Сўнгги икки йилда давлат дастурлари доирасида 3 мингдан зиёд қурилишдан атиги 182 тасида тендер ўтказилган. Чунки тендер жараёнлари мураккаб ва унда нарх арзонлиги бирламчи. Қурилиш ташкилотининг малакаси, сифат масаласи паст ўринларда қолиб кетган. Президент 1 ноябргача қурилиш корхоналарининг молиявий кўрсаткичлари, тўлов қобилияти, давлат харидлари, ишчи-ходимлар малакаси каби маълумотларни қамраб олувчи ягона платформани ишга тушириш вазифасини қўйди.
Президент фармони билан солиқ имтиёзлари ва преференциялари муддатлари узайтирилди, умумий овқатланиш соҳаси ва ижара берувчилар айланмадан олинадиган солиқдан озод қилинди, уларга бошқа енгилликлар ҳам берилди.
«Насаф» футбол клуби ўз логотипини ўзгартирди — қанотлари билан тўпни қучаётган ҳумо қушининг ўрнига олов пуркаётган аждаҳо қайтарилди. Шунингдек, жамоа янги мавсум учун спорт формасини тақдим этди.
COVID-19 пандемияси сабабли бу йил сайёранинг энг яхши футбол ўйинчиси аниқланмайди. «Олтин тўп» мукофот таъсис этилганидан бери биринчи марта топширилмайди.
Кучайтирилган тартиб даврида тез тиббий ёрдам ходимлари маошларига ойлик қўшимча моддий рағбатлантириш тўловлари белгиланади. Унга кўра, врач ходимлар — 2,5 млн сўм, ўрта тиббиёт ходимлари — 1,5 млн сўм ва ҳайдовчилар — 1 млн сўм оладиган бўлди.
Аҳолининг тиббий ёрдамга ўсган эҳтиёжини қондириш мақсадида UzAuto 27 та ISUZU D-Max ва 250 дона Chevrolet Damas автомобиллари базасида махсус жиҳозланган тез тиббий ёрдам автомобиллари тақдим этди. Шунингдек, Volkswagen Caddy тез тиббий ёрдам машинаси кейинги ҳафтадан етказиб берилади.
Россиянинг Хабаровск ўлкаси губернатори Сергей Фургал 2000 йиллар бошида уюштирилган суиқасдда гумон қилиниб, қўлга олинди. 10 мингдан ортиқ Хабаровск аҳолиси бунга қаршилик билдириш учун оммавий намойишларга чиқишди. Сергей Фургалнинг нима учун қўлга олинганлиги бўйича сиёсатшунос ва экспертлар фикри.
Коронавирус беморлари сони 183 нафарга ортиб, жами 17149 кишини ташкил этмоқда. Янги ҳолатларнинг 29 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида, 154 нафари Тошкент шаҳрида аниқланди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев уни ва ҳукуматнинг бошқа аъзоларини судга берган Sulton Tex Group корхонаси атрофидаги вазиятга изоҳ берди. Вазир фермерлар манфаати йирик корхоналар манфаати каби муҳим эканини таъкидлади. Шу билан бирга, ишлаб чиқаришнинг кластер шаклида барча иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳалигача мавжуд эмаслигини тан олди.
Коронавирус инфекциясига чалинган 51 ёшли ва 42 ёшли тошкентлик беморлар ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этдилар. COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони 90 нафарга етди.
Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга ташрифи давомида атом соҳасида ҳамкорлик, OTP банки ва Debrecen университети филиалларини очиш, «Ўзбекистон-Венгрия-ЕИ» форматидаги ҳамкорлик ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Тошкентдаги тез тиббий ёрдам хизматига мурожаатлар сони уч баравар кўпайиб, кунига 6 мингтага етди. Тез ёрдам машиналари сони эса 178 дан 300 гача оширилди.
Самарқандда DAF юк машинаси ва Lacetti тўқнашуви оқибатида енгил автомобиль ҳайдовчиси ва йўловчиси ҳодиса жойида вафот этди.
Иш кунлари давомида Ўзбекистонда об-ҳаво иссиқ ва қуруқ бўлади. Ҳарорат кундузи 35−40 даража, кечаси 20−25 даража бўлади. Республиканинг жанубий ва чўл зоналарида ҳаво ҳарорати 42 даражага етади.
Интернетда 20 млн бепул VPN хизматлари фойдаланувчилари тўғрисидаги маълумотлар очиқланди. Ҳимояланмаган серверда фойдаланувчиларнинг электрон почта манзиллари, шифрлангмаган пароллари, IP ва уй манзиллари, смартфон моделлари ва алоқа воситаларининг идентификаторлари мавжуд.
Долларнинг расмий курси 15 сўмга қимматлаб, жами 10 210 сўм этиб белгиланди. Евро курси деярли 148 сўмга кўтарилди, рубль курси эса деярли 2 сўмга (142 сўм) арзонлашди. АҚШ миллий валютасини қимматлашиши бешинчи ҳафта кузатилмоқда.
Зехавит Бен-Гилель Исроилнинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинланди. У 2017 йилдан бери Исроилнинг мамлакатдаги дипломатик ваколатхонасини бошқарган Эдуард Шапиранинг ўрнини эгаллайди.
Ўзбекистонда сўнгги 6 ойда деярли 38 минг та «Cobalt» автомобили ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 154,2 фоизга ўсган. Июнь ойининг ўзида 7557 та «Cobalt» ишлаб чиқарилган.
Президент кислород концентраторлари ва пульсоксиметрларни Ўзбекистонга тезкор етказиш бўйича чоралар кўришни топшириқ берди. Бунинг учун, агар керак бўлса, махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилиши лозимлиги қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев пандемияга қарши курашни кучайтиришга қаратилган бир қатор топшириқлар берди. Хусусан, коронавирус беморлари билан ишлаётган шифокорлар иш хақини жойида олиш тизими жорий этилади, шифохоналарни қўшимча ЎСВ аппаратлари ва бошқа ускуналар, дори-дармон билан таъминлаш, янги даволаш ўринларини кўпайтириш, ПЦР-таҳлил натижаларини тезлаштириш чоралари белгиланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг