АҚШ, Европа ва Туркияда Boeing 737 MAX 9 самолётидан фойдаланиш вақтинча тўхтатилди. Бунга Alaska Airlines`га тегишли шу русумдаги самолёт фавқулодда чиқиш эшигининг парвоз вақтида ажралиб тушгани сабаб бўлди. Бортда 177 киши бор эди, улардан бир қанчаси жароҳатланган.
Самарқанд вилояти Жомбой туманида яшовчи фуқаронинг уйидан салкам 32 кг марихуана, шунингдек, опий ва психотроп дорилар олиб қўйилди.
Бухоро вилоятида 15 январдан совуқ сув ва оқова сув хизматлари нархи ошади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳаж ва Умра» марказида Умра хизматлари нархи 10 январдан бир киши учун 16,6 млн сўм этиб белгиланди.
Ниҳоят Тошкент ва бир неча вилоятларда маиший чиқиндиларни алоҳида йиғиш бошланади. Аҳолига бепул чиқинди пакетлари берилади. Фуқароларга қайта ишланган чиқиндилар учун пул тўлаш режалаштирилмоқда.
Тошкент шаҳридаги Paynet шохобчаларида бир неча бор банк картасига пул тушириб, нақд пулни бермасдан қочиб кетган шахс қўлга олинди. Унга нисбатан талончилик юзасидан жиноий иш очилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузади. UzKazTrade қўшма ташқи савдо компанияси орқали онлайн савдо майдончасини яратиш режалаштирилмоқда.
Декабрда Ўзбекистон халқаро захиралари кўпайди, бироқ 2023 йил бўйича мамлакатнинг «молиявий ёстиқчаси» 1,2 млрд долларга камайиб, 34,56 млрд долларни ташкил этди. Йиллик ҳисобда захиралар камайиши 2018 йилдан бери илк марта кузатилди. Олтиннинг физик ҳажми йил давомида деярли 25 тоннага камайди.
Нукус шаҳрида 2 киши номаълум этиологияли моддадан заҳарланди. Улардан бири шифохонада вафот этди. Ҳолатни ҳоким ўринбосари бошчилигидаги комиссия текширмоқда.
9−10 январь кунлари Ўзбекистонга Туркманистондан илиқ ҳаво кириб келади ва бу кунларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат жанубда +20 даражагача кўтарилади. Пайшанба куни Каспий денгизи ҳудудларидан нам ҳаво кириб келиши ҳисобига ҳарорат пасайиб, ёмғир ёғади.
Хитой компаниялари Андижон вилоятида йилига 2 мингта, Фарғона вилоятида йилига мингта электробус ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши режалаштирилмоқда. Улардан бутун Ўзбекистон бўйлаб жамоат транспортини яхшилаш мақсадида фойдаланилади.
Тошкентда ваннахонадаги иссиқ сув баки ёрилиши оқибатида 20 ёшли қиз куйиш жароҳати олди. У шифохонада вафот этди.
Самарқанд тумани ҳокимининг икки ёрдамчиси маҳаллий аҳолидан бирига ер ажратгани учун 1000 доллар олаётган вақтида қўлга тушди. СамДУ тьютори эса 3 минг доллар олаётган вақтда ушланди. У маҳаллий аҳолига меҳнат фаолиятларига 20 йиллик иш стажи қўшиб беришни ваъда қилгани айтилмоқда.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитаси келишилган ўйинларда иштирок этганликда айбдор деб топиб уч нафар ҳакам ва «Қўқон-1912» клуби спорт директори Шуҳрат Мўминовни футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан умрбод четлатди.
Ўзбекистонлик футболчилар 12 январь куни старт оладиган Осиё Кубогига тайёргарлик доирасидаги машғулотларда Фаластинни кичик ҳисобда мағлуб этди.
2024 йилдан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришлар билан жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ставкалари оширилди ва уларни ҳисоблаш тартиби ўзгарди. Энди жисмоний шахслар учун нотурар жой объектларининг солиқ базасини ҳисоблаш тартиби юридик шахслар учун белгиланган тартиб билан бир хил бўлади.
Зомин туманида автобус бурилаётиб, рўпарадан келаётган «Жигули» билан тўқнашди. Оқибатда енгил машинадаги 50 ёшли йўловчи касалхонада вафот этди.
Европа кенгаши президенти Шарль Мишель июлда бўлиб ўтадиган Европарламент сайловларида иштирок этмоқчи. Шу сабабли у ўз лавозимини муддатидан олдин тарк этишга қарор қилди. Гап шундаки, бир пайтда Европа кенгаши раҳбари ва Европарламент аъзоси лавозимларини эгаллаш мумкин эмас.
Ўзбекистонда 2024 йилнинг апрель ойидан кўчмас мулк ва автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар чиқиндини олиб кетиш хизматлари учун қарздорлик бўлмаган тақдирдагина нотариал тасдиқланади.
Миришкор туманида Nexia йўлнинг қарама-қарши томонида кетаётган пиёдани уриб юборди. Оқибатда у шифохонада вафот этди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг