Президент администрациясининг янги таркиби, Туркманистондан Ўзбекистонга 2млрд куб метр газ, президент ёрдамчиси этиб тайинланган Саида Мирзиёева, кешбэк ҳақидаги фикри ортидан ишдан олинган имом-хатиб, Украинани байрам табриклаган Ўзбекистон элчихонаси ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Германия ҳукумати мамлакат паспортини 5 йилда олишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Шунингдек, фуқаролик тил билиш, волонтёрлик ишларидаги фаоллик ва профессионал сифатлар каби омилларга қараб 3 йилда ҳам берилиши мумкин. Бошқа фуқароликлардан воз кечиш талаб этилмайди.
Сентябрда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати +18… +25 даража бўлиши кутилмоқда. Октябрда +12 даражагача, ноябрда эса +8 даражагача тушади, бироқ кечалари совуқ бўлади. Сентябрда ёғингарчилик миқдори меъёрдан камроқ, қолган ойларда эса меъёрга яқин бўлиши кутилмоқда, аммо жанубда кам бўлиши мумкин.
Google харитада Тошкентдаги қатор мактабларнинг номи машҳур шахслар ва интернет-мемлар: Гослинг, Питт, Стейтем, Ламар, Жостар, Навальний, улуғбекозавр ва бошқалар шарафига қайта номланди. Таълим бошқармаси бунга раддия беришига тўғри келди.
KPMG халқаро аудиторлик компанияси Ўзбекистондаги электрон тижорат бўйича ҳисоботида бу бозор ҳажми 2027 йилга бориб 6−7 бараварга кенгайишини ва 1,8−2,2 млрд долларга етиши мумкинлигини прогноз қилди. Шунингдек, компания бозор кенгайишига ёрдам берувчи ва тўсқинлик қилувчи омилларни санаб ўтди.
Тошкент шаҳрида айрим ёнилғи қуйиш шохобчалари ёпилгани сабабли автобуслар бошқа шохобчаларга боришига тўғри келмоқда. Улар жойларда катта навбатларни юзага келтирган. Бу масалани ҳал этиш учун «Тошшаҳартрансхизмат» «Ҳудудгазтаъминот» билан пойтахт ҳокимлигида тезкор ишчи гуруҳ тузди.
Шавкат Мирзиёев Президент администрациясининг янгиланган таркибини тасдиқлади. Саида Мирзиёева президент ёрдамчиси, собиқ энергетика вазири Алишер Султанов энергетика хавфсизлиги бўйича маслаҳатчи, Комил Алламжонов ахборот сиёсати департаменти бошлиғи этиб тайинланди.
Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Саида Мирзиёева президент ёрдамчиси этиб тайинланди. Президент администрациясида, шунингдек, бошқа тайинловлар ҳам амалга оширилди.
Пойтахтда Мустақиллик байрами муносабати билан халқаро оммавий югуриш мусобақаси ўтказилади. Шу сабабли айрим кўчаларда автотранспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади.
Президент Самарқанддаги ўзгаришлар ҳақида гапириб, лекин бу уни ҳали қаноатлантирмаётганини айтди: «Одамлар ислоҳотлар уларнинг уйига қачон келишини кутиб ўтирибди». Давлат раҳбари хориждагилар тезроқ қайтишини исташини, шунинг учун шароит ва иш ўринлари яратиш зарурлигини билдирди.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Осиё бўйича бюро маъмурияти ёрдамчиси ўринбосари Анжали Каур 26−30 август кунлари Ўзбекистонда бўлади. Ташриф доирасида ҳамкорлар ва ҳукумат расмийлари билан учрашувлар режалаштирилган.
Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари 1 сентябрдан бошлаб икки мамлакат чегарасини ID карта орқали кесиб ўтишлари мумкин бўлади.
Ургут туманида катта тезликда ҳаракатланган Malibu-2 йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборди. Жабрланувчи шифохонада вафот этди.
Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва АҚШ Конгресси Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитаси вакили Шарлотт Олдҳем-Мур Афғонистонга гуманитар ва бошқа ёрдам кўрсатишда Ўзбекистон ва АҚШнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Олий суд 5 та жиноят иши бўйича 240 нафар қатағон қурбонининг номини оқлади. Улар ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида яшаган. Сургун қилинганлар ичида бир неча ўнлаб Қозоғистон ССР фуқаролари ҳам бўлган.
Ўзбекистон Туркманистон билан йилига 2 млрд куб метргача туркман газини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Томонлар, шунингдек, узоқ муддатли шартномалар устида ишламоқда, — деди Ўзбекистон Энергетика вазирлиги раҳбари Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Тошкентдаги «Имом Термизий» масжиди имом-хатиби Исоқжон Бегматовнинг «кешбэкни ўйлаб топганлар халқ ва тадбиркорларга зулм қилмоқда», деган фикри эътирозларга сабаб бўлди. Мусулмонлар идораси бу фикр орқали жиддий хатога йўл қўйилгани, имом олдин ҳам огоҳлантиришлар олгани учун уни ишдан бўшатди.
Навоий шаҳрида кўп қаватли уйни сақлаш бўйича мажбурий бадал ва тўловлардан қарздорлик учун квартираларни электр энергиясидан узиб қўйиш тажрибаси жорий этилади. Синов бутун Ўзбекистон бўйлаб олиб бориладими-йўқми, бу бўйича маълумот келтирилмаган.
Шанба куни Россиядан нам ва салқин ҳаво массалари кириб кела бошлайди. Якшанба куни барча ҳудудларда булутлилик кучайиб, ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кечаси ва эрталаб ҳаво бироз салқинлашади.
Президент «Самарқандда ишлаш қийинлигини билган ва Тошкентга қайтмоқчи бўлган» Самарқанд шаҳри ҳокими Фазлидидин Умаровни кўпчилик мақташини айтди. «Тошкентга қайтмайсан, шуни билгин», — деди Шавкат Мирзиёев ДСҚ раисининг собиқ биринчи ўринбосарига.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг