Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъати қишлоқ хўжалиги, биология, тиббиёт, филология, IT ва бошқа соҳаларда 12 та стартап лойиҳасини маъқуллади. Улар орасида 1,2 млрд сўмлик Google ва «Яндекс» қидирув тизимлари учун ўзбек морфологияси дастурий анализаторини ишлаб чиқиш лойиҳаси ҳам бор.
Ҳукумат қарорига мувофиқ ҳайдовчининг ЙПХ инспекторига тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлари ёнида бўлмаса улар махсус планшет қурилмаси ёрдамида идентификация ID-картаси орқали текширилади. Шунингдек, 2022 йил 1 февралгача суғурта шартномалари тўғрисидаги маълумотлар ягона ахборот тизимига тўлиқ киритилади.
Шавкат Мирзиёев МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган юбилей мажлисида иштирок этди. Президент самарали минтақалараро ва трансқитъавий транспорт йўлаклари тизимини, шу жумладан юк ташиш тарифларини пасайтириш ва тартиботларини соддалаштириш орқали янада ривожлантириш заруриятига алоҳида эътибор қаратди. У афғон халқига инсонпарварлик ва иқтисодий ёрдамни давом эттириш мақсадга мувофиқ эканини ҳам таъкидлади.
World Justice Project ташкилоти 2021 йилги Ҳуқуқ устуворлиги индекси натижаларини эълон қилди. Тадқиқотлар COVID-19 пандемияси сабаб 74,2 фоиз мамлакатда ҳуқуқ устуворлиги кўрсаткичлари пасайганини кўрсатмоқда. Ўзбекистонга берилган баҳолар эса 4,1 фоизга ошди, натижада 139 та давлат орасида 85 ўринни эгаллади.
Молия вазирлиги ўқиш ва имтиҳон харажатлари қоплаб бериладиган бухгалтерия ҳисоби соҳасидаги халқаро ташкилотлар ва халқаро бухгалтер сертификатлари рўйхатини тасдиқлади. Улар орасига ACCA ва CIMA сертификатлари кирган. Шунингдек, кимнинг ўқиш ва имтиҳон харажати компенсация қилиниши маълум қилинди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 5,63 сўмга пасайиб, 10 705 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
2022 йилдан Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таркибидан чиқарилади ва мустақил фаолият юритади. Беморларга Тошкентга темир йўл ва авиатранспорт келиш ҳаражатлари қоплаб берилади. Бунинг учун уларга имтиёзли йўлланма ёки ваучерлар берилади.
Термиздаги логистика маркази Афғонистон учун мўлжалланган гуманитар ёрдамнинг биринчи партиясини қабул қилди. БМТ Қочқинлар масалалари бўйича бошқармаси томонидан юборилган юклар Мозори-Шарифга юк машиналарида етказилади. Биринчи юкнинг ҳажми 32 тоннани ташкил этган.
Roodell компанияси Ўзбекистонда Renault автомобилларини ишлаб чиқариш ва сотишни ташкил этиш тафсилотларини маълум қилди. Биринчи автмобиль ноябрь ойидаёқ тайёр бўлади. Дастлаб сотувга иккита кроссовер, сўнгра йўлтанламас чиқарилади.
Собиқ молия вазири, «Ўзбекинвест» компанияси раҳбари Рустам Азимов ЎзА учун мақоласида Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида фикрлари билан бўлишди. Бу Азимовнинг 2017 йил июнда бош вазир ўринбосари лавозимидан кетганидан сўнг ОАВдаги биринчи чиқиши.
Январь-сентябрь ойларида Ўзбекистондаги боғчаларда 6,6 млрд сўмлик камомад ва ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари аниқланган. Шундан 2,4 млрд сўм маблағ ташкилотларда аслида ишламайдиган ходимлар номига ёзилган иш ҳақи бўлиб чиққан.
Safia қандолат маҳсулотлари тармоғи асосчиси Бекзод Самигжонов компаниянинг яқинда қурилган янги заводини қутқаришни сўраб президентга мурожаат йўллади. Завод қурилган ер президент топшириғи билан берилганди. Бироқ, ернинг аввалги ижарачиси суд орқали ер ажратиш тўғрисидаги қарорни бекор қилишга эришди.
Дам олиш кунлари республика бўйича кучсиз шамоллар билан булутсиз об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати кундузи +22…+25 даража атрофида бўлади.
Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритишга оид қонун президент томонидан имзоланди. Унга мувофиқ, энди тадбиркорлар айланмадан олинадиган солиқни бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин. Қолаверса, ОТМлар қаторида касб-ҳунар мактаблари, коллежлар, техникумларда таълим олиш учун йўналтирилган даромадлар солиққа тортилмайди.
Черногория ҳукумати инвестиция киритганлиги учун мамлакат фуқаролигини берган хорижликлар орасида Самарқандда туғилган аёл ҳам борлиги маълум бўлди. «Олтин паспортлар» 250 мингдан 450 минг еврогача Черногориядаги лойиҳага сармоя киритган ва ҳукумат жамғармасига 100 минг евро тўлаган инвесторларга берилади.
Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудидан ўтувчи йўлда «Газ-24» автомашинасига ўрнатилган газ баллони ёрилиши натижасида икки нафар йўловчи вафот этди.
Ўзбекистонда диний ва сиёсий сабабларга кўра судланган 2000 нафардан зиёд маҳбус бор. АҚШнинг Диний эркинликлар бўйича халқаро комиссияси маълумотларига кўра, бу собиқ иттифоқ республикаларидаги барча диний маҳбуслар йиғиндисидан кўра кўпроқ ва дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Комиссия Ўзбекистон ютуқларини қайд этди, лекин ушбу соҳа жиддий ислоҳотга муҳтож деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон деривативлар бозорини ривожлантириш орқали хорижий валютага боғлиқликни камайтиришни режалаштирмоқда. Шу мақсадда мамлакат ЕТТБ билан илк синов своп операциясини ўтказишга келишиб олди.
Тўққиз ой мобайнида электрон хизматларни кўрсатувчи хорижий компаниялар Ўзбекистонда 15,2 миллиард сўмдан ортиқ солиқ тўлади. Тўловларнинг аксарияти Facebook, Google ва Apple ҳиссасига тўғри келади.
Янгиҳаёт тумани судида уч кунлик чақалоғини сотишга уринган аёлга 5 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг