Қирғизистон парламенти спикери Нурланбек Шакиев давлат мадҳияси эскирганини айтиб, у қайта ёзилишини билдирди. «Мадҳиямизни 5 ёшдан 95 ёшгача бўлган барча фуқаролар осон куйлаши учун қайта ёзамиз», — деди спикер.
Халқаро жиноят суди (ХЖС) Мўғулистон халқаро қамоққа олиш ордери амал қилаётган Россия президенти Владимир Путинни ўз ҳудудида ҳибсга олмасдан, Рим статутини бузганликда айблади. Путин сентябрь ойида Мўғулистонга ташриф буюрганди.
Элёр Олтиев Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У бунга қадар Миллий тиббиёт маркази директорининг ҳудудлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Ўзбекистонда пробация хизматининг катта инспектори ва инспекторига пробация назоратидаги шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомани тузиш ваколати берилмоқда. Бу кўзда тутилган қонунни Сенат маъқуллади.
АҚШнинг SpaceX ва Буюк Британиянинг Surrey Satellite Technology компаниялари Ўзбекистоннинг миллий космик дастурини ишлаб чиқишда эксперт маслаҳатларини беради.
Yandex Uzbekistan ва Express24 ягона технологик платформани яратиш бўйича битим имзолади. Бунда Yandex Go`даги Eats ва Express24 хизматлари ягона технологик платформага ўтади. Express24 иловаси ўз фаолиятини давом эттиради.
Буюк Британия 2025 йил 1 июндан бир марталик вейпларни сотишни тақиқлайди. Бу чора ўсмирларни ҳимоялаш ва атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга қаратилган. Тақиқнинг киритилиши жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди.
Самарқанд вилояти Булунғур туманида 7-синф ўқувчиси «Жигули» машинасини миниб, йўл четидаги ариққа тушиб кетди. У оғир жароҳатлар билан шифохонада вафот этди. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилди.
Янги ташкил этилган Миграция агентлиги 2026 йилгача фуқароларни хорижга юбориш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функцияларини хусусий бандлик агентликларига ўтказади. Иш таклифлари очиқ эълон қилинади, сайтда резюме шакллантириш имкони пайдо бўлади. Мигрантларга 10 млн сўмгача микрокредит берилади.
Сурхондарё вилоятида газ таъминоти ходими икки нафар танишининг уйига газ баллонларини яшириб, ноқонуний равишда маҳаллий аҳолига оширилган нархда сотиб юргани маълум бўлди. Жами 120 га яқин баллон топилди.
Қозондаги БРИКС саммити давомида 13 та давлат бирлашманинг ҳамкор давлатлари мақомини олиши ҳақида сўз борди. Улар қаторида Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон ва Беларусь бор.
Суперлига 21-тури доирасидаги «Локомотив» — «Бунёдкор» баҳси танаффуси вақтида ИИБ ходимлари стадиондаги VAR машинаси ва автомобилларни олиб чиқишни буюрди. Талабга қаршилик қилган ўйин комиссарининг телефони олиб қўйилиб, ўзи мажбуран бўлинмага олиб кетилди. Ходимларга хизмат текшируви тайинланди.
Андижон туманида трансформатор пунктидаги қисқа туташув сабаб 20 та хонадон электр энергиясидан фавқулодда узилди. Тармоқда тарқалган видеода ҳисоблагичларда ёнғин чиққанини кўриш мумкин. ҲЭТ янги ҳисоблагичлар ўрнатиш ишларини бошлади.
Бир қатор Британия ҳамдўстлиги давлатлари 17−19 асрлардаги трансатлантик қул савдоси учун Британиядан компенсация ундириш масаласини кўтаришни режалаштирмоқда.
Президент Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан ИИВ тизимидаги бир гуруҳ хизматчиларни мукофотлади. Хусусан, собиқ вазир Закиржон Алматов хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи унвонини олди.
Bond Investments компанияси (БАА) «Пойтахт банк» акцияларининг 100% эгасига айланди. Июнь охирида Давактив шу инвестор билан банкни 10 млн долларга сотишга келишилгани ҳақида хабар берганди.
Туркияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари, айниқса, одамлар гавжум жойларда эҳтиёт бўлишга чақирилди. Мамлакатдан кетаётганлардан аэропортларга бир соат олдин етиб келиш сўралди. Теракт ортидан Анқарада хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Президент фармони билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги тугатилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миграция агентлиги ташкил этилди. 2025 йилдан ташкилот хусусий бандлик агентликлари фаолиятини текширишни бошлайди.
«Каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил» доирасида 2024 йилда магистрал каналларнинг 1 минг километр қисмини бетонлаш режа қилинмоқда. Бунинг учун давлат бюджетидан 500 млрд сўм пул ажратилган. Хорижий инвестициялар ҳисобидан эса 200 млн доллар маблағ жалб этилган.
1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистонда автотранспорт воситалари савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорлар машиналарини Пискент туманидаги полигонда 3 ойлик синовдан ўтказади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг