Ўзбекистоннинг 47 та туманида 70−80 фоиз корхоналарда ишчилар сони 1 нафарни ташкил этмоқда. Президент бунинг учун ҳокимларни танқид қилиб, нима учун корхоналар ижтимоий солиқ ставкаси туширилганига қарамасдан, «адолатли солиқ тўлашга» ўта олмаётганини сўради.
Ўзбекистон Туркманистондан табиий газ импортини ошириш бўйича келишувга эришди. Уч ой ичида 1,5 млрд куб метрга яқин газ импорт қилиниши режалаштирилган, бу эса қиш мавсумида тақчилликни қоплашга ёрдам беради.
Ўзбекистоннинг 2023 йилги давлат бюджети 15 декабрга қадар қабул қилиниши керак эди, бироқ лойиҳа ҳануз жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилмади ва парламентга киритилмади. Ҳукумат кетма-кет тўртинчи йил муддатларни бузмоқда.
Cobalt ва Lacetti`дан кейин UzAuto Motors компанияси Damas ва Labo автомобиллари бўйича шартнома тузишни тўхтатди. Айни пайтда харидорлар учун буджетли автомобиллардан фақат етказиб бериш муддати 2023 йил 31 декабрь бўлган Onix мавжуд.
Тижорат банклари 16 декабрь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 220 — 11 270 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 285 сўм.
Марказий банк ички ва ташқи иқтисодий омиллар ҳисобига нархларга бўлган босим юқори қолаётганини қайд этди. Шунингдек, логистика ва ташиш нархларининг қимматлашуви товарлар ва хизматлар нархига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ялпи таклифдаги айрим узилишлар инфляцияни ошириши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Марказий банк асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди.
ИТИМ таҳлилларига кўра, ноябрь ойида Ўзбекистонда 160 мингга яқин автоулов сотилиб, ойлик ўсиш 41%ни ташкил этди. Ҳудудлар кесими бўйича юқори фаоллик Тошкент шаҳри, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида кузатилди. Шунингдек, маҳаллий автомашиналар 58%га, хорижий автомобиллар сотуви эса 69%га ўсди.
Тижорат банклари 15 декабрь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 230 — 11 280 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса аксарият банкларда 11 310 сўм.
Uzbekistan Airways`ни ислоҳ қилишга Turkish Airlines`нинг собиқ раиси Илкер Айжи жалб қилинди. У Ўзбекистон президентига авиакомпанияни трансформация қилиш стратегияси ҳақида ахборот берди. Uzbekistan Airways`ни етакчи минтақавий авиакомпанияга айлантириш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистонда янги Air Samarkand хусусий авиакомпанияси ташкил этилди. Унинг товар белгисига тадбиркор Бахтиёр Фозилов томонидан таъсис этилган Sam Air компанияси эгалик қилади. Авиаташувчи Россия ва Осиёга 14 та йўналишда парвозларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
ЕТТБ Бухоро вилоятида умумий қуввати 1 ГВт гача бўлган иккита шамол электр станциясини қуриш учун 520 млн долларгача бўлган иккита синдикатланган кредит ажратмоқда.
Марказий банк 1 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда миллий валютадаги пул массаси 0,4 трлн сўмга кўпайиб, 125,1 трлн сўмга етганини маълум қилди. Муомаладаги нақд пуллар қолдиғи эса 2,4 трлн сўмга қисқариб, 41,3 трлн сўмни ташкил этмоқда.
ИТИМ маълумотларига кўра, Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги фаоллик 11 ой давомида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга ошди. Иккиламчи бозорда ўртача нархлар 15,8 фоизга, хусусан, пойтахтда 22,7 фоизга кўтарилди. Шу билан бирга, уй-жой ижараси бозоридаги вазият барқарорлашаётгани қайд этилди.
Ноябрь ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляция бўйича кутилмалари бироз ошди. Респондентлар томонидан валюта курсининг қадрсизланиши, ёқилғи ва энергия ресурслари, шунингдек, импорт қилинадиган хом ашё ва бутловчи қисмлар нархининг қимматлашуви нархларни оширувчи омиллар сифатида қайд этилди.
Тижорат банклари 14 декабрь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 250 — 11 310 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 340 сўм.
Президент қарори билан 1 апрелгача тадбиркорларнинг энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари текширилади. Текширув президент ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишмасдан амалга оширилади.
Тижорат банклари 13 декабрь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 245 — 11 300 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса аксарият банкларда 11 330 сўм.
Ўзбекистон президенти АИ-80 бензинини 2023 йил 1 мартига қадар акциз солиғидан озод қилишни назарда тутган қарорни имзолади. Ҳужжатда «Ўзнефтгазинспекция» ва «Ўзэнергоинспекция»га бизнес омбудсман билан келишмасдан тадбиркорлар фаолиятини текширишга рухсат берилмоқда.
12 декабрь куни Ўзбекистон президенти ОTP Bank банк бошқаруви раиси Шандор Чаньини қабул қилди. Давлат раҳбари «Ипотека-банк»ни хусусийлаштириш бўйича битими муваффақиятли якуни ва Европанинг етакчи банк-молия институти Ўзбекистон бозорига кириб келгани билан банк бошқаруви раисини табриклади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг