Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ёппасига ишдан олган Қибрай туманидаги раҳбарлар ўрнига 47 нафар янги раҳбар тайинланди. «Ҳеч кимга амал никоҳлаб берилмаган», дея таъкидлаган ҳоким «янги кадрларга ўзи кафил бўлиши»ни айтди.
Тошкентда охирги 15 кунда метро поезди йўлига йўловчилар шахсий буюмларини олиш учун уч маротаба ўзбошимчалик билан тушган. Метрополитен йўловчиларни у ердаги катта кучланишли электр токидан огоҳлантириб, буюмлар тушиб кетган вақтда ходимларга мурожаат қилишни сўради.
БМТнинг Лойиҳа хизматлари бўйича бошқармаси (ЮНОПС) Ўзбекистон билан битим имзолади. Ҳамкорлик сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, эпидемияга тайёргарлик даражасини ошириш ва мамлакат таълим инфратузилмасини яхшилаш йўналишларини ўз ичига олади.
Тошкентнинг Миробод, Чилонзор ва Учтепа туманларидаги айрим маҳалла ва кўчаларда 22 сентябрь куни газ таъминоти тўхтатилади.
Президентнинг «светофорсиз эстакадалар» қурилиши бўйича таъкиди саволлар келтириб чиқарди. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «Газета.uz»га гап шаҳарлар эмас, балки вилоятлараро магистраль йўллар ҳақида кетаётганини маълум қилди. Йўл ўтказгичлар қаерда қурилиши кераклиги бўйича мезонлар қабул қилинади.
Наманган вилояти Чуст туманидаги 9 та болалар боғчаси тарбияланувчилари ва 2 та мактаб ўқувчилари — 70 дан ортиқ бола заҳарланиш билан касалхонага ётқизилди. Расмий идоралар улар айнан нимадан заҳарланганига аниқлик киритмади. Ижтимоий тармоқларда бу йод препаратидан бўлиши мумкинлиги ёзилмоқда.
Қозоғистон ҳукумати Россиянинг «хорижий агентлар» реестри муқобили — хориждан маблағ олувчи шахслар ва ташкилотлар рўйхатини эълон қилди. Унга журналистлар, ОАВ, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва хорижий компанияларн ваколатхоналари кирди. Реестрдагилар учун ҳеч қандай чекловлар қўйилмайди.
22 сентябрь — Бутунжаҳон автомобилсиз куни. Ўзбекистонда бу сана 2021 йилдан буён нишонланмоқда. ЙҲХХ, Транспорт ҳамда Экология вазирликлари шу куни аҳолини шахсий автомобиль ўрнига жамоат транспорти, велосипеддан фойдаланиш ёки пиёда юришни танлашга чақирди.
Қирғизистон кинотеатрларида намойиш этилаётган барча хорижий фильмлар 2024 йилдан қирғизча субтитрлар билан намойиш этилади. Бу чет эл фильмларини қирғиз тилига дубляж қилиш масаласидаги «биринчи қадам» бўлиши таъкидланди.
Inkuzart`дан сувни ўйламай сарфлашга бағишланган янги расм, жамоатчилик танқидига учраган депутатлар, 7 яшар қизга тегингани учун 18 йилга қамалган эркак, Тошкентда офис очадиган Visa компанияси, инвестиция жалб этишда ёрдамладиган Жаҳон банки кенгаши ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Санкт-Петербургдан Тошкентга учаётган ва маст ҳолда самолёт йўловчиларига халал бериб, улардан бирини ҳақорат қилган шахс Тошкент аэропортида қўлга олинди. У жаримага тортилди.
Сурхондарёдаги «Болдир» божхона постида Туркманистондан келаётган поезд вагонларидан бирини кўздан кечириш чоғида 12,7 млрд сўмлик 851 минг қути акциз маркасиз сигаретлар аниқланди.
Туркия Марказий банки асосий ставкани 500 базис пунктга — 30 фоизгача оширди. Бу регуляторга янги раҳбар тайинлаганидан бери асосий ставканинг тўртинчи марта оширилиши ҳисобланади. Мамлакатда июль-август ойларида инфляция кўрсаткичлари кутилганидан юқори бўлган.
Эрон парламенти «Ҳижоб ва иффат тўғрисида»ги қонунни маъқуллади, унга кўра аёллар исломий кийиниш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. БМТ ушбу қонунни «гендер апартеидининг бир шакли» деб атади.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистонга импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган, ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхати кенгайтирилди. Унга минора кранлари, ўзгарувчан ток генераторлари ва бошқалар киритилди.
Оқдарё туманида аёл бир йигитдан ҳомиладор бўлиб, буни яқинларидан яшириш мақсадида туғилажак фарзандини 50 млн сўмга сотиб юбормоқчи бўлди. Суд унга нисбатан 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
«Темурбеклар мактаби» имтиёзи сабабли Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига 189 балл тўплаб, контрактга ўқишга кирган 5 талаба президент грантида ўқийди. Яна бир шундай талабанинг ҳам муаммоси ҳал қилинган. «Темурбеклар мактаби» квоталарини эса алоҳидалаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Марказий Осиёда 30 йилдан ортиқ фаолият юритаётган Visa рақамли тўловлар компанияси Тошкентда ўз офисини очди. Компания раҳбарлари мазкур янгилик мамлакатда барча молия институтлари ва савдо ҳамда хизмат кўрсатиш корхоналари учун ёрдамнинг кучайишини қайд этди.
Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев ўзини унинг сектори «Энг ташаббускор сектор» деб эътироф этилгани учун 75 млн сўм билан рағбатлантириш бўйича қарор чиқарганди. Қашқадарё вилояти ҳокими Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдимномасига биноан бу қарорни бекор қилди.
Яшнобод туманида 3 та автомобиль иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси сабаб 3 киши воқеа жойида ҳалок бўлди. Яна 5 киши шифохонага ётқизилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг