Тармоқларда Тошкентда бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатидаги оммавий тартибсизликлар ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон ИИВ 13 май куни ташкилотчилар чарм бокс қўлқопларини текинга тарқатгани, мухлислар эса бир-бирларига навбат бермасдан тартибсиз ҳаракат қилганини билдирди.
Тошкентнинг Чилонзор туманида номинал қиймати 200 минг сўм бўлган қалбаки банкноталар тайёрлаган шахс қўлга олинди. У шундай қалбаки банкнотларнинг ҳар бирини 60 минг сўмдан сотган.
Апрель ойида Қорақалпоғистонда ўқувчиларга бепул бериладиган егуликлар ичидан таблетка чиққани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Қорақалпоғистон прокуратураси бу каби хабарлар кейтеринг фирмаларининг рақобатчилари томонидан қасддан тарқатилганини маълум қилди.
ДХХ ўтказган тезкор тадбирларда Наманган, Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ер майдонларининг ноқонуний сотилиши билан шуғулланган мансабдор шахслар қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят ишлари очилди.
Бағдод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ходимлари ўз хонадонларига қуёш панеллари ўрнатишга мажбурлангани айтилганди. Ҳокимлик ва бўлим бундай топшириқ бўлмагани, ҳисобчи ва котибадан «нотўғри маълумот бергани учун» тушунтириш хати олинганини маълум қилди.
Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастури амалга оширилади. Дастурга 2023−2024 йилларда жами 1 миллиард доллар ажратилади. Унда иштирок этадиган тадбиркорларга алоҳида имтиёзлар берилади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ўтган йили 1 миллион нафар, 2023 йилнинг биринчи чорагида 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилганини маълум қилди.
Душанба куни Марказий сайлов комиссияси 5 та сиёсий партия — ХДП, ЎзЛиДеП, «Адолат», Экологик партия ва «Миллий тикланиш» партияларига 9 июлдаги муддатидан аввалги президент сайловида қатнашишга ижозат берди. Улар 1 июнгача ўз номзодини рўйхатдан ўтказиши мумкин.
Олмалиқ шаҳрида қизил чироқда ҳаракатланган 19 ёшли Damas ҳайдовчиси пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган 2 ўқувчи қизни уриб юборди. Шифохонага етказилган қизлардан бирининг жароҳати енгиллиги айтилмоқда.
Олий суд январь ойида Тошкентда 12 ёшли қизнинг ўлдирилиши бўйича иш ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилиши ҳақида хабар берди ва судланувчи қандай моддалар билан айбланаётганини маълум қилди.
Литва ҳукумати инсонпарварлик ёрдами сифатида Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманига 685 минг доза коронавирусга қарши вакцина юборди. Аввалроқ ЖССТ COVID-19 тарқалиши соғлиқни сақлаш соҳасида глобал фавқулодда ҳолат мақомини йўқотганини маълум қилганди.
МҲТИ экспертлари Ўзбекистонда сув танқислигини қурғоқчил ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги тармоғига қандай таъсир кўрсатишини ўрганди. 2030 йилга бориб мамлакатда 7 млрд куб метр сув танқислиги кузатилиши мумкин. Натижада Ўзбекистон сув танқис бўлган 33 та давлат қаторига тушиб қолиш эҳтимоли бор.
Диёра Келдиёрова Доҳа шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритиб, мамлакат тарихида совриндор бўлган илк ўзбекистонлик аёл дзюдочига айланди. Терма жамоа жаҳон чемпионатини умумий ҳисобда иккита кумуш ва иккита бронза медали билан якунлади.
UniSat 2.0 таълим дастури иштирокчилари Навоий вилоятида биоматериаллар, аллерген заррачалар ва ҳаво сифатини ўрганиш бўйича тажрибалар ўтказган ҳолда стратосферага иккита наносунъий йўлдошни учиришди. Дастур доирасида биринчи наносунъий йўлдош ўтган йили учирилганди.
Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида ҳафта ўртасида ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади, жойларда дўл ёғиши мумкин. Ҳарорат кечаси +10 даражагача, кундузи +17 даражагача пасаяди. Тошкентда чоршанба ва пайшанба кунлари момақалдироқли ёмғир ёғади.
Шавкат Мирзиёев Туркия раҳбари Режеп Таййип Эрдоғанни президентлик ва парламент сайловлари муваффақиятли ўтгани билан телефон орқали табриклади. 99,31 фоиз овозни санаб чиқиш якунига кўра, номзодларнинг ҳеч бири керакли 50 фоизни тўплай олмади, овоз беришнинг иккинчи тури ўтказилиши кутилмоқда.
Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш корхоналарида иш куни бошланиши ва тугаши пайтида миллий куй ва қўшиқлар, шу жумладан, мақомнинг эшитилиб туришини йўлга қўйиш таклиф қилинмоқда. Ҳужжат лойиҳасида бу ташаббус президентнинг Наманганга ташрифида берилган топшириқлар асосида ишлаб чиқилгани қайд этилган.
Ўзбекистонда 2023/2024 ўқув йили учун тест синовлари ўтказиладиган 92 та ёпиқ иншоот танлаб олинди. Пандемия туфайли жараён 3 йилдан буён очиқ ҳавода ташкил этилаётганди. Май ойи бошида ЖССТ коронавирус глобал фавқулодда ҳолат мақомини йўқотганини маълум қилган.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси фондига ихтиёрий бадал сифатида 100 минг доллар ўтказади.
Туркияда ўтган президентлик сайловининг илк натижалари Эрдоғаннинг 50 фоиздан камроқ овоз олганини кўрсатмоқда. Ҳозирча мухолифатчи рақибидан салкам 5 фоиз кўпроқ овоз тўплаган Эрдоған 28 май куни иккинчи турда Қиличдарўғли билан яна курашга киришиши мумкин.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг