2021 йилдаги молиявий ҳисоботлар таҳлилига кўра, «Навоий кон-металлургия комбинати» энг кўп соф фойда (10 639,8 млрд сўм) олган ва энг кўп дивиденд (9,5 трлн сўм) тўлаган корхона деб топилди. «Ўзтрансгаз» эса энг кўп зарар (2,5 трлн сўм) кўрган ташкилот бўлди. Давлат иштирокидаги 20 та зарар кўриб ишлаган ташкилотлар орасида иккита футбол жамоаси ҳам бор.
Молия вазирлиги Ўзбекистондаги 10 та энг йирик солиқ тўловчи ташкилот бўйича прогноз маълумотларини эълон қилди. Унда Навоий (20,2%) ва Олмалиқ (11%) кон-металлургия комбинати энг юқори ўринларни эгаллади.
Ўзбекистонда майнерлар учун мажбурий рўйхатдан ўтиш, электр энергиясига оширилган тарифлар ва бошқа талаблар жорий этилмоқда. Фақатгина компаниялар майнинг билан шуғулланиши мумкин. Тўлов воситаси сифатида криптовалютадан фойдаланиш тақиқланади.
Россиялик миллиардер Алишер Усмонов ЕИ кенгашининг унга нисбатан санкциялар қўллаш ҳақидаги қарорини бекор қилишни талаб қилиб, Европа судига даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Апрель ойида товарлар ва хизматлар нархлари 1,47%га қимматлашди. Йиллик инфляция бироз пасайиб, 10,4%га тушди. Озиқ-овқат нархлари олдинги йилларга нисбатан секинроқ, саноат товарлари эса тезроқ ўсган.
Рублнинг сўмга нисбатан расмий курси 4,76 сўмга кўтарилиб, 157,52 сўмга тенг бўлди. Рублнинг ушбу курси ўз тарихидаги энг юқори кўрсаткичи ҳисобланади. Доллар расмий курси кетма-кет олтинчи кун пасайиб, 11 161,96 сўмни ташкил қилди. Евро курси эса кўтарилди.
2022 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон аҳолисининг реал даромадлари ўсиши 3,3 фоизгача секинлашди. Ушбу кўрсаткич 2021 йилда 7,7 фоизга тенг бўлганди. Аҳолининг даромадлар таркибида пул ўтказмаларининг улуши камайди. Шу билан бирга, аҳоли жон бошига умумий даромад 3,2 млн сўмгача кўтарилди.
Сенат раиси Танзила Нарбаеванинг фикрича, тижорат банкларида амалга оширилаётган коррупцион ҳолатлар ислоҳотларга соя солмоқда. Шунингдек, у битта банкда жиноят содир қилган банк масъулининг бошқа бир банкка бориб ишга жойлашиши нотўғри эканлигини айтиб ўтди.
Президент фармони билан 1 майдан бошлаб пенсия ва нафақалар 12%га оширилади. Шунингдек, зарур иш стажига эга бўлмаган ҳамда боқувчисини йўқотганлар учун ойлик нафақа миқдори 500 минг сўм этиб белгиланди.
Ўзбекистон Россия олтинини ташқи бозорларда алмаштиришни режалаштирмаяпти, дея таъкидлади инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев РБКга. 2021 йилда бу давлатлар қимматбаҳо металлар экспорти бўйича жаҳон етакчилари қаторидан жой олди.
Марказий банк ўз вақтида қайтарилмаётган кредитлар бўйича қарздорлик тўғридан-тўғри кафилларнинг ҳисоб рақамидан ечиб олинаётгани юзасидан изоҳ берди. МБ кафил бўлаётган фуқароларни ўзи ва қарз олувчининг келажакда йўлиқиши мумкин бўлган молиявий рискларни тўғри таҳлил қилишга чақирди.
Ўзбекистон Молия вазирлиги тадбиркорларга молиявий ҳисоботларни топширишда енгилликлар беришни режалаштирмоқда. Унга кўра, йиллик ҳисоботларни кейинги йилнинг 1 апрелигача, чораклик ҳисоботларни эса ҳисобот давридан кейин 40 кун ичида тақдим этишга рухсат берилиши мумкин.
Президент фармони билан Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги этиб қайта ташкил этилди. Крипто-активлар айланмаси соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш агентликнинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Россиянинг Fix Price дискаунтерлар тармоғи йил бошидан буён Ўзбекистондаги 12 дўконини ёпди, яна 30 таси ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Сўнгги беш йил ичида таълим соҳасида ўртача иш ҳақи 2,5 баробар ошди, бироқ мамлакатдаги ўртача иш ҳақига нисбатан фарқ 16,8 фоиздан 26,5 фоизгача кўтарилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида эса тафовут аста-секин қисқарди, аммо 2022 йил январь-март ойларида у беш йил аввалги кўрсаткичга қайтди.
Бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, гўшт, ўсимлик ёғи ва картошкани олиб кириш ва сотишда қўшилган қиймат солиғининг нол ставкаси 2022 йил охиригача узайтирилиши режалаштирилмоқда, — дея маълум қилди депутат Дониёр Ғаниев. Банан, ананас ва бошқа цитрус мевалари учун импорт божлари имтиёзлари ҳам узайтирилиши мумкин.
Жаҳон банки тадқиқотлари Ўзбекистонда ишга қабул қилиш жараёнида ҳар икки жинс вакилларига нисбатан бирдек кучли дискриминация мавжудлигини кўрсатди. Иш берувчилар иш қидираётганларнинг жинси, ёши ва ташқи кўринишига оид афзалликларга урғу берган ҳолда, камситувчи характерга эга бўлган реклама эълонларини жойлаштирадилар. Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, меҳнат бозорида гендер тенгсизлиги билан боғлиқ стереотиплар жуда кучли.
«Уральские авиалинии» Ўзбекистон ва МДҲнинг яна учта давлатига октабрь ойи охиригача барча рейслар бекор қилинишини маълум қилди. Компания бу қарорни «Европа давлатларининг ҳаво ҳудудини ёпиши» билан изоҳлади.
Қоракўлчилик маҳсулотларини етиштирувчилар учун солиқ ва божхона имтиёзлари 2026 йил 1 январгача узайтирилди.
Андижон вилоятида аҳолини паррандачиликка кенг жалб этиш дастури амалга оширилмоқда. Давлат ОАВлари ҳар 100 та товуқдан 80 таси тухум туғиб, 2 млн сўм (тухум нархи 1500 сўм бўлса) соф фойда келтириши мумкинлиги ҳақида хабар бермоқда. Бироқ айрим аҳоли вакиллари товуқлар 30 донадан кўп тухум қўймаётгани, баъзилари ўлиб кетаётгани ва тухум 700 сўмдан сотилаётгани, шунинг учун ҳам зарар кўраётганини айтишмоқда. Андижон ҳокимлиги ушбу ҳолатлар бўйича муносабат билдирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг