Ўзбекистонда тасдиқланган коронавирус ҳолатлари сони 188 тага ошиб, жами 11447 тага етди. Уларнинг аксарияти Карантин марказида ва Тошкент шаҳрида аниқланди. Аҳоли орасида 66 та ҳолат қайд этилди.
Коронавирус инфекциясига чалинган 28 ёшли жиззахлик бемор (аёл) ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. Таъкидланишича, у уй шароитида даволаниб юрган. COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони 49 нафарга етди.
Тошкент ҳокими карантин талаблари кучайтирилаётгани сабабли пойтахт аҳолисини бепарво бўлмасликка, заруратсиз кўчага чиқмасликка, онлайн хизматлардан унумли фойдаланишга чақирди. Шунингдек, ҳоким уй шароитида даволанаётган ва карантинга олинган беморларга тиббий маслаҳат кўрсатувчи 1105 рақамли Call-маркази фаолияти йўлга қўйилаётганини маълум қилди.
Коронавирус инфекциясига чалинган 51 ёшли тошкентлик бемор (эркак киши) ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони 48 нафарга етди.
Шавкат Мирзиёев Халқаро меҳнат ташкилотининг пандемия даврида Меҳнат муносабатлари бўйича глобал саммити иштирокчиларига мурожаат йўллади. Унда давлат раҳбари БМТ шафелигида Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
8 июль куни кечқурун Сербияда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Намойиш иштирокчилари, бир неча минг киши, мамлакатдаги эпидемиологик вазиятдан ва хукуматнинг коронавирус тарқалишига қарши олиб бораётган ҳаракатларидан норозилигини билдирди.
Коронавирусга қарши кураш штабининг вакили Хабибулла Оқиловнинг аниқлик киритишича, Ўзбекистонда дори-дармонлар ва ётоқ-жойлар захираси етарли, аммо агар ҳозирги кунлик ўсиш кўрсаткичи сақланиб қолса, улар етарли бўлмаслиги мумкин.
«Ўзбекистон ҳудудида биринчи бемор 15 мартда қайд этилди. Бироқ касаллик мамлакатимизга ундан аввал ҳам кириб келган бўлиши ҳам мумкинлигини инкор этмаймиз» — Санитария-эпидемиологик назорат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков.
2019 йили фирибгарликда айбланиб қамоққа олинган Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи Саид-Абдулазиз Юсупов озод этилди. Унга нисбатан қўзғатилган жиноий иш тўлиқ тўхтатилди.
Эпицентри Тожикистонда бўлган зилзила Тошкент ва бошқа ҳудудларда ҳам сезилди. Пойтахтдаги ер ости силкинишлари кучи 3 бални ташкил этди.
Наманган вилоятининг Поп туманида Isuzu юк машинаси йўл четидаги жарга ағдарилиб кетди. Ҳайдовчи ва йўловчи ҳалок бўлди.
Коронавирус беморлари сони 167 нафарга ортиб, жами 11259 кишини ташкил этмоқда. Янги ҳолатлар Карантин марказида, Тошкент шаҳрида, Фарғона, Қашқадарё, Наманган ва Жиззах вилоятларида қайд этилди. Шундан 72 нафари аҳоли орасида.
Автотранспорт ҳаракати учун белгиланган чекловлар айрим тоифадаги транспорт воситаларига татбиқ этилмайди. Баъзи ҳолларда, махсус рухсатномасиз (стикерсиз) автотранспорт воситасининг ҳаракатига рухсат берилади.
Ўзбекистонда коронавирус беморлари орасида икки нафар ўлим ҳолати қайд этилди. Бухоро вилоятида 40 ёшли Афғонистон фуқароси, Тошкент шаҳрида 83 ёшли онахон вафот этишган.
10 июлдан бошлаб автотранспорт воситаларида стикерсиз муайян вақтида (07.00 дан — 10.00 гача, 17.00 дан — 20.00 гача) рухсат берилади. Вилоятлараро қатнов тўхтатилади (Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри ўртасидаги қатновлар бундан мустасно). Жамоат транспорти фаолияти ҳам тўхтатилади, стикерлар кучини йўқотмайди.
8 июль куни коронавирус инфекциясига чалинганлар, даволанганлар ва ўлим кўрсаткичлари рекорд натижани қайд этди.
Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 45 нафарга етди. Тошкентда 72 ёшли аёл COVID-19 асоратларидан оламдан ўтди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Қозоғистон ва Россия-Қозоғистон чегараларида қолиб кетган ўзбекистонликларни қайтаришга ваъда берди. Аввалроқ чегараларда 5000 дан ортиқ Ўзбекистон фуқароларининг қолиб кетгани хабар қилинган эди.
Қорақалпоғистонда 56 ёшли аёл, Навоийда 52 ёшли эркак коронавирус сабабли ҳаётдан кўз юмди. Ўзбекистонда COVID-19 асоратларидан вафот этганлар сони 44 нафарга етди.
Тадбиркорлар карантин қоидаларига амал қилишда санитария ва ёнғин хавфсизлиги идоралари томонидан тушунарсиз ва бир-бирига зид талабларга дуч келмоқда, дея маълум қилди президент.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг