Korzinka супермаркетлар тармоғи «энг арзон нарх» иборасидан фойдаланишни қоидабузарлик деб ҳисобламаслигини таъкидлади. Компанияга кўра, дастур «вақтинчалик реклама эмас, балки янги нарх стратегияси» бўлиб, унда энг паст нархлар «узоқ муддатли ва ҳар куни» таклиф этилади.
Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонда ипотека кредитлари ҳажми қарийб 2 фоизга — 6,88 трлн сўмга, олувчилар сони эса 17,3 фоизга қисқарди. Шу билан бирга, ажратилган ипотека кредитларининг ўртача миқдори ва банк фоиз ставкалари ҳам ошди.
BYD Uzbekistan Factory хитойлик ҳамкорлар билан Ўзбекистонда янги автомобиль моделларини ишлаб чиқариш бўйича шартномалар тузди. BYD Seagull ва E2 эҳтимолий ишлаб чиқариш учун тақдим этилган ва лабораторияларда синовдан ўтказилмоқда.
Антикоррупция агентлиги UzAuto Motors ўтказган 1,3 млрд сўмлик давлат харидида қонун бузилиши ҳолатини аниқлади. Тендерда иштирок этган икки корхона раҳбарлари яқин қариндош бўлган. Ҳозирда харид натижаларини бекор қилиш, айбдорларга чора кўриш ишлари олиб борилмоқда.
Солиқ қўмитаси сунъий интеллектга асосланган DavrOn номли виртуал ёрдамчини ишга туширди. У солиқ тўловчиларга тегишли маълумотлар ва солиқ ва солиққа тортиш масалалари бўйича персонал маслаҳатлар бериши мумкин. Бу қўмитанинг СИга асосланган учинчи хизматидир.
Январь-июнь ойларида умумий пул тушумлари 385 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилга қараганда 30 фоизга ўсди. Банк карталаридаги пулларнинг 23 фоизи нақдлаштириб олинди (2023 йилнинг мос даврида 24 фоиз эди). Нақд пуллар улуши 3,7 фоиз бандга пасайиб, 21,1 фоизни ташкил қилди.
Энди янги АГТКШлар қуриш учун табиий газ тармоқларига уланиш бўйича техник шартлар ва лицензия фақат Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Энергетика вазирлигининг тақдимномасига кўра берилади. 1 январдан бошлаб эса «UZINFOCOM» автоматлаштирилган тизимларига уланиш талаби мажбурий ҳисобланади.
Рақобат қўмитаси 40 га яқин пахта тўқимачилик ва ёғ-мой кластерлари томонидан юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг нархлари сунъий оширилганини аниқлади. Улар маҳсулотларни биржага жойлаштириш қоидаларини бузиб, 20 млрд сўм асоссиз даромад олган. Кластерларга нисбатан иш очилди.
Рақобат қўмитаси томонидан «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари» АЖга нисбатан иш қўзғатилди. Корхона «Баҳоуддин Нақшбанд» ёдгорлик мажмуаси маркази учун электр энергия тарифларини ошириб қўллаган. Бунинг оқибатида 115 млн сўмлик қўшимча тўлов ҳисобланган.
Йил бошидан буён Ўзбекистон уй-жой бозорида савдолар сони 5,7 фоизга камайди. Нархларнинг ўсиш суръати секинлаша бошлади ва ўтган ойда атиги 0,3 фоизга ошди, Тошкентда эса ҳар квадрат метр учун 1142 долларгача — 1,1 фоизга пасайди.
Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджети ижроси ташқи аудитдан ўтказилади ва натижаси бўйича тегишли хулосалар тайёрланади. Шунингдек, 2025 йилдан устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган йирик ташкилотлар фаолиятини аудитдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.
Июнь ойи якунига кўра, Ўзбекистонда 77,6 мингта енгил автомобиль олди-сотдиси рўйхатга олинди, бу 2021 йил декабридан бери энг паст кўрсаткичдир. Энг юқори пасайиш минилган автомобилларга тўғри келди.
Фарғона вилоятида раҳбарларнинг масъулиятини ошириш бўйича янги тизим жорий этилади, деди президент Қувадаги йиғилишда. Вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари, 19 та туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар куни 5 нафар тадбиркор ва инвесторни қабул қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этади.
Андижон биокимё заводи устав капиталидаги 96 фоиз давлат акциялар пакети 101,3 млрд сўмга Jasminе Gold Group’га сотилди.
Рақобат қўмитаси апрель ойи охирида Андижон вилоятида ишга туширилган Shangfeng — Bridge of Friendship Ўзбекистон-Хитой цемент заводига нисбатан иш очди. Бошқа цемент ишлаб чиқарувчилари завод маҳсулотни таннархидан арзон сотаётганидан шикоят қилди.
Ўзбекистонда электр энергиясини ҳисоблашнинг янги биллинг тизими 1 августдан жорий этилади. Ҳозирда у Яккасарой туманида синов тарзида ишга туширилган. Унда абонент паспорт маълумотларидан ташқари, кадастр ва ҳисобрақамлар ҳақидаги ахборотлар ҳам акс этади.
Ўзбекистонда тадбиркорларга 2023 йил 1 январдан 2024 йил 30 июнгача берилган чеклар суммасига тузатишлар киритишга рухсат берилди. Солиқ органлари чеклар бўйича сўровларни 25 июлгача қабул қилади.
Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятида янги лойиҳаларнинг қурилиши ва ишга туширилишини бошлаб берди. Улар орасида «Қўқон» ЭИЗдаги 370 млн долларлик корхоналар ва Фарғона туманининг чекка ҳудудларидаги кичик гидроэлектр станциялари ҳам бор.
Ўзбекистонда пенсия таъминоти қамрови юқори норасмий бандлик туфайли атиги 38 фоизни ташкил этади. Бошқа давлатларга нисбатан пенсия бадаллари юқори даражада (12−25 фоиз), тўловлар эса ўртача даражада. Стратегик ислоҳотлар агентлиги мамлакатнинг пенсия тизимини такомиллаштириш йўлини ўрганди.
Президент қарори билан, Қувасой шаҳри ҳокимлиги захирасидаги 210 гектар ер ҳисобига «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси ҳудуди кенгайтирилади. Янги ҳудудда 2026 йилгача камида 1 млрд долларлик инвестициялар ўзлаштириш, 11,7 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг