Ўзбекистонда 2022 йил май ойида жорий этилган оқ ва чизиқли кунгабоқар уруғларини экспорт қилишга қўйилган тақиқ бекор қилинди. Мазкур чора уруғчилик корхоналарининг экспорт салоҳиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ўзбекистоннинг давлат ва хусусий қарзни ўз ичига олувчи ташқи қарзи 9 ой якунларига кўра 60,2 млрд долларга етди. Йил бошидан буён бу кўрсаткич 7,2 млрд долларга кўпайди.
Uzbekistan Airways илк бор бир йилда 6 миллион йўловчи ташиди. Юбилей йўловчи Тошкентдан Олмаотага учаётган Қозоғистон фуқароси Николай Курило бўлди. Ўтган йили компания 5 миллион йўловчи ташиганди.
Президент 2025 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади. ЯИМ 6% ўсиши, инфляция 7−8% гача пасайиши кутилмоқда. Консолидациялашган бюджет тақчиллиги чегараси ЯИМга нисбатан 4% дан 3% гача (49,3 трлн сўм) туширилди, ташқи қарз лимити 5,5 млрд долларгача оширилди.
2023 йилнинг кузида очилган Зомин аэропорти вақтинча ёпилди. Бу ерда магистраль самолётларни қабул қилиш учун шароит яратиш мақсадида реконструкция ишлари давом этмоқда.
Сохта тадбиркорлик, нарх манипуляцияси ва солиқдан қочиш схемалари устидан назоратни кучайтириш орқали беш йил ичида яширин иқтисодиётни икки баробар қисқартирмоқчимиз, деди Солиқ қўмитаси вакили. Унга кўра, ушбу чоралар 2025 йилда давлат бюджетига 20 трлн сўм жалб этиш имконини беради.
01 888 BBB автомобиль рақами аукционда рекорд даражадаги 965,25 млн сўмга (тахминан $75 минг) сотилди. Савдо 3 соатдан ортиқ давом этди, иштирокчилар 62 та таклиф киритди.
Республика олий таълим кенгаши хусусий олийгоҳлар контрактдан тушадиган пулларнинг 4 фоизини Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасига ўтказиб беришини истамоқда. Депутат Дилмурод Артиқов бу тўловнинг қайси асос билан жорий этилаётганини сўраб, бош прокурорга сўров юборди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 66,4 млн долларлик кредити Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятида 230 км узунликдаги юқори кучланишли электр тармоғини қуришга йўналтирилади.
Хитойнинг Sheng Ke-International компанияси Тошкент шаҳридаги 1,83 гектар майдондаги мулк ва «Аския» бозори ҳудуди бўйича савдолар ғолиби бўлди. Икки қатнашчи иштирокидаги аукцион 15 дақиқа давом этди ва 225,59 млрд сўмлик битта ставкадан сўнг якунланди.
Uzbekistan Airports Тошкент халқаро аэропорти ҳудудида жойлашган майдонларни ижарага бериш учун тегишли лотларни аукционга жойлаштирди. Тез кунларда пойтахт аэропортининг маҳаллий авиақатновлар терминалида китоб дўкони ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Қорақалпоғистонда 3 та асосий йўналиш — қишлоқ хўжалиги, саноат ва туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилиб, таклифлар тайёрланади ва ҳокимларга етказилади. Президент кўп энергия талаб қилувчи йирик лойиҳаларни ушбу ҳудудда жойлаштириш кераклигини таъкидлади.
Марказий банкнинг бир АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси илк бор 12 900 сўмдан ошди. Йил бошидан буён миллий валюта 2023 йилнинг шу давридаги 10,2% га нисбатан 4,56% қадрсизланди.
Жаҳон банки «Миллий электр тармоқлари» Хоразм вилоятидаги янги қуёш электр станциясидан электр энергияси харид қилиши учун Ўзбекистонга банк кафолати кўринишида 3,5 млн доллар ажратди. Уни Франциянинг Voltalia компанияси қуради.
Тадбиркор, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев президент билан учрашувда пойтахтда «ягона экотизим доирасида» 1200 ўринли олтита янги меҳмонхона очиш режалари ҳақида маълум қилди. Шунингдек, у Кливленддаги Америка тиббиёт маркази билан биргаликда катта клиника қуришни режалаштирган.
Грузиянинг TBC Bank Group гуруҳи вакили Оливер Хьюз банкларга фойдаланувчи маълумотларини «булут»да сақлашга рухсат беришни сўради. Президент ақлий ҳужум ўтказиш ва таклифлар киритишни буюрди. «Гап фуқароларнинг шахсий маълумотлари ҳақида кетяпти… Бу ерда хато қилишга ҳаққимиз йўқ», — деди у.
Ўзбекистонда газ қазиб олиш ноябрь ойида ҳам пасайишда давом этди ва 3,67 млрд куб метргача тушди (2023 йил ноябрига нисбатан -3,3 фоиз). Кўрсаткич 11 ойда деярли 2 млрд куб метрга камайди. Дизель ишлаб чиқариш 37,1 фоизга, бензин 12,4 фоизга, нефть 8,7 фоизга камайди.
Президент фармони билан ҳудудларда юқори иқтисодий ўсишни таъминлашнинг янги тизими йўлга қўйилиши белгиланди. Фармонга кўра, ҳокимликларга балансидаги кўчмас мулкларни муайян шартлар асосида тадбиркорларга тўғридан-тўғри 10 йилга ижарага бериш ваколати берилмоқда.
Ўзбекистон ички газ ишлаб чиқариш ҳажми камайиши ва импорт 1,55 млрд долларга етганига қарамай, газ экспорт қилишни давом эттирмоқда. Йил бошидан буён хорижий давлатларга «кўк ёқилғи» етказиб бериш қарийб 600 млн долларга етди. Хитой 667,4 млн долларлик ўзбек газини импорт қилганини билдирди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг маълум қилишича, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли қурилиши 27 декабрдан бошланиши режалаштирилмоқда. Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ва қўшма темирйўл компанияси лойиҳа бўйича инвестиция битимини имзолади (тафсилотлар).
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг