Президент фармони билан 50 йиллигини нишонлаётган «Ялла» ансамбли аъзолари Фаррух Зокиров, Аббос Алиев, Жавлон Тохтаев, Тимур Халиков ва Игор Халиков орденлар билан тақдирланди.
Таниқли журналист ва ёзувчи Мавлон Шукурзода 69 ёшида вафот этди. У 20 дан ортиқ китоб, жумладан, «Америкалик ўзбеклар», «Пахтакор-79» ва бошқаларни ёзган. Юзлаб мақолалари чоп этилган.
Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси ўз маҳсулотларида ювиш воситалари, антифриз, бўёқлар ва бошқа маҳсулотларда қўлланадиган заҳарли модда — саноат пропиленгликолидан фойдаланган бўлиши мумкин. Мазкур компания дорилари аввалроқ Ўзбекистонда камида 19 нафар боланинг вафотига сабаб бўлганди.
Turon World Cooperation орқали Германияга борган ўзбекистонлик 100 нафар атрофидаги талаба иш топа олмай, оғир аҳволга тушиб қолди. Бандлик вазирлиги вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Бош консуллик ва элчихона вазиятни назоратга олди.
Пойтахтдаги қурилиш корхонаси ходими кўп қаватли турар жой биноларини қуришга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига тадбиркордан 300 минг доллар олганликда гумонланиб қўлга олинди.
Ўзбекистон йилдан-йилга электромобиллар импортини оширмоқда. 2023 йил январь-май ойларининг ўзидаёқ 3811 та электромобиль олиб келинди. Кўрсаткич 2022 йил давомида 2180 тани, 2021 йилда эса 809 тани ташкил этганди. Энг кўп етказиб берувчи Хитой бўлиб турибди.
Шароф Рашидов туманида Shacman юк машинаси Epica автомобилига урилиб, 2 йўловчи аёл вафот этди. Шунингдек, ушбу ЙТҲ ортидан яна 5 та транспорт воситаси тўқнашиб кетди.
Ўзбекистонда 1 июлдан давлат ОТМлари магистратура мутахассисликларига онлайн ҳужжат топшириш бошланди. Жараён 30 июлга қадар давом этади.
Ўзбекистонда сайловолди кампанияси нисбатан суст ўтмоқда, дейилади ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси оралиқ ҳисоботида. Унда айтилишича, расмийлар ЕХҲТнинг илгари берган айрим тавсияларини инобатга олган, қолганларини эса сайловдан кейин кўриб чиқишни режалаштирган.
Тошкентда пиёдалар учун ҳам, велосипедчилар учун ҳам ноқулайлик туғдираётган, аёз кунлар синовидан ўтолмаган велойўлакли бетон тротуарлар қурилиши давом этмоқда. Автомобиллар учун еттита йўлак ажратилган бир пайтда, пиёдаларга кўпроқ жой беришга қўрқишаётгандек.
Ўзбекистон ҳукумати ўқитувчиларнинг узайтирилган таътил муддатини тасдиқлади. Илгари улар меҳнат қонунчилигидаги ўзгаришлар туфайли таътил тўлови миқдори камайтирилганидан шикоят қилганди. Ўқитувчиларнинг календарь кунлар ҳисоби бўйича таътил муддати узайди.
Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудидан 2 нафардан вакилга — жами 28 нафар йигитга «Мард ўғлон» мукофоти берилди. Мукофот учун айни дамда 16,5 млн сўм пул ва ОТМларга имтиҳонларсиз грант асосида қабул кўзда тутилган.
Ўзбекистон президенти Ёшлар куни муносабати билан табрик йўллаб, уларнинг бир гуруҳини «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотлади. Ёшлар орасида талабалар, ўқитувчи, ёзувчи, шифокор, спортчи, тадбиркор, санъат вакиллари ва бошқалар бор.
2022 йил якунига кўра, тадбиркорлик субъектларига нисбатан маъмурий босим текширувлар сонининг қарийб 2 бараварга кўпайиши ҳисобига ошди. Бизнес омбудсман юборилган барча аризаларнинг 53 фоизини рад этганини ва текширишлар сони барча тадбиркорларнинг 3 фоизини ҳам ташкил қилмаслигини билдирди.
30 июнь Ўзбекистонда Ёшлар куни нишонланади. Тошкент шаҳри ҳокимлиги 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар учун бу кунда автобуслар бепул хизмат кўрсатишини эълон қилди.
Францияда 17 ёшли ўсмир полициячилар томонидан ўлдириб қўйилгач бошланган тартибсизликлар икки кундан бери тўхтамаяпти. Президент Макрон Ноилнинг ўлдирилишини «кечириб бўлмас» деб атади ва марҳумнинг қариндошларига ҳамдардлик билдирди. У мамлакат аҳолисини тинчликни сақлашга чақирмоқда.
Санкт-Петербург портида Африкадан Европа орқали Ўзбекистонга йўл олган банан контейнерларидан бирида 50 кг кокаин аниқланди.
Ўзбекистон президенти Туркманистон Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовни 66 ёши билан табриклади. Мамлакатда унинг шарафига Арқадағ шаҳри очилди.
Испаниянинг Talgo компанияси Ўзбекистон учун яна 4 та Afrosiyob электропоездини ишлаб чиқариши айтилганди. «Ўзбекистон темир йўллари» эндиликда электропоездлар фақат Talgo томонидан эмас, йўловчилар таклифига кўра дунёдаги кўзга кўринган бошқа компаниялардан ҳам харид қилинишини билдирди.
Фарғонада махсус мактаб интернат ходими ҳамда ўқитувчи, Тошкент шаҳрида талаба, Бухорода эса университет ходими фуқаролардан ўқишга киритиб қўйиш учун пул олганликда гумонланиб ушланди. Сирдарё вилоятида ҳам бир фуқаро 4500 доллар билан худди шу жиноят бўйича қўлга олинди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг