Шавкат Мирзиёев бозор механизмлари асосида кредит ставкаларини камида 2−3 фоизга тушириш муҳимлигини қайд этди. «Банклар ресурс йўқлиги сабабли кредит фоизи юқори, дейишга ўрганиб олган. Ваҳоланки, муаммоли кредитларни ундиришнинг ўзидан 25 трлн сўмлик кредитга ресурс топса бўлади», — деди у.
Тошкентда трамвай йўлларини лойиҳалаш ва қуриш кўп вақт талаб этади, шунинг учун каттароқ эффектга чиқиш учун аввалига кўп сиғимли автобуслар сотиб олинди, деди Транспорт вазирлиги вакили. У, шунингдек, транспорт ҳаракатларининг нотўғри ташкил этилиши ва бошқа масалалар ҳақида ҳам гапирди.
Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда 2023 йилда бюджетдан 1,2 трлн сўмлик ноқонуний харажат ҳамда 200 млрд сўмлик камомад ва ўғриликлар бўлгани қайд этилди. Қўшиб ёзиш, пул ўзлаштириш, ўзига ўзи бир неча карра кўп мукофотлар ёзиш шулар жумласидан.
Шавкат Мирзиёев бюджет маблағларини иқтисод қилиш иш ҳажмини қисқартириш эмас, балки лойиҳани тўғри қилиш, «шиширилган» харажат ва ортиқча ҳашаматни кесиш ҳисобидан бўлиши кераклигини таъкидлади.
Президент Божхона қўмитасига имтиёз билан импорт қилинган товарларни корхонабай ўрганиб чиқиш топшириғини берди. 2023 йилда импорт қилинган 20 млрд долларлик товарларга салкам 60 трлн сўмлик имтиёз берилиб, уларнинг 3,2 трлн сўми ўрганилганда 13 фоизи мақсадсиз қўллангани аниқланди.
Давлат солиқ қўмитасида Бюджет ташкилотлари инспекцияси ташкил этилиб, 40 мингта бюджет ташкилоти билан ишлаш вазифаси тумандан унга ўтказилади. Қўмита қошида Солиқ қарзини ундириш инспекцияси, Йирик солиқ тўловчилар бўйича инспекция таркибида эса янги тузилма ташкил қилинади.
Шавкат Мирзиёев 2024 йил иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлади. Президент ЯИМни камида 6 фоизга кўпайтириш, шунингдек, йирик тармоқларда таннархни 20 трлн сўмга камайтириш зарурлигини қайд этди.
Президент раислигидаги йиғилишда иқтисодий комплекс раҳбарларига ойлик, чораклик ва йиллик самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилиши маълум қилинди. Иш ҳақи ҳам уларнинг ижросига боғланади.
Президент «замонга муносиб фикрлаш, қарор қабул қилишда тезкорлик етишмаётгани» сабаб ҳукуматнинг иқтисодий комплексдаги ўринбосарлар сонини 15 фоизга (ҳозир улар 40 нафар) қисқартириш тўғрисида топшириқ берди.
Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда 2023 йилда иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилгани маълум қилинди.
Инвестициялар, саноат ва савдо бўйича ҳукумат комиссиясига 2027 йилгача Ўзбекистон электротехника саноати корхоналарини қўшимча қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш ва уларни амалга ошириш учун бюджетдан маблағ олиш ҳуқуқи берилади.
Ўзбекистонда баҳоргача тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда. У электрон шаклда бўлади ва юқори рейтингга эга тадбиркорларга қатор имтиёз ҳамда преференциялардан фойдаланиш имконини беради.
ЎзПФЛ директори Диёр Имомхўжаев «Пахтакор» ва «Сурхон» футбол клублари хусусийлаштириш арафасида эканини айтди. «„Сурхон“ аслида бир йил олдин хусусийлаштирилиши керак эди, лекин клубда бундан аввал ишлаган одамларнинг баъзи хатолари бор, прокуратура буни ўрганмоқда», — деди у.
Оҳангарондаги технопарк негизида Eltech Industrial технопарки ташкил этилмоқда. Мақсад — «янги турдаги электротехника маҳсулотлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ўзлаштириш». Шунингдек, Сурхондарёда 2 гектар қишлоқ хўжалиги ер майдони ошхона ҳаво тортиш қурилмалари ишлаб чиқариш учун ажратилади.
Ўзбекистон ҳукумати хорижий товарларнинг (ҳозирда 520 дан ортиқ товарга тақиқ қўйилган) давлат харидларида иштирок этишига чекловларни кучайтиришни ва маҳаллий компанияларга, жумладан, электротехника ишлаб чиқарувчиларга кўпроқ имтиёзлар беришни режалаштирмоқда.
Испаниядаги Santander банкининг минтақавий менежери Давид Плаза Ўзбекистон банк хизматлари бозорига киришга қизиқиш билдирди. Шунингдек, банк Ўзбекистонга 500 млн доллар миқдорида кредит маблағларини ажратишга тайёрлигини маълум қилди.
1 февралдан Ўзбекистонга музлаткич, радиатор, чангюткич, кир ювиш машинаси, телевизор ва бошқа жиҳозларни олиб киришда ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакиллари ёки расмий дилерлари бўлиши талаб қилинади. Улар, шунингдек, хизмат кўрсатишлари ҳам керак бўлади.
Тадбиркорлар томонидан саккиз турдаги ўзаро такрорланувчи ҳисобот ва статистик маълумотларни тақдим этиш талаби бекор қилинди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига тақдим этиладиган ҳисоботлар ва статистик маълумотларнинг ягона рўйхати тасдиқланди.
2023 йил якунларига кўра, Қозоғистондан Ўзбекистонга кўмир импорти 1,4 млн тоннага ошиб, 3,1 млн тоннага (+82,3 фоиз) етган. Қирғизистон кўмири эса 10 ойда икки баробар кўпайган — деярли 900 минг тоннагача. Январь-ноябрь ойларидаги етказиб бериш ҳажми қиймат жиҳатдан 189,2 млн долларга баҳоланмоқда.
Президент фармони билан 2024 йил 1 мартдан бошлаб 22 турдаги лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар бекор қилинади. 7 та турдаги рухсатномалар тўлиқ бекор қилинади, яна 12 таси бирлаштириш йўли билан бекор қилинади, 3 таси эса хабар бериш тартиби билан алмаштирилади. Тўлиқ рўйхат.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг