«Ташаббусли бюджет» жараёнининг жорий йилги 2-мавсуми 17 июлдан бошланади. Бу мавсум учун туман (шаҳар) бюджетлари ҳисобидан 1 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши кутилмоқда.
Марказий банк Ўзбекистон халқаро захиралари бўйича тарқалаётган хабарларга берган муносабатида захиралар 11,3 ойлик импортни қоплашга етишини билдирди. Бу минимал талабдан қарийб 4 баробарга кўп. Кўрсаткич йил бошидан буён 2 млрд долларга камайган.
Дилшод Азимов «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси в.б. этиб тайинланди. Аввалги раҳбар Соҳиб Саифназаров президент топшириғи билан ишдан бўшатилганди.
Давактив «Биокимё» АЖ устав капиталидаги 51 фоиз ва «Андижон биокимё заводи» АЖдаги 76 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёни бошланганини эълон қилди. Корхоналарнинг устав фонди 9,6 млрд ва 24 млрд сўм, иккала заводнинг ҳам ишлаб чиқариш қуввати йилига 1,83 млн декалитрни ташкил этади.
Ҳукумат иш ҳақини натура шаклида тўлаш тартиби бўйича қарор қабул қилди. Унга кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан ўзи ёки оиласи истеъмоли учун озиқ-овқат маҳсулотлари бериш, уй хизматчилари билан эса озиқ-овқат ва вақтинча яшаш учун уй-жой билан таъминлаш шаклида ҳисоб-китоб қилиш мумкин бўлади.
Канокпан Лао-Арая Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори бўлди. Бунгача у банкнинг Қирғизистондаги ваколатхонасини бошқарган.
Тижорат банклари 14 июль куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 525−11 590 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 630−11 640 сўм.
UzAuto Motors`нинг Асакадаги заводи 17 июлдан тўлиқ қайта ишга тушади. Компания матбуот хизмати ҳозирда линиялар босқичма-босқич ишга туширилаётганини маълум қилди. Ой бошида завод фаолияти модернизация ишлари сабаб вақтинча тўхтатилганди.
Июнь ойида Ўзбекистон автомобиль бозорида 123 минг дона автомобиль сотилди, бу май ойига нисбатан 21 фоизга кам. Сотувлар бирламчи бозорда ҳам, иккиламчи бозорда ҳам пасайди. Шу билан бирга, хориж автомобиллари ва электромобилларга талаб ортди.
2023 йил октябридан Ўзбекистонда эксклюзив ҳуқуқлар берилган компаниялар реестрини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу реестрни юритиш ва камситмаслик шартларига риоя этилишини назорат қилишга Рақобат қўмитаси жавобгар бўлади. Қўмита «Биз сизни тинглаймиз» лойиҳасини ҳам амалга оширади.
Ўзбекистонда кутилаётган инфляция кетма-кет бешинчи ой пасаймоқда. Марказий банкнинг инфляцион кутилмалар бўйича июнь ойида ўтказилган сўровида бизнес ва уй хўжаликлари келгуси 12 ой ичида нархларнинг ошишига асосан валюта курсининг ўзгариши таъсир қилишини қайд этган.
Тижорат банклари 13 июль куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 535−11 590 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 650 сўм.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича делегацияси мамлакатнинг ташкилотга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг 7-йиғилишини ўтказиш учун барча фундаментал ҳужжатлар тўпламини тайёрлади. Йиғилиш сентябрь-октябрь ойларида ўтказилиши мумкин.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон Россияга газ учун қанча тўлашини очиқлай олмаслиги, лекин миллий манфаатлар, бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, рақобатбардош нархлар белгиланганини таъкидлади.
Ўзбекистонда табиий монополиялар, жумладан, электр энергияси, газ, алоқа, йўллар ва авиация билан боғлиқ соҳаларда босқичма-босқич мустақил бозор регуляторлари институти жорий этилади. Рақобат қўмитаси 2025 йилгача бу бозорлардаги тарифларни тартибга солишни уларга топшириши керак бўлади.
Экспортга қўйилган чеклов бекор қилингач, Ўзбекистон четга рекорд даражада кўп пиёз юборди. Март ойи ўрталаридан июнь охиригача ташқи бозорларга 222,8 минг тонна пиёз жўнатилган, бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 53 фоизга кўп. Маҳсулотнинг 90 фоизи Россия ва Қозоғистонга сотилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўз фаолиятида бевосита президентга ва Сенатга ҳисобдор этиб белгиланди. Қўмита ҳар йили иқтисодиётда рақобат муҳити ва истеъмолчилар ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисида ҳисобот бериб боради.
Тижорат банклари 12 июль куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 515−11 570 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 620−11 635 сўм.
Ўзбекистон Инвестиция вазирлигида ҳар бир янги инвесторга ҳамроҳлик қилиш учун «инвестиция менежери» лавозими жорий этилади. Улар бевосита вазирга бўйсунади ва хорижий инвесторлар билан доимий алоқада бўлиб, юзага келган масалаларни ҳал қилиб боради.
Рақобат қўмитаси раиси Шоҳруҳ Шораҳмедов Uzum ва Click компаниялари қўмита рухсатисиз бирлашса, жазога тортилишини маълум қилди. Аввалроқ компаниялар ўзаро бирлашгани тўғрисида қўшма баёнот берган, кейинроқ эса қўмита ҳали бирлашув бўйича расмий битим тузилмаганини билдирганди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг