Марказий банк асосий ставкани 17 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди. Асосий савдо-ҳамкор давлатларда иқтисодий вазият шу жумладан, валюта курсларининг маълум даражада мувозанатлашуви кузатилаётганига қарамасдан, барча макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича ўрта муддатли истиқболда ноаниқлик ва хатарлар даражаси юқорилигича сақланиб қолмоқда, дея қайд этди регулятор. МБ инфляция, пул ўтказмалари ва ЯИМ ўсиши бўйича прогнозларини ёмонлаштирди.
Президент қарори билан юридик шахсларнинг мол-мулк солиғини ҳисоблаш тартибига ўзгартиришлар киритилди. Бундан буён солиқ базасини аниқлашда сўнгги икки йил давомида баҳоловчи ташкилотни жалб қилган ҳолда ўтказилган мол-мулкни баҳолаш натижалари асос бўлади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 22,43 сўмга кўтарилиб, 11 281,80 сўмни ташкил қилди. Евро курси ҳам кўтарилди, рубль курси эса пасайди.
Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида мамлакатнинг «яшил» иқтисодиётга ўтишини осонлаштиришга қаратилган битим имзоланди. Биринчи кредит шартномаси қиймати 150 млн еврони ташкил қилади.
General Motors автоконцерни Россиядан бутунлай чиқиб кетади ва ушбу давлатдаги офиси ходимларини ишдан бўшатади. Шунингдек, дилерларга автомобиллар ва эҳтиёт қисмлар етказиб бериш тўхтатилгани ҳақида хабар юборилган. GM 28 февралда Россиядаги фаолиятини тўхтатиб туришга қарор қилган эди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «Яндекс такси» компаниясининг МДҲ давлатлари бўйича бошқарувчи директори Кирилл Свинцов билан учрашув ўтказди ва унда компанияга Ўзбекистон IT-паркининг резиденти мақомини олишни таклиф қилди.
Кичик тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш учун банкларга 300 млн доллар эквивалентида кредит линияси ажратилади. Маблағларининг камида 70 фоизи шаҳарлардан ташқари ҳудудларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга ажратилади. Кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада, 5 млрд сўмгача миқдорда ажратилади.
«Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ўзининг ўринбосарлари фаолиятини танқид қилди. Унинг иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Ашуров ўз аризасига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Россия ОАВлари маълумотларига кўра, охирги бир ярим ойда Ўзбекистонга 5 мингдан ортиқ россияликлар ташриф буюрган. Натижада февраль ойининг охиридан март ойининг ўрталарига қадар Тошкентда квартира ижарасининг ўртача нархи 15 фоизга ошган. Республикада сўнгги уч ойда ижара ҳақи 0,9 фоизга, яъни 2021 йилнинг мос даврига нисбатан икки бараварга қимматлашган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 18,65 сўмга арзонлаб, 11 259,37 сўмни ташкил этди. Евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги пойтахт марказида 0,26 гектар майдонда жойлашган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тегишли бинони сотувга қўйди. Лотнинг бошланғич нархи — 66,52 млрд сўм этиб белгиланди.
Ўзбекистонда автомактаб хизматлари нархи кескин ошди. Самарқанд вилоятида ҳайдовчилар тайёрлаш мактаблари 2,5 млн сўмлик, Жиззахда 1,6 млн сўмлик ягона нарх белгилашга келишиб олган. Уларнинг нархларнинг паст бўлганлиги ўқитиш сифатига таъсир қилганлигини таъкидламоқда. Эндиликда автомактаблар эгаларининг ўзлари ягона нархларга риоя этилишини текширади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 21,40 сўмга пасайиб, 11 278,02 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Январь-март ойларида Ўзбекистонга 1,47 млрд долларлик пул маблағлари жўнатилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга кўпроқдир. Шунингдек, аҳоли ўртасида хорижий валютага талаб 69% га ошган.
Тошкентнинг Олмазор туманидаги 9,6 гектар майдонда жойлашган Агрегат заводи ер участкасини Build Power компанияси сотиб олди. Бу ерда кўп қаватли арзон уйлар қуриш режалаштирилган. Битим қиймати — 208,7 млрд сўм.
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари апрель ойи бошида 35,15 млрд долларгача қисқарди. Бу пасайиш асосан валюта захираларининг камайиши билан боғлиқ. Олтин захираларининг жисмоний ҳажми ўзгармаган, аммо қиймати озроқ ошган.
Президент қарори билан Ўзбекистонга двигатель сиғими 3 литрдан ортиқ бўлган ҳамда гибрид автомобилларни олиб кириш арзонлашади.
Президент давлат органларига жорий йил якунигача ортиқча харажат қилишни тақиқлади. 2022 йилда ҚҚС бўйича даромадларни ошириб бажарилган қисмидан ҳудудий бюджетларга йўналтириладиган маблағларнинг 40 фоизи, ҳудудларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига келиб тушган маблағларнинг 15 фоизи республика бюджетига қайтарилади. Қолаверса, давлат ташкилотларига автомобиль харид қилиш, бино ва иншоотларни таъмирлаш ҳам тақиқланмоқда.
Ўзбекистонда банклар ўз мижозларига пул маблағларининг исталмаган тарзда блокланмаслиги учун хорижий ҳамкорлари билан халқаро ҳисоб-китобларни санкциялар остида қолган Россия банкларидан бошқа банкларга ўтказишни тавсия қилмоқда.
Президент 1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги ва текширишлар тизими соддалаштирилишини эълон қилди. Унга кўра, айланмаси 1 млрд сўмдан ошган тадбиркорларга ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси автоматик тарзда берилади. Қолаверса, 22 та турдаги текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг