Сўх тумани ички ишлар бӯлимига Раҳимбердиев Қосимжон раҳбар этиб тайинланди. ИИБнинг олдинги раҳбари Сўх туманига ҳоким этиб тайинланган эди.
4 июнь куни Яшнобод туманида жойлашган битум эритиш бассейнида ёнғин келиб чиққан. Ёнғин соат 06:05 да тўлиқ бартараф этилган, ёнғин сабаблари ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Коронавирус беморлари сони 31 нафарга ортиб, жами 3874 кишини ташкил этмоқда. Янги касалланганларнинг 20 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 8 нафари Тошкент шаҳрида аниқланган. Шунингдек, 1 нафардан бемор Қорақалпоғистон Республикасида, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қайд этилган.
«Иш услубимиз шундай бўлиши керак: 50 фоиз карантин, 50 фоиз иқтисодиёт» — президент пандемия шароитида камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирларга эътибор бериш кераклигини таъкидлади. Иқтисодий комплекс аъзоларига Хитой тажрибасини ўрганиш тавсия этилди.
15 июндан «сариқ» ва «яшил» ҳудудлар ўртасида автобуслар қатновига рухсат берилади. Бунда, автобус якуний бекатда дезинфекция қилиниши, салонга фақат ниқобдаги йўловчиларни киритиш ва ҳайдовчиларни ҳам ҳимоя воситалари билан таъминлаш талаб этилади.
15 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда умумий овқатланиш объектлари, мактабгача таълим ташкилотлари ва буюм бозорлари фаолиятига муайян шартлар асосида рухсат берилмоқда. Бунда белгиланган шартларга риоя қилиш керак бўлади.
5 июндан бошлаб «сариқ» ҳудудларда меҳмонхоналар ҳамда очиқ ҳаводаги ресторан ва кафелар фаолиятига рухсат берилади. Қўшимча равишда, «яшил ҳудудларда» тренажер заллари, таълим марказлари, диний ташкилотлар ва маданият объектлари фаолиятига маълум шартлар асосида рухсат берилади. Жумладан, масжидларда намоз вақтида фуқароларнинг оралиқ масофасини 1,5 метр этиб белгилаш керак бўлади.
Пандемия 450 мингга яқин оилалар даромадига жиддий таъсир қилиши мумкин, дея таъкидланди президент раислигидаги йиғилишда. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган қарорлар доирасида йил якунига қадар қўшимча 235 мингдан зиёд оилага моддий ёрдам ажратилиши қайд этилди.
Президент томонидан 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Камбағаллик чегараси ва мезонларининг жаҳон амалиётида тан олинган 4 та ҳисоблаш усули Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани мисолида синовдан ўтказилиши белгиланди
Беларусь президенти Александр Лукашенко амалдаги ҳукуматни истеъфога чиқариш бўйича қарорга имзо қўйди.
72 ёшли коронавирус бемори ўпка-юрак етишмовчилиги, бош мия қон айланишининг ўткир бузилишидан вафот этди. Вафот этган коронавирус беморлари сони 16 кишига етди.
1 августдан бошлаб енгил автомобилларни олиб кириш учун акциз солиғи бекор қилинади. Ҳозир енгил автомобилларнинг импорти учун 30 фоиз акциз солиғини тўлаш керак (Россия, Украина ва Қозоғистон олиб келинадиган автомобиллар учун 2 фоиз).
Қувасой шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси мансабдор шахслари 202,4 млн сўм микдордаги бюджет маблағларини ўзлаштирганликда айбланмоқда. Бош прокуратура маълумотига кўра, туман кўчаларида 75,5 млн сўмлик металл устун ва тунги ёритиш чироқларини ўрнатган компания ҳисоб рақамига 278 млн сўм ўтказилган.
Фарғона вилояти Учкўприк туманида вояга етмаган «Lacetti» автомобиль ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши сабабли ағдарилиб, унинг оқибатида автомашинада бўлган вояга етмаган йўловчи жароҳатланади, кейинчалик у шифохонада вафот этган.
Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказилган «Қайта тикланиш йўли» онлайн конференциясида ЮНВТОнинг бош котиби 2021 йили ташкилотнинг навбатдаги 66-минтақавий комиссия йиғилиши Самарқандда бўлиб ўтиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди.
Давлат божини тўлашдан тушадиган маблағлар 100 фоиз миқдорда Давлат бюджетига ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда тегишли қонун лойиҳаси Молия вазирлиги томонидан эълон қилинди. Вазирлик маълумотига кўра, ҳозирда давлат божининг баъзи турлари бўйича маблағларнинг 85 фоизигача қисми бюджет ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига ўтказилади.
Коронавирус ҳолатлари 46 тага кўпайиб, жами 3815 тага етди. Янги аниқланган ҳолатларнинг 45 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида ва қолган 1 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида аниқланди. Ҳозиргача кун давомида 54 та янги COVID-19 ҳолати тасдиқланди.
2 июнь куни «Ганга» автомобиль кўпригида аниқланмаган «Cobalt» автомобили кескин тўхтагани сабабли 7 та бир йўналишда ҳаракатланган автомобиллар масофа сақламаганликлари туфайли тўқнашган. ЙТҲ натижасида тан жароҳати олганлар йўқлиги айтилмоқда.
Ўзбекистонда коронавирусдан тузалган беморлар сони жами 3014 нафар кишига етди. Тузалганларнинг 43 нафари Тошкентдаги учта тиббиёт масканларидан, 42 нафари Навоий вилоятидан ва 10 нафари эса Самарқанддан. Кун давомида тузалганларнинг сони 95 кишига етди.
Ўзбекистон ҳукумати «яшил», «сариқ» ва «қизил» рейсларни жорий этган ҳолда босқичма-босқич халқаро авиақатновларни қайта тиклашни режалаштирмоқда. Бош вазир ўринбосари ва Туризм қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимов мазкур тизим ва «Ўзбекистон. Кафолатланган хавфсиз саёҳат» лойиҳаси ҳақида сўзлаб берди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг