёт сари жадал одимлаш — давр талабидир», — деди у.
Ўзбекистон ўтган йил августида мамлакатга учиб келган ҳарбий самолёт ва вертолётларни Афғонистонга қайтаришни режалаштирмаяпти, чунки улар АҚШ мулки ҳисобланади ва бу масала расмий Вашингтон томонидан ҳал қилиниши керак. Бу ҳақда «Америка Овози»га берган интервьюсида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев маълум қилди.
1 май куни Чирчиқ шаҳри ўзининг туғилган кунини нишонлайди. Бу йил шаҳар 87 ёшга тўлади. Ушбу сана муносабати билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги Рақамли ривожланиш департаменти Чирчиқдаги бинолар ёши акс эттирилган интерактив харитани тузди. Картограф Жонибек Қутлимратов хаританинг тузилиши жараёни ва Тошкент вилоятидаги энг муҳим шаҳарлардан бирига асос солиниши тарихи ҳақида сўзлаб беради.
Кучга кирган янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари, олд ўриндиқдаги йўловчи ҳам хавфсизлик камарини тақиши шартлиги, пенсия ва нафақалар миқдори 12 фоизга оширилиши, авиаспоттингга рухсат берилиши, ягона тергов ахборот тизими ишга туширилиши, мигрантлар ва уларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатилиши — 1 майдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?
2020 йил 1 май куни Камола Аброрхонованинг илмий иши қўлёзмалари Сардоба сув омбори ёрилиши оқибатида сувда зарарланганди. 15 май куни мирзаободликлар билан мулоқотда президент Шавкат Мирзиёев Камолага истисно тариқасида фалсафа доктори дипломи берилишини маълум қилганди. Камола «Газета.uz»га сув омбори ёрилиши унинг ҳаётини қай даражада ўзгартириб юборгани, ҳозирда кафедра мудири сифатида 35 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчиларга раҳбарлик қилаётгани, доцент бўлгани ва 2 йил давомида бошидан ўтказганларини сўзлаб берди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги «Sputnik Афганистан» агентлигининг Ўзбекистоннинг учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари Афғонистон ҳаво маконини бузиб ўтгани ҳақидаги хабарини рад этди.
Мусулмонлар идораси Рамазон ҳайити намози вақтларини эълон қилди. Ҳайит намози Тошкент шаҳрида соат 05:40 да, бошқа ҳудудларда намоз вақтидаги тафовутни инобатга олиб ўқилади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг