Ўзбекистон сўнгги 4 ой мобайнида хориждан 38,5 млн долларга 124,8 минг тонна ун сотиб олди. Шундан энг катта қисми (122,8 минг тонна) Қозоғистон ҳиссасига тўғри келмоқда. Қолаверса, Россиядан 1,9 минг тонна, АҚШдан 50 тонна, Ҳиндистон ва Франциядан эса 2 тонна атрофида ун импорт қилинди.
Жаҳон банки ҳисоботига кўра, 2025 йилга бориб Ўзбекистонда ҳокимиятни шахсий манфаатлар эгаллаб олиш хавфи максимал даражага етиши кутилмоқда. Ташкилот махсус ва ношаффоф имтиёзлар беришни асосий хусусиятлардан бири деб билади. Маслаҳатлашувлар чоғида тадқиқотчилар ер ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнлари билан боғлиқ юқори ташвишларни қайд этдилар.
Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига аҳолиси коррупция бўйича энг кўп мурожаат қиладиган ҳудудлар ичида Андижон 1-ўринни эгаллади, дея маълум қилди Антикоррупция агентлиги. 2021 йилда ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш каби жиноятларни содир этганларнинг 4 нафарини вилоят ҳокимлиги, 18 нафарини туман ва шаҳар ҳокимликлари ходимлари ташкил қилган.
National Interest нашри Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистон пахтасига бойкотни тўхтатганидан сўнг Adidas, H&M, Gap, Zara ва бошқа халқаро брендлар мамлакат тўқимачилик маҳсулотларини харид қилишни қайта йўлга қўйиши мумкинлигини таъкидлади. Ўзбекистон пахтасининг йирик импортичиси Россиядаги молиявий санкциялар, инфляциянинг ўсиши ва истеъмол бозорининг қисқариши натижасида мамлакат янги харидорларни излашига тўғри келиши айтилган.
Ўзбекистон январь-апрель ойларида қиймати 21,8 млн долларлик 734 та электромобиль импорт қилди. Уларнинг кўпи Хитойдан келтирилган. 2021 йилнинг мос даврига нисбатан электромобиль импорти 5 баробарга ошди.
«Трастбанк» акциядорлари Дилмурод Парпиев ва Тохир Шарипов банкдаги улушларини оширди. Уларнинг ҳар бири 8,3% дан акцияларни сотиб олди. Битим 231,5 млрд сўмга баҳоланган. Тадбиркорлар бир қатор лойиҳалар, жумладан, Food City мажмуаси билан боғлиқ лойиҳаларнинг ҳамтаъсисчилари ҳисобланади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда ИТСВ вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси кўмагида Эссен шаҳрида жойлашган Европадаги энг йирик поябзал ишлаб чиқарувчи Deichmann компанияси билан учрашув ўтказди.
Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев бир марталик моддий ёрдам кимларга ва қандай берилиши, нима учун тошкентликлар кўпроқ олиши ва пуллар қайси маблағлар ҳисобидан ажратилишини маълум қилди. «Тўловлар автомат равишда амалга оширилади. Ҳеч қандай ариза ёки мурожаат талаб қилинмайди», — деди у.
Ўзбекистон Метан бўйича глобал мажбурият дастурига қўшилди. ЕТТБ мамлакатга метан чиқиндиларини камайтириш бўйича миллий дастурини ишлаб чиқишига ёрдамлашади. Асосий эътибор энергетика, қаттиқ маиший чиқиндилар ва агробизнесга қаратилади.
Президент ҳокимларнинг иш ўринлари яратиш бўйича режалари қониқарсиз эканлигини танқид қилди. Вилоят ҳокимларига қўшимча 110 минг иш ўрни ташкил этиш, камида 1 млрд долларлик экспорт учун шароит яратиш вазифаси қўйилди. Бундан ташқари, ЭИЗлардаги лойиҳаларни экспертиза қилиш ваколати ҳамда саноат зоналарнинг маъмурий кенгашлари ваколати Инвестициялар вазирлигига ўтказилди. Зоналардаги ерлар энди ҳокимликлар томонидан эмас, балки дирекциялар томонидан аукционга қўйилади.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда 2026 йилгача камбағалликни икки баравар қисқартириш чора-тадбирлари ҳақида гапирди. Энергия ресурслари нархларини эркинлаштириш ва самарасиз субсидияларни камайтириш билан бир вақтда давлат ресурсларини янада кўпроқ ижтимоий лойиҳаларга йўналтириш, хусусий секторни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, давлат корхоналарини хусусийлаштиришни жадаллаштириш ва бошқалар кўзда тутилган.
15 июндан бошлаб хўжалик юритувчи субъектларнинг банкларда очилган махсус мақсадли ҳисобварақлари ёпилади. Ёпилгандан кейинги қолдиқ уларнинг асосий ёки иккиламчи ҳисобига ўтказилади.
Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги Элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов Германиянинг Дюсельдорф шаҳрида Европанинг C&A компанияси вакиллари билан учрашди.
Январь-апрель ойларида Ўзбекистон Хитойга 132,8 млн долларлик табиий газ етказиб берди. Натижада мамлакат Хитойнинг газ импортёрлари орасида кучли бешликка кирди. Аввалроқ, расмийлар ёқилғи экспортин ички бозор ва қайта ишлаш фойдасига қисқартирилиши ҳақида маълум қилган эди.
Жаҳон банки гуруҳи 2022−2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон билан янги ҳамкорлик дастурини қабул қилди. У учта стратегик мақсадга қаратилган — хусусий секторда инклюзив бандликни ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ва «яшил» иқтисодий ўсиш ҳисобига фаровонликни ошириш ва барқарор ривожланиш.
25 май куни Қўқон шаҳрида Yandex Go такси хизмати ишга тушди. Эндиликда ушбу хизмат Фарғона водийсининг барча йирик шаҳарларини қамраб олади.
Uzbekistan Airports Тошкент халқаро аэропортининг учиб кетиш терминалида янги «Fast Track» хизмати ишга туширилганини маълум қилди. 170 минг сўм эвазига рейсга рўйхатдан ўтиш, божхона ва паспорт назорати, шунингдек, парвоз олдидан текширувлардан навбатсиз ўтиш мумкин.
Фуқаролар Марказий банкка тижорат банклари «номаълум сабабларга кўра» кредит ажратмаётганидан шикоят қилишмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, рад этиш вақтида банк ходимлари қарз олувчилар «қора рўйхат»га киритилганини маълум қилишмоқда. МБ гап мижознинг кредит тарихи ҳақида кетаётганини билдирди.
Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида мамлакатдаги иккинчи энг йирик (100 МВт) қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди ва ягона тармоққа қувват узатишни бошлади. Бу билан йилига 78 млн куб метр табиий газ тежалади (мамлакат аҳоли хонадонларининг 10 кунлик истеъмоли) ва 80 мингдан ортиқ хонадон электр энергияси билан таъминланади.
UzAuto Motors компанияси 2021 йилда тузилган шартномаларга мувофиқ, 68 та дилерлик ташкилотлари орқали 5 мингдан ортиқ ҳолатда харидорларга машиналарни ўз вақтида етказиб бермагани аниқланди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги кечиктирилган ҳар бир кун учун истеъмолчиларга пеня тўлатиш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг