Иш ҳақидан солиқ тўлайдиган ўзбекистонликлар сони йил давомида қарийб 500 минг кишига кўпайиб, 4,64 миллион нафарга етди. Уларнинг кўпчилиги ҳалигача 1 млн сўмгача миқдорда ойлик олади, бироқ иқтисодий фаоллик қайта тиклангани муносабати билан 2 млн сўм ва ундан кўп ойлик оладиган солиқ тўловчилар сони ошди, дейилади Молия вазирлиги ҳисоботида.
Амир Темур хиёбонидаги оммавий тўпланиш, Буюк Британиянинг «олтин визаси»ни олган ўзбекистонликлар, ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ ҳолатлар, Янги Ўзбекистон университетининг контракт нархи, Андижонда ИИБ ходимлари фуқаронинг қўлини синдиргани рад этилиши — «Газета.uz»нинг 14 июлдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
20−25 июль кунлари ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасидан қўшимча 4 млн доза олиб келинади. Шунингдек, август-cентябрь ойларида Спутник V вакцинасидан 160 минг доза COVAX дастури доирасида яна 660 минг доза (AstraZeneca ёки Moderna) вакциналари олиб келиниши кутилмоқда, дея хабар берди депутат Дониёр Ғаниев.
Андижон шаҳар депутати Жаҳонгир Жиянов ИИБ ходимлари фуқаронинг қўлини синдиргани ҳақида хабар берди. Бош прокуратура Андижон шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ўтказаётганини маълум қилди. ИИВ матбуот котиби эса фуқарога ИИБ ходимлари томонидан жароҳат етказилганини рад этди. Хабар берилишича, фуқаро эрталаб тез тиббий ёрдам бўлимига ИИО ходимлари тан жароҳати етказганлиги бўйича мурожаат этган. Ҳозирда фуқаро жароҳатни қаерда олганлиги бўйича суриштирув ишлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон энергетика соҳасининг фахрий ходими Руслан Мубаракшин 59 ёшида вафот этди. У 2021 йил февралдан ҳозирга қадар «Чирчиқ трансформатор заводи» AЖ бош директори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Карантин қоидалари ва чекловлари қўпол равишда бузилаётган ҳолатлар, хусусан, 13 июль куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида 150−200 нафарга яқин ёшлар йиғилган ҳолати эпидемиологик вазиятнинг янада оғирлашишига олиб келиши мумкин, дея маълум қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги. «Касалликнинг янги штаммлари тез юқиши, жадал ривожланиши ҳамда яширин равишда организмни кучли жароҳатлаши кузатилмоқда», — дея қўшимча қилинади хабарда.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Афғонистондаги можаро иштирокчиларини ШҲТга аъзо давлатлар билан чегарадош туманларда беқарорлик ва кутилмаган оқибатларга олиб келувчи куч ва ҳаракатларни қўллашдан тийилишга чақирди.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов фикрига кўра, россиялик блогер Субхан Мамедов (Subo) билан профилактик суҳбат эмас, балки «унга нисбатан ёлғон маълумот тарқатиб, жамоат тартиби ва соғлигига хавф туғдиргани, йиғилишлар ўтказиш тартибини бузгани» нуқтаи назаридан ҳуқуқий баҳо берилиши керак.
Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси, «Буюк хизматлари учун» ва «Меҳнат шухрати» орденлари соҳиби, «Қоракўл мактаби» асосчиси Тўхтамурод Жумаев 76 ёшида вафот этди.
Янги Ўзбекистон университетида маҳаллий талабалар учун бир йиллик контракт нархи 49 млн 700 минг сўм эканлигини маълум қилинди. Хорижий талабалар учун эса 10 минг доллар этиб белгиланди.
Долларнинг расмий курси 10,91 сўмга кўтарилди ва жами 10 660,00 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, рубль курслри ҳам бироз кўтарилди, евро курси бироз пасайди.
Тошкент бюджетидан давлат органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизликлари) натижасида фуқаролар ёки юридик шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш харажатлари учун 5,72 млрд сўм ажратилади. Ҳокимнинг қарорига биноан етказилган зарар суд қарорлари асосида қопланади.
Фарғона вилоятида қурилиш балансида бўлган 50 сотих ер майдонини 25 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Шунингдек, Наманган вилояти, Бухоро вилояти, Сирдарё вилоятининг Сардоба, Тошкент шаҳрининг Чилонзор ҳамда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманларида ҳам ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
ЎзХДП депутати Шерзод Раҳмонов айрим йўл ҳаракати қоидаларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Хусусан, партия ҳаракатланаётган транспорт воситаларида радарлардан фойдаланишни бекор қилишни ва барча турдаги радарларнинг жойлашуви онлайн режимда кўрсатилишини таклиф қилмоқда.
СЭС раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков таъкидлашига кўра, ҳозирда Ўзбекистон бўйлаб эмлаш тадбирлари учун яратилган имкониятларнинг тенг ярмидан фойдаланилмоқда. Ҳар бир эмлаш пунктида кунига 36 нафар фуқаро эмланмоқда, режада эса 70 киши бўлган. «Вакцинадан бошқа биз эпидемик вазиятни барқарорлаштирадиган бир таклифни ёки қандайдир ташаббусни кўрмаяпмиз», — деди у. Шунингдек, вакцинация жараёнларида фаол иштирок этаётган тиббиёт ходимларига рағбат сифатида моддий қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Ўзгидромет кеча Наманган вилоятининг Косонсой туманида содир бўлган, саккиз киши ҳалок бўлган сел келиши ҳолати бўйича маълумот берди. Шунингдек, 15−16 июль кунлари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи борлиги ҳақида хабар берилди.
Президент фармони билан, август ойида «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзандлари учун 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, фармон билан ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа қатор чоралар эълон қилинди.
Сешанба куни Ўзбекистонда 491 нафар фуқарода коронавирус, 319 нафар кишида пневмония аниқланди. Шунингдек, сўнгги кун ичида 3 нафар коронавирус бемори вафот этди.
Ўзбекистонда қарийб 45 минг нафар эркак ўқитувчи халқ таълими тизимига қайтди. Шунингдек, ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар сони 64 минг 892 нафардан 46 минг 214 нафарга (30%га) камайган.
2008 — 2020 йилларда 12 нафар ўзбекистонликка Буюк Британиянинг «олтин визаси» берилган, бироқ уларнинг кимлиги ҳақида маълумот йўқ. Ҳисоботга кўра, мазкур визаларнинг аксариятини коррупция хавфи юқори бўлган Хитой, Россия, Гонгонг ва АҚШ каби мамлакатлар фуқаролари олган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг