Чуй вилоятида қурилаётган автомобиль заводи, президентликка ХДПдан Улуғбек Иноятов, «Адолат» партиясидан Робахон Маҳмудова, ЎзЛиДеПдан Шавкат Мирзиёев номзоди, кўмир қазиб олишни оширишга топшириқ берган президент, дам кунларидаги ўзгарувчан об-ҳаво ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Тошкент ҳокими в.б., прокурори, ИИББ бошлиғи ва солиқ бошқармаси раҳбари (шаҳарнинг «тўрт сектор» раҳбарлари) ота-оналарни болаларга кўпроқ эътибор қаратишга чақириб, ўз ёрдамларини таклиф қилишди: «Биз доимо сиз билан елкадошмиз»
Судьялар олий малака ҳайъати «Адолат» партиясидан президентликка номзод бўладиган Ўзбекистон Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудованинг судялик ваколатларини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилди.
Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатлари иқтисодлари турли зарбаларга қарамай, барқарорлигини исботлади ва ўтган йили ўсиш суръатларини намоён этди, бироқ, ХВЖ маълумотларига кўра, унинг суръати 2023 йилда секинлашади, минтақа истиқболи эса ташқи омилларга ўта қарам.
Кореяда ўтаётган оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатида Руслан Нурудинов иккита олтин ва битта кумуш медални қўлга киритиб, қитъа чемпиони бўлди.
«Ўзбеккўмир» корхонасининг Ангрен кўмир конига 80 миллион доллар кредит ажратилади, деди президент. У кўмирга бўлган талаб 1,5 баробар ошишини айтди ва қазиб олишни 22,6 фоизга — 6,5 миллион тоннагача ошириш вазифасини қўйди. Кўмир қазиб олиш биринчи чоракда 14 фоизга қисқарганди.
АҚШ ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркас чегарани ноқонуний кесиб ўтганларга бошпана берилмаслиги тўғрисидаги баёнот билан чиқди (бу ҳамроҳи бўлмаган мигрант болаларга тааллуқли эмас). Ўзгариш коронавирус чекловлари олиб ташлангач, чегарада муҳожирлар сони кескин ошиши фонида содир бўлди.
«Адолат» социал-демократик партияси Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудовани Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида кўрсатмоқда.
3 май куни Бахмал туманида 5 ёшли бола уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолди. Орадан икки кун ўтиб, унинг мурдаси «Туятортар» каналидан топилди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Оққўрғонда «Шохрухия шахристони» ва «Қийритепа» археология ёдгорликларининг хусусий корхоналарга бериб юборилиши оқибатида объектларга жами 495 млн сўм зарар етказилгани аниқланди. Ҳолатга сабабчи мансабдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Шавкат Мирзиёев электр энергияси истеъмоли кескин ошадиган ёз фасли учун Ўзбекистонда энергия таъминотига тайёргарлик бўйича йиғилиш ўтказди. Ҳокимларнинг кутилаётган юклама ҳажмини қоплаш юзасидан ҳисоб-китоблари йўқлиги танқид қилинди.
Шанба куни Ўзбекистоннинг катта қисмида ёмғир ёғади. Якшанба куни эса ҳаво очиқ ва қуёшли бўлиши прогноз қилинмоқда. Ҳарорат кечалари +13…+20 даража, кундузи +27…+35 даража атрофида бўлади.
Халқ демократик партиясидан партия раиси Улуғбек Иноятов президентликка номзод сифатида Қурултойда кўриб чиқиш учун маъқулланди.
Москвадаги «Монро» кафесига 30 нафар ўзбекистонлик мигрант ҳужум уюштириб, ўғриликлар содир этгани айтилганди. Миграция агентлиги Россиядаги ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига таяниб, бу воқеа гумонланувчилари ўртасида Ўзбекистон фуқаролари бўлмаганини маълум қилди.
14−17 май кунлари Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизининг жанубий ҳудудларидан нам ҳаво, сўнгра Волга бўйи ҳудудларидан салқин ҳаво кириб келади. Кўплаб ҳудудларда кучли ёмғир, айрим жойларда дўл ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +17 даражагача пасаяди.
Президент қарори лойиҳасига кўра, ўқитувчиларнинг лавозим маошлари ўртача 20 фоизга ошиши, фидоий, ташаббускор ҳамда юқори натижаларга эришган педагогларининг базавий тариф ставкаларига ҳар ойлик 50 фоизгача устама тўлаш тизими жорий этилиши мумкин.
«Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Розуқулов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров Чуй вилоятида «Алтин тулпар унаа курулуш» автомобиль ҳамда тижорат ускуналарини йиғиш ва ишлаб чиқариш заводи қурилишини бошлаб берди.
Музработ туманида ИИБ ходими мастлиги айтилган ва қўл-оёғи боғланган эркакни калтаклагани акс этган видео тарқалди. Сурхондарё вилояти ИИБ эркак бегона аёлнинг тинчини бузгани, чақирувга асосан борган ходимга қаршилик қилганини билдирди. Ходимнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Президент қарори билан мопед, квадрицикл (квадроцикл), трицикл, скутер кабилар учун ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши шартлиги ҳақидаги талаб 2024 йил 1 январга қадар тўхтатилди. Бироқ ушбу транспортларда ҳаракатланаётганлар мотошлем кийишлари ва уни қадаб олишлари зарур бўлади.
Тижорат банклари 12 май куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 400 — 11 450 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 470 — 11 520 сўм.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг