Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашга рози бўлди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Туркия раҳбари, Швеция бош вазири ва Европа кенгаши раҳбари билан бўлиб ўтган музокаралардан сўнг буни тасдиқлади.
БААда ўтган Халқаро биология олимпиадасида Ўзбекистондан 2 нафар мактаб ва 1 нафар лицей ўқувчиси бронза медалларини қўлга киритди. Уларга 66 млн сўмдан пул мукофоти берилади.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 27 ёшли йигит кўп қаватли уйнинг балкон қисмидан тушиб, вафот этди. Март ойидан бери унда руҳий бузилиш кузатилгани айтилмоқда. Прокуратура терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлади.
Руминияда бадиий гимнастика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Анастасия Саранцева ва Мишель Нестерова бронза медалларини қўлга киритди. Бу натижа орқали тарихда илк бор ўзбекистонлик гимнастикачилар ЖЧда медалли бўлди.
Тижорат банклари 11 июль куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 500−11 555 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 610−11 615 сўм.
АҚШ элчихонаси Ўзбекистондаги муддатидан илгари президентлик сайлови якунлари бўйича берган баёнотида Қўшма Штатлар Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурини амалга ошириш ва мамлакатда бошқарув тизимини такомиллаштиришда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.
Ўзбекистонда президентлик сайлови «яхши тайёргарлик кўрилган» бўлса-да, «ҳақиқий рақобат»дан холи бўлди, дейди ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси. Кузатувчиларга кўра, сайлов куни «сокин ўтди», лекин қонунбузарликларсиз эмас. ОАВда танқидий ёритилмагани сайловчиларнинг «онгли танлов»ига тўсқинлик қилди.
«Газета.uz» президент сайлови куни Тошкентдаги бир нечта сайлов участкаларида бўлди ва сайлов округидаги 822 та сайлов участкасидан тўпланган овозларни санаб чиқиш жараёнини кузатди. Сайлов ғолиби Шавкат Мирзиёев пойтахтда республикадаги ўртача кўрсаткичдан камроқ овоз тўплади.
Экология вазирлиги пойтахт ва Тошкент вилоятидаги ноқонуний чиқиндихоналарга 25 та камера ўрнатди. Яна 200 таси ўрнатилмоқда, кейин эса улар бутун мамлакатни қамраб олади (жами 1000 га яқин камералар бўлади). Вазирлик маиший ва қурилиш чиқиндиларини ноқонуний ташлаганлик учун жарималарни эслатди.
Қишдаги аномал совуқда Марказий Осиё мамлакатларидаги пиёз ҳосилининг йўқотилиши Россияда бу сабзавот нархининг кескин ошишига олиб келди. Май ойида Россияда пиёзнинг ўртача нархи килограммига 73,3 рублга етди. Мамлакатга энг кўп пиёз етказиб берувчи давлатлардан бири Ўзбекистон ҳисобланади.
Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти ва аъзолари «Amerika Ovozi» мухбирининг саволларига жавоб берар экан, МСКга ҳеч ким тазйиқ ўтказмагани, у мустақиллиги ва Конституцияга асосан фаолият олиб бориши, қолаверса, ЕХҲТ ДИИҲБ «олий ҳакам эмаслиги ва унга ёқиш учун сайлов ўтказилмаслигини» таъкидлашди.
НАТО давлатлари Украинанинг ҳарбий блокка аъзо бўлиш бўйича аризасини тезлаштирилган тартибда кўриб чиқишга келишди. «Бу бизнинг НАТО`га йўлимизни қисқартиради», — деди Украина Ташқи ишлар вазири.
Таъмирлаш ишлари туфайли 11 июль куни пойтахтнинг Янгиҳаёт, Яшнобод, Юнусобод ва Яккасарой туманларидаги баъзи кўчаларда электр таъминоти вақтинча тўхтатилади.
Алишер Усмонов дивидендлардан энг кўп даромад олган россияликлар рейтингида 7-ўринни эгаллади. Рўйхатда миллиардер «Металлоинвест»дан 64,7 млрд рубль дивиденд олгани кўрсатилган.
Ўзбекистонда ўтган муддатидан илгари президентлик сайлови бўйича МДҲ кузатувчилари ўз миссиясини якунлади. Миссия «сайлов муқобиллик асосида, шаффоф, очиқ, адолатли ва демократик тамойилларга мос равишда ўтганини» қайд этди.
Россиялик мутахассис Александр Крестинин пойтахтнинг «Бунёдкор» футбол клуби бош мураббийига айланди. Бунгача у Қирғизистон футбол терма жамоаси бош мураббийи эди.
Тошкент ҳайвонот боғида 3 та пушти фламинго жўжалари дунёга келди. Ҳозирда уларнинг патлари ранги кулранг, пуштилари бир неча ойда чиқади. Шу пайтга қадар фламинголарнинг кўпайишига майдоннинг кичиклиги ва ташриф буюрувчиларнинг жуда яқин келиши имкон бермаган.
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга 125 млн доллар миқдорида қарз ажратишни маъқуллади. Маблағ мамлакатнинг электр узатиш тармоғини такомиллаштириш, хусусан, 7 та вилоятда 359 километр узунликдаги 12 та электр узатиш линиясини реконструкция қилишга йўналтирилади.
Шавкат Мирзиёевнинг президент сайловидаги ғалабаси эълон қилингач, у қўшни ҳамда ҳамкор давлатлар раҳбарларидан табрикларни қабул қила бошлади. Биринчилардан бўлиб Туркманистон миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедов табриклади. Қутловлар келишда давом этмоқда.
Олий суд раиси ўринбосари президентлик сайлови вақтида судларга ҳеч қандай мурожаатлар келиб тушмаганини маълум қилди. У бунга аҳолининг ҳуқуқий онги ошгани ва ОАВ вакиллари билан тегишли мулоқот ўрнатилганини сабаб сифатида кўрсатди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг