Сенат ва Қонунчилик палатаси Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича қўшма комиссия тузди. Унга омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилади.
Самарқандни зиёрат қилган Мирзиёев ва Бердимуҳамедов, метаннинг нархи ошганига изоҳ, антикоррупция бўйича ишлари баҳоланган ташкилотлар, муҳокамаси яна чўзилган Конституциявий қонун лойиҳаси, ўқишни кўчиришга онлайн қабул ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 15 июлдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ҳукумат қарори билан давлат олий таълим муассасаларига абитуриентларни онлайн рўйхатдан ўтказиш муддати 27 июлгача, чет тилидан ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналишлар учун эса 17 июлгача узайтирилди.
Интернетда ёқилғи қуйиш шохобчаларида метан нархи 3000−3100 сўмгача оширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Энергетика вазирлиги газ нархи эски тарифда қолганлиги сабабли «метан нархи ошганига объектив сабаблар йўқлигини» маълум қилди. Вазиятга «Ўзтрансгаз» ва Солиқ қўмитаси ҳам муносабат билдирди.
АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 31,64 сўмга қимматлаб, 10 981,93 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам кўтарилди.
Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати +36 даражадан +45 даражагача кўтарилади. Шанба куни шимолий ва чўл ҳудудларда, якшанба куни эса мамлакатнинг айрим жойларида чанг-тўзонлар кўтарилади, шамол тезлиги 22−25 м/с гача кучайиши кутилмоқда.
Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидовнинг таъкидлашича, Конституцияга киритиладиган ўзгартиришлар муҳокамасининг муддати олдинроқ 10 кунга узайтирилиши Нукус воқеалари билан боғлиқ эмас. «Бизга биров „чўзгин-чўзмагин“ деб кўрсатма бераётгани йўқ. Биз ўзимиз ҳал қиляпмиз», — деди у.
Эксперимент тариқасида 24 та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги баҳоланди. Рейтинг натижасига кўра, Божхона қўмитаси фаолияти «яхши», Адлия вазирлиги ва пойтахт ҳокимлиги фаолияти «қониқарли», ХТВ, ССВ, Қурилиш, Молия вазирликлариники эса «қониқарсиз» деб топилди.
Қонунчилик палатаси Конституцияга ўзгартиришлар киритишга оид қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддатини 1 августга қадар узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Оммавий муҳокамалар даврида лойиҳа бўйича 85 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушгани айтилмоқда.
Сирдарё вилоятида яшовчи фуқаро Сибир ярасини (куйдирги) юқтириб олгани аниқланди. Вилоят СЭС бошқармаси касаллик одамдан одамга юқмаслигини айтиб, ҳозирда эпидемиологик вазият барқарорлиги ва хавотирга ўрин йўқлигига ишонтирмоқда.
Туркманистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича 19 та ҳужжат, жумладан, Амударё сув ресурсларини бошқариш, муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисида, транспорт ва транзит ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимлар имзоланди.
2022/2023-ўқув йили учун хориждан ва Ўзбекистондаги ОТМлар ўртасида ўқишни кўчириш, қайта тиклаш бўйича аризалар 5 августгача қабул қилинади. Олий таълим вазирлиги аризаларни онлайн юбориш учун иккита платформа ишга туширилганини маълум қилди.
2022−2026 йилларга мўлжалланган «Хавфсиз ва равон йўл» дастурига мувофиқ, Тошкент шаҳрида 30 та автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик тўхтаб туриш жойи ташкил этилади. Шундан 10 тасини 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Ўзбекистон ва Туркманистон президентларининг кенгайтирилган таркибдаги музокараларида Ўзбекистон энергетика соҳасида, жумладан, Туркманистондан электр энергияси, газ ва нефт маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида юқори фаоллик иккинчи чоракда ҳам давом этди. Марказий банк маълумотларига кўра, апрель-июнь ойларида иккиламчи кўчмас мулк нархлари 2 фоизга, янги бинолардаги квартиралар 2,4 фоизга ошган.
Президент қарори билан 1 сентябрдан ДХШ асосидаги ва оилавий нодавлат боғчаларга ҳам 3 ёшга тўлмаган болаларни қабул қилишга рухсат берилади. Тарбиячи ва ёрдамчиларнинг бюджетдан иш ҳақини қоплаш учун субсидия тўғридан-тўғри ходимларнинг пластик картасига ўтказиб берилади.
Ўзбекистонликларни Россияга уюшган ҳолда ишга ёллаш 5,6 баравар камайди. Айни вақтда Корея Республикасига оқим кўпайган, деб хабар қилди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.
Сенат номинал қиймати 1000 сўм бўлган янги танга намунаси ва дизайнини маъқуллади. Марказий банк уни йил охиригача муомалага чиқаришни режалаштирмоқда. Ушбу номиналдаги қоғоз пулларнинг тангага алмаштирилиши ҳақида йил бошида хабар берилган эди.
Жанубий Кореяда ўтказилган ўқ отиш бўйича Жаҳон кубоги финалида ўзбекистонлик спортчилар 16 очко билан 3-ўринни эгаллади. Мусобақада 1-ўрин Италия, 2-ўрин эса Ҳиндистон вакилларга насиб этди.
Вазирлар Маҳкамасининг бизнес учун электр энергияси ва газ нархини ошириш тўғрисидаги қарори вақтинча тўхтатилди. Ҳукумат ушбу қарорни янги тарифлар кучга киришидан бир кун олдин қабул қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг