Қозоғистон Ўзбекистон ва Қирғизистон билан Сирдарё ҳавзасининг сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш бўйича келишувни ўзгартирмоқчи. Қозоғистон томони Ўзбекистондан келаётган ифлослантирувчи моддалар туфайли дарёнинг экологик ҳолати бузилганини билдирди.
Тошкентдаги 5-ИМ қозонхонасида электр таъминотидаги узилишлар сабаб Юнусобод, Олмазор, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларининг айрим жойларида иссиқ сув ўчирилди. Таъминот тахминан 3 июль куни кечқурун соат 20:00 гача қайта тикланади.
Ўзбекистон ҳукумати сув ва алкоголсиз ичимликларни мажбурий маркировкалашни яна кейинга қолдирди. Жараён 2022 йил октябрь ойида бошланиши режалаштирилганди, бироқ аввал 2023 июлга, энди эса 2024 йилнинг мартигача сурилди.
Ўзбекистон президенти ўзининг аввалги қарорларига ўзгартиришлар киритиб, «Сижжак» ва «Чотқол» дам олиш масканларини хусусийлаштириладиган объектлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Илгари Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» маскани бир неча бор сотувга қўйилган, лекин сотилмай қолганди.
Тармоқларда президент маслаҳатчиси ўринбосари Шуҳрат Ғаниев йиғилишда ҳокимлар ва сув хўжалиги раҳбарларини қўшиб ёзиш ва суғориш ишлари сифатсиз олиб борилаётгани учун танқид қилган видео тарқалди. У прокуратурага Қашқадарё вилоятининг учта тумани ҳокимларини жиноий жавобгарликка тортишни буюрди.
Шавкат Мирзиёев имзоланган қонун билан Қозоғистон билан чегарани демаркация қилиш тўғрисидаги шартнома ратификация қилинди.
Эрта тонгда Термизда чанг бўрони бошланди. Соат 09:00 да ҳаводаги майда ПМ10 заррачаларининг миқдори рухсат этилган максимал концентрациядан 14,7 баробар ошиб кетди. Шамол тезлиги пасайгач, ҳавода чанг ғубори кузатилди.
Бухорода фуқарони 25 минг доллар эвазига АҚШга жўнатмоқчи бўлган аёл ушлангани айтилмоқда. У уйида фуқародан 10 минг доллар олаётган пайтда қўлга олинди.
Тошкентда 3−7 июль кунлари Халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги бўлиб ўтади. Ҳафталик доирасидаги 50 дан зиёд конференция, давра суҳбатлари ва амалий мулоқотларда 60 дан зиёд давлатдан 450 дан ортиқ сиёсат ва жамоат арбоблари, йирик бизнес вакиллари ва экспертлар қатнашади.
Қозоғистоннинг FlyArystan лоукостер авиакомпанияси Остона ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйди. Мунтазам қатновлар ҳафтасига 2 марта амалга оширилади.
Душанбадан бошлаб Ўзбекистонда кундузги ҳаво ҳарорати +33…+36 даражагача пасаяди ва бу ҳарорат фони ҳафта охиригача сақланиб қолади. Айрим ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ёғиши, шамол тезлиги 20−22 м/с гача кучайиши мумкин.
Тижорат банклари 3 июль куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 465−11 510 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 540−11 580 сўм.
Душанба куни Яккасарой ва Миробод туманларининг айрим ҳудудлари электр энергиясидан вақтинча узилди.
Қўшработ туманидаги Зармитан олтин кони шахтасидан 20 ва 24 ёшли йигитларнинг жасадлари топилди. Улар конга маъданли тошларни талон-торож қилиш учун ноқонуний киргани айтилмоқда. Йигитларни ерости ўзиюрар машина оператори босиб ўтган бўлиши мумкин.
30 июнь куни Ўзбекистонда 2010−2012-йилларда берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари ва «техпаспорт»ларнинг амал қилиш муддати тугади. Шу боис 1 июлдан эски ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Уларни ЙҲХБ бўлинмалари, Давлат хизматлари марказлари ёки интернет орқали янгисига алмаштириш мумкин.
Июнда Ўзбекистонда дефляция қайд этилди ва йиллик инфляция 2016 йил август ойидан буён биринчи марта 9 фоизга тушди. Охирги ойда гуруч, гўшт ва сут қимматлашди, деярли барча сабзавот ва мевалар, шунингдек, ун, тухум, сариёғ ва шакар арзонлашди. Бензин ҳам қимматлашди. Ҳудудларда палов нархи ошди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида режали таъмирлаш ишлари туфайли «Ўзбекнефтгаз» корхоналарида бензин ишлаб чиқариш 71,3 фоизга қамайди. Компания ишлаб чиқариш ҳажмини ўтган йилга нисбатан оширишини қайд этди. «Газета.uz» йил бошидан буён бензин ишлаб чиқариш бир неча бор пасайганини ёзганди.
2 июль куни соат 18:00 да президентликка номзодлар вакилларининг иккинчи теледебати бўлиб ўтади. У давлат бошқаруви тизими ва суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришга бағишланади.
«Ўзбекнефтгаз» компаниясининг газни қайта ишлаш ва газ-кимё департаментини бошқариб келаётган Алишер Баҳодиров Uzbekistan GTL синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводига директор этиб тайинланди.
Асакадаги автомобиль заводи режали модернизация ишлари сабабли фаолиятини вақтинча тўхтатди. Маълум қилинишича, завод Cobalt моделини ишлаб чиқаришни йилига 30 мингтага оширади. UzAuto Motors бу иш автомобилларни етказиб бериш жадвалига таъсир қилмаслигига ишонч билдирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг