Марказий банк раиси Humo ва Uzcard тўлов тизимлари банкоматларини интеграциялаш 7−10 кун ичида якунланишини маълум қилди. Шунингдек, Korzinka супермаркетлар тармоғида виртуал кассаларни ишга туширишга тайёргарлик кўрилаётганини, пулни нақдлаштириш учун комиссия фоизи муҳокама қилинаётганини айтди.
Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Алоқабанк»нинг Тошкент шаҳри марказидаги маъмурий биноларини сотиш ва Black Gold Industry News`га 390 млрд сўмлик имтиёзли кредит ажратиш бўйича келишувлар бекор қилинди, дея маълум қилди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов.
Экоблогер «O‘rikguli» пойтахтдаги дарахтлар «пала-партиш» суғорилиб, сув «исроф қилинаётганини» танқид қилди. «Газета.uz» бунга масъул ташкилот билан боғланди. Бошқарма бошлиғи буни тизимда ходим етишмаслиги, қолаверса кўплаб янги объектлар бошқарма балансига ҳали бери киритилмагани билан изоҳлади.
Чилонзордаги 230-сонли болалар боғчасида директорнинг 15 ёшли ўғли 4 нафар қизчага, улар ухлашга ётган вақтида тегажоғлик қилгани айтилмоқда. Бунга камида 3−4 нафар бола гувоҳ бўлиб қолган. Директор эса буни «туҳмат» деб атамоқда ва қизчаларнинг ўзини тарбиясизга чиқарди. «Газета.uz» суриштируви.
Жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари бўйича электрон ҳисобварақаларни расмийлаштириш, яъни бу маълумотларни солиқ органларига ўтказиш тартибига Марказий банк салбий муносабатда, деди Марказий банк раиси. Мутахассисларнинг айтишича, бу норма банк сири тўғрисидаги қонун ва Конституцияга зид.
Ҳукумат комиссияси ижара тўловларини хорижий валютага боғлашга рухсат бериши мумкин. Гап 200 млн доллардан ортиқ сармоя ва 70 минг квадрат метрдан ортиқ ижара майдонига эга йирик савдо ва кўнгилочар марказлар ҳақида бормоқда. Тошкентда қурилаётган биргина савдо маркази шундай талабга жавоб беради.
«Ўзкимёсаноат» компаниясига аввал «Ўзкимёимпэкс» корхонаси директори лавозимида ишлаб келган Тимур Муҳамеджонов раҳбар этиб тайинланди.
5−7 май кунлари Ўзбекистонда кузатиладиган кучли ёмғирлар сабабли 9 та вилоятда сел-сув тошқини юзага келиши мумкин. Айрим жойларда дўл ёғиши, шамол тезлиги кучайиб, чанг-тўзон кўтарилиши кутилмоқда.
АҚШ Глобал сейсмик тармоғининг (дунё бўйлаб 150 дан ортиқ станцияларни ўз ичига олади) бир қисми бўлган станция Жиззах вилоятига ўрнатилди. Шунингдек, АҚШ Ўзбекистонга сейсмик хавфларни баҳолаш ва қурилиш қоидаларини яхшилашда ёрдам беради.
Ўзбекистон бўйлаб апрель ойида 225 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан 5,5 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилди. Уларнинг энг кўпи Андижон, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келди.
Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолди. Регулятор биринчи чорак якунларига кўра, иқтисодиётдаги аксарият кўрсаткичлар макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида эканлигини таъкидлади. Йил якуни бўйича инфляция прогнози 8,5−9,5 фоиз даражасида сақланиб қолди.
Сурхондарёнинг Вочах қишлоғида 30 апрель куни референдум ўтказилмагани, қишлоқ аҳлига бюллетень ҳам берилмагани айтилганди. МСК мазкур ҳудуд учун кўчма қути юборилгани, бироқ аксарият фуқаролар чорва молларига қараш учун тоғга чиқиб кетгани сабабли яшаш манзилида бўлмаганини маълум қилди.
«Меҳрибонлик корпуси» ва МакГоверн-Доул дастури томонидан Сурхондарё ва Қорақалпоғистондаги 58 давлат мактабгача таълим ташкилотларида китоб бурчаклари очилди. Ушбу муассасаларга тўрт тилда салкам 5800 та китоб ҳадя қилинган.
Қирғизистон Жогорку Кенеши Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидан ID-карта орқали ўтишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Эндиликда фуқаролар ҳар икки давлат чегарасидан паспорт кўрсатмасдан ўтишлари мумкин бўлади.
Сенаторлар «Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 148-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида»ги қонунни маъқуллади.
Қашқадарёда ота ўғлининг номидаги хусусий корхонанинг 30 сотих ерини 100 минг долларга сотмоқчи бўлганда ушланди. Самарқанд ва Сирдарёда ҳам фуқаролар хўжалик ерини ноқонуний сотаётганда қўлга тушгани айтилмоқда. Ҳозирда ҳолатлар бўйича жиноят иши очилган.
UzAuto Motors 2023 йилнинг биринчи чорагида 258,76 млрд сўм соф фойда кўрди. Бироқ бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 43,8 фоизга кам.
Тижорат банклари 4 май куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 400 — 11 450 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 465 — 11 515 сўм.
Олмазор туманида савдо қилиш учун жой талашгани айтилган аёл устига бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборди. У 35 фоиз термик куйиш ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Шаҳар ИИББ аёл бундан аввал ҳам ўзини ёқишга урингани, ҳозирда прокуратура ишни текшираётганини билдирди.
Корея Ташқи ишлар вазирлиги ва Сеул мерияси Тошкент шаҳридаги Сеул боғини реконструкция қилиш учун салкам 500 минг доллар ажратади. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчиси Ким Хи Санг пойтахт ҳокими билан учрашувда маълум қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг