Ўзбекистонга бу ҳафта Эрондан иссиқ ҳаво кириб келиши ҳисобига иссиқ кучаяди. Кундузи ҳарорат +43…+45 даражагача кўтарилади. Жойларда шамол кучайиб, чанг-тўзон кузатилиши мумкин. 14 июлда эса +33…+38 даражагача пасаяди.
Шавкат Мирзиёев учинчи президентлик сайловида 87,05 фоиз овоз билан ғалаба қозонди, деб хабар қилди МСК. Расмий маълумотларга кўра, сайловчиларнинг 79,88 фоизи жараёнда иштирок этган.
Ўзбекистон Италияда ўтган ёшлар ўртасидаги байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатини 16-поғонада якунлади. Жамоа 4 та кумуш ва 2 та бронза медални қўлга киритди.
Тошкент шаҳрида 147-йўналишда ҳаракатланаётган Mercedes-Benz русумли автобуснинг мотор қисмида ёнғин содир бўлди, ҳеч ким жабрланмади.
Анди Аранитаси 1 сентябрдан бошлаб ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори ва раҳбари бўлади. ЕТТБ мамлакат билан ҳамкорликни тиклаган 2017 йилдан бери банк ваколатхонасини Алкис Дракинос бошқариб келаётганди.
Мирзо Улуғбек туманида канализация чуқурининг ўпирилиши оқибатида бир киши тупроқ остида қолиб кетди. Фуқаро шаҳар ФВБ ходимлари томонидан қутқарилди. Унинг аҳволи яхшилиги айтилмоқда.
Тижорат банклари 10 июль куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 500−11 570 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 610−11 630 сўм.
Президент сайловини ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг 280 дан ортиқ мутахассислари бутун Ўзбекистон бўйлаб кузатиб бормоқда. Улар қатъий методологияни қўллаган ҳолда 80 та саволдан иборат шаклни тўлдиряпти, электрон ручкалар эса маълумотларни онлайн режимда узатиб турибди, деди миссия раҳбари Урсула Гацек.
Соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон президенти сайлови бўйича рўйхатга олинган сайловчиларнинг 69,85 фоизи овоз берди, деб хабар қилди МСК.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар ва Мудофаа вазирликлари Тошкент вилоятидаги Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси ҳудудида юз бериши мумкин бўлган йирик ёнғиннинг олдини олди.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистонда муддатидан олдин бўлиб ўтаётган президентлик сайловида соат 15:00 ҳолатига сайловчиларнинг 60,74 фоизи овоз берганини маълум қилди (11 млн 705 минг киши).
Сайлов жараёнининг 11:00 гача бўлган қисмида 6 млн 463 минг 874 киши (сайловчиларнинг 33,54 фоизи) овоз берди. «Ушбу рақамлар Марказий сайлов комиссияси томонидан муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови ўтган, деб ҳисоблашга асос бўла олади», — деди МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.
Ўзбекистонда муддатидан илгари президентлик сайлови бошланди.
Қамчиқ довонида жаладан қочиб, тошқин сувлари учун мўлжалланган қувурга кириб олган 2 нафар аёлни сел оқизиб кетди. 23 ёшли аёлларнинг иккиси ҳам вафот этган. Ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари кетмоқда.
Anhor.uz сайти пойтахт яқинида ёнаётган далаларнинг самолётдан олинган суратларини эълон қилди. Бош прокуратуранинг билдиришича, вазият Экология вазирлиги билан биргаликда ўрганилмоқда.
Форум доирасида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва Shenzhen Kaifa Technology (Chengdu) Co., LTd компанияси ўртасида икки томонлама шартнома имзоланди.
21 ёшли йигит Янгиер шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи «Жанубий Мирзачўл» каналида чўкаётган она ва болани қутқариб қолди. Унга вилоят ҳокими ва ФВБ раҳбари бошчилигида совға топширилди.
Бош вазир ўринбосари Очилбай Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссияси Aziya Invest Favorit`дан квартира сотиб олган 1000 дан ортиқ фуқаролар муаммосини кўриб чиқади. У қурилишни якунлаш, банкка гаров учун қўйилган квартираларни қурувчининг бошқа мулкларига алмаштириш имкониятлари кабиларни ўрганади.
Ўзбекистоннинг давлат байроғидан фойдаланишдаги чекловларни юмшатувчи қонун президент томонидан имзоланди. Ҳужжат билан байроқдан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилган ва ҳурматсизлик деб баҳоланувчи ҳолатлар аниқ белгиланди.
Бир гуруҳ тошкентликлар 8 та уй қураётган Aziya Invest Favorit устидан президентга мурожаат йўллади. Унга кўра, компания кредит олиш мақсадида сотилган квартираларни гаровга қўйган, банклар эса кредит тўланмангани учун уй-жойларни олиб қўйган. 1000 киши кўрган зарар 300 млрд сўмдан ошиши мумкин.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг