Ўзбекистонда камайган яшиллик даражаси, хиёнат қилганга ўрин йўқлигини айтган Мирзиёев, фуқарони Мексика орқали АҚШга юборишни ваъда қилганлар, Ўзбекистон-Россия ўртасида газ учун тўлов, экспорт чеклови бекор қилингая, рекорд даражада кўп пиёз сотилгани ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
«Газета.uz» эътибор қаратгач, Тошкентдаги 19 гектар ердаги 18 минг дарахт кесилишига йўл қўйилмайдиган бўлди. Аввалроқ бу ердаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти Андижонга кўчирилиши сабабли унинг ўрнида завод қурилиши ва дарахтлар кесилишидан хавотирланган аҳоли ҳукуматга мурожаат қилганди.
Chery автомобиль брендининг Ўзбекистондаги расмий дистрибьютори Roodell компанияси Tiggo 7 Pro харидорлари учун мусобақа ташкиллаштирди.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакат пойтахтининг ичимлик суви тақчиллиги, иссиқлик таъминоти, канализация ва «бир хил кўринишдаги қути бинолар билан тўлдирилган» меъморий кўриниши билан боғлиқ муаммоларини санаб ўтди. Буларнинг аксарияти Тошкентга ҳам тааллуқли.
Тошкентда июнь ойида 14,5 млн га яқин киши жамоат автобусидан фойдаланди. Энг кўп йўловчи 8-сонли йўналишида ҳаракатланди. Май ойида эса автобусда юрганлар сони 16 млн нафардан ортиқ эди.
Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича делегацияси мамлакатнинг ташкилотга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг 7-йиғилишини ўтказиш учун барча фундаментал ҳужжатлар тўпламини тайёрлади. Йиғилиш сентябрь-октябрь ойларида ўтказилиши мумкин.
Қуйи палата депутатлари қабул қилган қонунга кўра, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний ва юридик шахсларни мол-мулк солиғидан, қурилмалар билан банд бўлган ерлар бўйича ер солиғидан озод этилади.
«Асакабанк» ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан Makro Farm Andijan МЧЖга ташкиллаштирилган пресс-тур давомида ОАВ вакиллари ишлаб чиқарилган қатор маҳсулотлар билан танишиб чиқдилар.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистон Россияга газ учун қанча тўлашини очиқлай олмаслиги, лекин миллий манфаатлар, бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, рақобатбардош нархлар белгиланганини таъкидлади.
Ғаллаорол туманида ўзганинг автомобиль рақамини тақиб олиб йил давомида 292 марта қоида бузган Malibu-2 ҳайдовчиси қўлга олинди.
Қорақалпоғистонда маданият ва санъат соҳаси вакиллари ва ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, гастроль сафарларини молиялаштириш каби ишлар учун Маданиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилади. Унга Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги 2023 йил учун ажратилган пуллардан 20 млрд сўм йўналтиради.
Ўзбекистонда табиий монополиялар, жумладан, электр энергияси, газ, алоқа, йўллар ва авиация билан боғлиқ соҳаларда босқичма-босқич мустақил бозор регуляторлари институти жорий этилади. Рақобат қўмитаси 2025 йилгача бу бозорлардаги тарифларни тартибга солишни уларга топшириши керак бўлади.
Қурилиш ишлари тезлашиши оқибатида Тошкент шаҳрининг қатор туманларида ва Бухоро шаҳрида яшиллик даражаси 2022 йилда 2017 йилга нисбатан 33−37 фоизгача қисқарди. Хусусан, кўрсаткич Шайхонтоҳур туманида 26 фоизга, Яккасаройда 23 фоизга, Олмазорда 33 фоизга, Мирзо Улуғбекда 18 фоизгача камайган.
Яккасарой туманида икки аёл ва бир эркак Жанубий Корея фуқароларининг хонадонига босқинчилик йўли билан кириб, ўғрилик содир этди. Гумонланувчилар ушланиб, қамоққа олинди.
Жаҳон иқтисодиёт ва дипломатия университети қошидаги Дипломатик академияга янги ўқув йили учун магистратура йўналишлари бўйича ҳужжатлар қабули бошланди. Қабул 31 июлгача давом этади.
Экспортга қўйилган чеклов бекор қилингач, Ўзбекистон четга рекорд даражада кўп пиёз юборди. Март ойи ўрталаридан июнь охиригача ташқи бозорларга 222,8 минг тонна пиёз жўнатилган, бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 53 фоизга кўп. Маҳсулотнинг 90 фоизи Россия ва Қозоғистонга сотилган.
Тошкентда фуқароларни Мексика орқали АҚШга жўнатиш бўйича навбатдаги уринишнинг олди олинди. Бунинг учун бир ҳолатда 30 минг доллар, иккинчисида 3500 доллар ва 14 миллион сўм талаб қилинган.
Жанубий Африка Республикасининг Йоҳаннесбург шаҳрида 2012 йилдан бери биринчи марта қор ёғди. Ҳодиса намликнинг кўтарилиши ва совуқ ҳарорат туфайли кузатилган. Олимлар бунга глобал исишнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлади.
Тошкент шаҳрида Nexia билан тўқнашувда 34 ёшли мотоцикл ҳайдовчиси вафот этди. Nexia йўловчиси шифохонага ётқизилди.
Юй Цзюнь Хитойнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланди. 51 ёшли дипломат шу йил бошида 5 йиллик миссиясини якунлаган Цзян Яннинг ўрнини эгаллади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг