Президент 2025 йил Инвестиция дастурига кирадиган 598 та ижтимоий объект лойиҳаси ногиронлиги бор одамларга мослаб ишлаб чиқилмагани танқид қилди. Шавкат Мирзиёев вилоят, туман ҳокимларига хатоларни тўғрилаш бўйича топшириқ берди.
Рақобат қўмитаси Yandex Go такси хизматларининг нархи декабрь ойининг дастлабки 10 кунлигида оширилганини аниқлади. Қўмита компанияга нархларни пасайтириш бўйича чора кўриш ва нарх алгоритмини қайта кўриб чиқиши борасида огоҳлантириш берди.
Ўзбекистонлик боксчи Хавасбек Асадуллаев финалда қозоғистонлик рақибини мағлуб этиб, Осиё чемпиони унвонини қўлга киритганди. Бироқ жанг давомида у рақибини тишлаб олгани сабабли Осиё бокс конфедерацияси уни дисквалификация қилди. Олтин медаль Аблайхон Жусуповга берилди.
«Ҳудудгазтаъминот» иссиқхоналарга газ етказиб беришга вақтинчалик чекловлар киритмоқда. Чекловлар ҳаво ҳарорати кескин пасайган вақтда қўлланилиб, қувурларда газ босими барқарорлашганда бекор қилинади.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ва Тошкентнинг «Локомотив» клуби футболчиси Лазизбек Мирзаев Испания чемпионати энг юқори дивизионида бўлган «Леганес» клуби билан шартнома имзолади.
Бухоро вилоятида Киберхавфсизлик хизмати ходимлари 17 ёшли ўсмирни 34 млрд сўмлик (2,6 млн доллар) криптоактивларнинг ноқонуний савдосида гумонлаб қўлга олди. Жиноят кодексига кўра, у 5 йилгача озодликдан маҳрум этилади, бироқ жиноятни очишга ёрдам берса, жавобгарликка тортилмаслиги ҳам мумкин.
АҚШ Украинага 500 млн долларлик ёрдам пакетини ажратди. 73-ёрдам пакетига HIMARS учун ўқ-дорилар, артиллерия ўқ-дорилари, танкка қарши тизимлар, биологик ҳимоя ускуналари ва дронлар киради.
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида фаолият юритувчи корхона раҳбари туман ҳокимлигидан жами 1,5 млрд сўм миқдорида компенсация ундирди. Аниқланишича, тадбиркорнинг 22 сотих ери ва бинолари давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиб, зарари вақтида қопланмагач, фуқаро бизнес омбудсманига мурожаат қилган.
Самарқанд вилоятидаги фермер хўжаликларидан бири табақалаштирилган тариф бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширмай келиши оқибатида электр таъминоти корхонасига 4,6 млрд сўм зарар етказди. Шу каби ҳолат яна иккита тадбиркорлик субъектида кузатилди. Тўпланган ҳужжатлар тегишли органларга юборилди.
Президент йиғилишида айтилишича, чарм саноатида бичувчи, тикувчи, косиб каби ўрта бўғин кадрлари етишмаяпти, йилига бор-йўғи 167 нафар мутахассис тайёрланмоқда. Давлат раҳбари пойабзал соҳаси ривожланган вилоятларда корхоналарни техникумларга боғлаб, дуал таълимни йўлга қўйишни буюрди.
БМТТД ва бошқа ташкилотлар тадқиқоти шуни кўрсатдики, Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти коррупция ҳақида хабар беришга тайёр, аммо ўзлари учун салбий оқибатлардан қўрқади. Кўпчилик пора олиш ва беришни қоралайди, лекин жамиятда сифатли хизмат учун кичик совғалар одатий ҳол сифатида қабул қилинади.
Абдулла Арипов МДҲ давлатларини эркин савдо зонасини янада самаралироқ қилишга, айрим хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан тариф ва нотариф чораларини бекор қилишга чақирди. Ғалабанинг 80 йиллигини нишонлаш ҳақида гапирар экан, у уруш даври фожиаларини такрорламаслик муҳимлигини таъкидлади.
Марказий банк банклар эски намунадаги 100 долларлик банкнотлар билан операцияларни тўхтатгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этди. Регулятор бундай купюраларни айирбошлашда қийинчиликларга дуч келинса, ишонч телефонига мурожаат қилишга чақирди.
Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши соҳасидаги инсофсиз бизнесга тўлов тизимининг тартибсизлиги, рақамлаштириш ва ошкоралик йўқлигини сабаб қилиб кўрсатди. У банклар қурувчи ва харидор ўртасида кафил бўлиб, аҳоли маблағларини кафолатлайдиган эскроу тизими бўйича ҳуқуқий асос яратиш топшириғини берди.
Россия «яқин кунларда» Украинага зарба бериш учун ўрта масофали «Орешник» экспериментал баллистик ракетасини яна ишлатиши мумкин, деб огоҳлантирди АҚШ разведкаси.
АҚШга иккинчи марта президент этиб сайланган Дональд Трамп Time журнали томонидан 2024 йил учун йил одами деб топилди. У олдин ҳам — 2016 йилда илк бор президент бўлганида бу номга эга чиққанди.
Ноябрда Ўзбекистон аҳолиси орасида сезилган инфляция даражаси 14,1 фоизгача кўтарилди, дея хабар берди Марказий банк. Бу охирги 15 ойдаги максимал кўрсаткич ҳисобланади. Респондентларнинг аксарияти гўшт, сут, бензин, ёқилғи, электр энергияси ва газ нархлари кескин ошганини қайд этган.
Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов Туркманистоннинг «Ҳурматли эл ёшуллиси» унвони билан тақдирланди. Қолаверса, унга «Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллиги» юбилей медали топширилди.
Ўзгидрометнинг хабар беришича, 15−17 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига совуқ ҳаво оқими кириб келади. Ёмғир ва қор ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади, ҳарорат кечаси −8…−13 даражагача, кундузи 0…-5 даражагача пасаяди.
Европа Иттифоқи Кенгаши 2025 йил 1 январдан Болгария ва Руминия билан қуруқликдаги чегараларда назоратни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу икки давлат ЕИга қўшилганидан 17 йил ўтгач, Шенген зонасининг тўлақонли аъзосига айланмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг