Ўзбекистон Филиппин билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади. Филиппин сўнгги икки ой ичида Тошкент музокараларни якунлаган тўртта давлатдан бирига айланди, деди президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Урунов.
Январь-октябрь ойларида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари 12,6 млрд долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга кўпайди. Пул ўтказмалари АҚШдан 37 фоизга, Жанубий Кореядан 71 фоизга, Буюк Британиядан 76 фоизга ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 41 фоизга ўсган.
Президент иштирокидаги йиғилишда банклар балансидаги фойдаланилмаётган иссиқхоналар, қайта ишлаш цехлари ва музлаткичли омборларни бўлиб тўлаш имконияти билан тажрибали тадбиркорларга 3 йил муддатга ишончли бошқарувга бериш таклиф этилди.
Президент Бухоро ҳокимининг ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш режаларидан қониқмади ва инвестиция, камбағаллик ва ишсизликни камайтириш соҳаларини яхшилаш кераклигини айтди. Вилоятдаги ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари 6 ой фавқулодда иш тартибига ўтиб, шу учта йўналиш устида ишлайди.
Ўзбекистонда дала четидан самарали фойдаланган фермерлар тадбиркорлар рейтингида қўшимча балл олиш, ер солиғини иккига бўлиб тўлаш имконияти ва бошқача кўринишдаги имтиёзларга эга бўлади. Ҳар бир маҳаллада камида 100 та хонадонга лимон ва узум кўчатлари тарқатилади.
Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Урунов мамлакат ташкилотга аъзо бўлиш бўйича Хитой билан икки томонлама музокараларни якунлаганини маълум қилди. «22 та мамлакат билан музокаралар тугади, кўп қолмади», — деб ёзди у. Аввалроқ мамлакат АҚШ билан музокараларни якунлаганди.
Президент «Темирйўл транспорти тўғрисида»ги янги қонунни имзолади. Вагон операторлари ва йўловчи ташувчилар нархларни эркин белгилаш имкониятига эга бўлади (давлат томонидан тартибга солинадиган ташувлар бундан мустасно).
Марказий банк шубҳали операцияларнинг олдини олиш учун бир шахсга бериладиган карталар сонини вақтинчалик битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача белгилаш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Тармоқларда 1 кишига 1 та карта берилиши ҳақида тарқалган маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги 1-ярим йилликда ижтимоий соҳа, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлашга режалаштирилганидан кам маблағ ажратди. Мактаб ва шифохоналардаги қурилиш-таъмирлаш ишларига ҳам камроқ маблағ йўналтирилди. Шу билан бирга, давлат аппаратини молиялаштириш ва «бошқа харажатлар» кўпайди.
Энди бир шахс томонидан маълум вақт давомида бир нечта божхона операциялари амалга оширилса, уларни тўлашнинг бош таъминотини тақдим этиш мумкин. Божхона қўмитаси аризани 10 иш куни ичида кўриб чиқади ва бош таъминотни қабул қилиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Сенат қўмитасида Андижондаги истироҳат боғида чархпалак қуриш лойиҳаси тадбиркорлик хусусиятига эга бўлишига қарамай, «Ташаббусли бюджет»нинг овоз бериш босқичига ўтказилгани ва ғолиб деб топилгани кескин танқид қилинди. Ҳудди шундай ҳолат Зарафшондаги аэропорт биносини таъмирлашда ҳам кузатилган.
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов нега баъзи давлатларда хавфсизлик қоидалари ишлаши ва баъзиларида ишламаслигини тушунтирди. «Ғарбда қоида ишлаши улар инсофлироқ эканидан эмас. Агар қаердадир ёнғин ҳолатида чиқиш эшиги ишламай қолса, суғурта компанияси ўша корхона эгасини „бурнидан булоқ“ қилади», дейди у.
Ўзбекистонда озиқ-овқат экспорти 2023 йилга нисбатан 1,2 баробарга ўсиб, 2 млрд доллардан ошди. Аммо 64 та туманда экспорт 2023 йилга нисбатан камайган, ундан 17 тасида 50 фоизга ҳам етмаган. Президент ҳокимларни дунёдаги оғир вазиятни ҳисобга олиб, янги имкониятларни ишга солиш ҳақида огоҳлантирди.
Беҳзод Ҳошимов нега иқтисодчилар инсон умрининг статистик қийматини баҳолашини тушунтирди. «Кулфат юз берганида инсон умри учун қанча компенсация тўланиши керак? Умр — бебаҳо, деган фалсафа билан ёндашсак, компенсация бериш керакмас, деган нотўғри хулосага келиб қолиш мумкин», — дейди у.
Россия президенти Владимир Путин Остона музокаралари якунида Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш режаларини маълум қилди.
Ўзбекистон Марказий банки бир фойдаланувчига бериладиган карталар сонини чекламоқчи. Регулятор раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраевнинг таъкидлашича, айрим мижозлар юзлаб карталарга эга бўлиб, бу фирибгарлар томонидан карталардаги маблағ ўзлаштирилишига олиб келмоқда.
«Адолат» партияси депутати Муҳаммад Валиев сўнгги ойларда пропан нархи кескин ошгани сабабли масъул идораларга сўровлар йўллади. Сўровларда нархлар ошишининг сабаблари, уларни барқарорлаштириш ва нарх шаклланишининг шаффофлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги саволлар кўтарилган.
Президент ҳузурида хорижий инвестиция жалб қилиш соҳасидаги натижалар танқидий таҳлил қилинди. Давлат раҳбари ёндашувларни тубдан ўзгартириш, инвестицияларнинг нафақат ҳажмини, балки сифатини ҳам ошириш зарурлигини айтди. Ҳар бир доллар саноатни ривожлантириши, янги иш ўрни яратиши керак, деди у.
Ўзбекистонга Тошкент атрофидаги қатновлар учун Россияда ишлаб чиқарилган ЭП3Д электропоезди келтирилди, дея хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбари Зуфар Нарзуллаев. Президент янги йил арафасида Бухоро ва Хива ўртасидаги электрлаштирилган линияни ҳам ишга тушириши кутилмоқда.
Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадалларини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг