Ўзбекистонда маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ва маҳсулот ишлаб чиқарадиган 8 та завод ишга тушади. Қурилиш жараёнлари 2025 йил январдан бошланиб, заводлар 2026 йил декабрда ишга туширилиши режалаштирилган.
Хитойнинг Sino-Wind Energy компанияси Ўзбекистонда шамол генераторлари учун парраклар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Лойиҳа қиймати 50 млн долларга баҳоланмоқда.
Президент электр энергетикаси соҳасини трансформация қилиш бўйича йиғилиш ўтказди. У 2025 йил энергетика корхоналари учун тежамкорлик ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлади. Ҳар бир энергетика корхонасининг биринчи галдаги вазифаси таннархни камайтириш, деди давлат раҳбари.
2025 йилда Ўзбекистон давлат қарзи 39,7 миллиарддан 45 миллиард долларга (+13,3 фоиз), унга хизмат кўрсатиш қиймати эса 48,1 триллион сўм ёки 3,5 миллиард долларга (+42,8 фоиз) ўсиши прогноз қилинмоқда.
Ўзбекистон ва CNNC компанияси Ўзбекистонда Хитойнинг кичик модулли ядровий реакторларидан фойдаланиш имкониятларини ўрганади. Икки давлат делегациялари уран рудасини қазиб олиш қувватларини кенгайтириш, уни қайта ишлаш ва кейинчалик ёқилғидан АЭСларда фойдаланиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Президентга тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича таклифлар тақдим этилди. Рақамли маркировкалаш ва фискал белгиларни акс эттириш қоидаларини бузиш, ходимлар сонини яшириш учун жавобгарликни, шунингдек, ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтмай ишлаш учун жаримани бекор қилиш режалаштирилмоқда.
Марказий банк раиси UPay`га чеклов киритилишидан олдин компания 3 марта огоҳлантирилганини таъкидлади. Аввалроқ регулятор тўлов ташкилоти фаолиятини 6 ой муддатга чеклаган, корхонанинг она компанияси ҳисобланган Humans эса чекловлар сабабидан ОАВ орқали хабардор бўлганини қайд этганди.
Маҳаллий банклар ёздаёқ АҚШ санкцияларига учраган Ўзбекистон компаниялари билан операцияларни тўхтатди, деди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов. Унинг сўзларига кўра, нисбатан кучли назорат мамлакатга санкциялар хавфини камайтириш имконини бермоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилда долларнинг сўмга нисбатан ўртача йиллик курси 13 250 сўм бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу 2024 йил кутилаётганидан 4,8 фоизга кўп. Миллий валюта курсининг 100 сўмга қадрсизланиши бюджет харажатлари 240 млрд сўмга ошишига олиб келади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси қарорига мувофиқ, тамаки ва алкоголь маҳсулотларига акциз маркаларини қўллаш тартиби белгиланди.
Ўзбекистон газ, нефть ва бензиннинг асосий қисмини Россиядан импорт қилади. Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов таъминотдаги бир мамлакатга қарамлик ҳақидаги саволга жавоб бериб, бу хатар эканини тан олди ва логистикадаги узилишлар ички нархларга таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлади.
Ўзбекистон АҚШ билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади. Президентнинг ЖСТ бўйича махсус вакили Азизбек Уруновнинг айтишича, музокаралар 14 ой давом этган. «Бу осон бўлмаган йўл, умр бўйи эсда қоладиган тажриба бўлди», — деб таъкидлади у.
2025 йилда Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни инфляциядан паст бўлмаган даражага ошириш режалаштирилмоқда (инфляция прогнози 7 фоиз). 2024 йилда иш ҳақи ва пенсияларни ошириш учун режалаштирилганидан камроқ маблағ ажратилди.
Тошкентда 2025 йилда Чорсу майдонини реконструкция қилиш бошланади. Эски меҳмонхона ўрнида 29 қаватли янги меҳмонхона, бизнес-марказ ва турар-жой биноларидан иборат лойиҳа қад ростлайди. У 170 млн долларга баҳоланган. Лойиҳа Германиянинг Tchoban Voss Architekten компанияси томонидан ишлаб чиқилган.
Партия рўйхати бўйича депутатликка сайланган бош вазир ўринбосари, вазир ёки давлат органи раҳбарларининг бирортаси ҳам Қонунчилик палатаси депутати бўлиш учун ўз лавозимини тарк этмайдиган бўлди.
Октябрда Ўзбекистонда инфляция даражаси 0,84 фоизни ташкил қилди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, бу ойдаги инфляция 2010 йилдан бери ҳеч қачон 1 фоиздан пастга тушмаган. Йиллик инфляция 10,24 фоизгача пасайди. Ой давомида гўшт (1,2 фоиз), помидор (16,5), бодринг (33,2) қимматлади.
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов регулятор ҳисоб-китобларига кўра, валюта курси 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3−0,4 фоиз пункти даражасида таъсир қилиши мумкинлигини айтди. У, шунингдек, келаси йил олтин нархи ҳозиргидан қисман пасайиши кутилаётганини таъкидлади.
Президент Навоий вилоятида янги лойиҳаларни ишга тушириш маросимида қатнашди. Хусусан, Конимехда ёнувчи сланецларни қазиш ва қайта ишлаш, Карманада қуёш фото электр станцияси ва электр энергиясини сақлаш тизими лойиҳалари қурилиши бошланди. Навоий шаҳрида пахта целлюлозаси корхонаси ишга тушди.
Марказий банк 5 фоизлик инфляция бўйича таргетга эришиш муддатини учинчи бор кечиктирди. МБ раиси барқарор институционал шароит яратмай туриб, ялпи талабни чекловчи кескин чоралар кўриш иқтисодий фаоллик ва молиявий барқарорликка жиддий хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлади.
Сўм учинчи ойдирки, долларга нисбатан бироз қадрсизланмоқда. Октябрь ойи охирида доллар курси 59 сўмга (+0,46%) мустаҳкамланди. Умуман олганда, йил бошидан буён миллий валюта ўтган йилнинг шу давридаги 8,8 фоизга нисбатан атиги 3,5 фоиз девальвацияга учради.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг