Ҳукуматнинг 2022−2023 йилларга мўлжалланган ёшлар сиёсати дастури ижтимоий қўллаб-қувватлаш, консультациялар, тренинглар, мусобақалар, марафонлар ва бошқаларни назарда тутади. «Ёшларнинг бўш вақти — етакчининг иш вақти» тамойили асосида уюшмаган ёшлар билан ишлаш режалаштирилмоқда.
2023 йилдан савдо мажмуалари, маданият ва истироҳат боғлари, ресторан, меҳмонхона, супермаркет, бозор, аэропорт, темир йўл ва автобус вокзаллари, хусусий таълим ва тиббиёт ташкилотлари, банклардан камида 25% иссиқ сув истеъмоли ва ташқи ёритишни муқобил энергия ҳисобидан қоплаш талаб этилади.
Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси раҳбари Жалол Арашов қурилиш вазири ўринбосари лавозимига тайинланди.
Президент муқобил энергия ускунасини ўрнатган аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилишини маълум қилди. Унга кўра, қуёш ва шамол электр ускуналарини ўрнатганларга 15 млн сўмгача компенсация тўланади ёки 3 йилга фоизсиз муддатли тўлов имконияти яратилади.
Ҳукумат қарори билан коллеж ёки техникум дипломидаги мутахассислиги бўйича 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар контракт асосида ОТМга қабул қилинади. Бунда тавсияномага эга абитуриентлар орасида алоҳида тест ўтказилади, улар орасидан юқори балл тўплаган 500 нафаригина ОТМга кира олади.
Тошкент шаҳрида икки нафар ёшлар ички ишлар ходимлари томонидан калтаклангани айтилмоқда. Бош прокуратура ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётганини маълум қилди.
Конституцияда давлат ва жамият ўзаро бир-бирини тийиб туришини янада мустаҳкамлаш таклифи билдирилди. Сенатор Наримон Умаров буни «фуқаролик жамиятини шакллантиришда муҳим омил» деб атаган бўлса, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов «ҳеч хаёлимизга келмаган таклиф» дея таъкидлади.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги шу кунгача Ўзбекистоннинг 292,6 минг гектар майдонда чигирткалар тарқалганини аниқлади. Мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида 284 минг гектарлик майдонда кимёвий ишловлар ўтказилган.
Шанба куни Ўзбекистонга Кавказ ҳудудларидан бироз нам ва нисбатан салқин ҳаво кириб келади. Душанбагача айрим вилоятларда ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Кундузи ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиб, +31…+33 даражагача тушади.
Наманган вилоятида Исҳоқхон Ибрат номидаги давлат чет тиллари институтини ташкил этилди. Ўқув жараёнлари сентябрдан бошланади.
Тошкент вилоятида ҳайдовчилар учун Ягона имтиҳон маркази очилди. Ҳудуднинг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳонлари энди фақат шу ерда ўтказилади. Биринчилардан бўлиб вилоят раҳбари Зойир Мирзаев имтиҳон топширди.
Жума куни «Open-air» концерти ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон давлат консерваторияси олдидан ўтувчи кўча транспорт ҳаракати учун соат 18:30 дан 23:00 гача ёпилади.
Май ойида сўмнинг реал айирбошлаш курси февраль ойидан буён 8 фоизга пасайиб, яна 1,8 фоизга қадрсизланди. Марказий банк буни юқори инфляция ва ҳамкор мамлакатларда валюта курсларининг кўп йўналишли ўзгариши билан изоҳлади.
БМТ Бош ассамблеяси делегатлари Малта, Мозамбик, Швейцария, Эквадор ва Япония мамлакатларини Хавфсизлик кенгашининг янги вақтинчалик аъзолари этиб сайлади. Ушбу давлатлар вакиллари 2023−2024 йиллар давомида Кенгаш ишида иштирок этади.
Гулистон шаҳрида 26 ёшли аёл ўзининг 1 ёшли фарзандини 15 минг доллар эвазига сотаётган вақтида ушлангани айтилмоқда. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, гумондор ҳибсга олинди.
Шавкат Мирзиёев Эронда йўловчи поезди фалокатга учраб, кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан мамлакат президентига таъзия билдирди. Ҳодиса оқибатида 21 киши ҳалок бўлган, 87 нафарга яқин йўловчи жароҳатланган.
Тошкент шаҳри, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида валюта қимматликларини ноқонуний равишда сотишга уринганликда гумонланган шахслар қўлга олинди. Улар 13 300 долларни 147,7 млн сўмга айирбошлашга ҳаракат қилгани айтилмоқда. Гумондорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкентнинг Бектемир туманидаги «Шоназар» маҳалласидан дрифт ва дрэг-рейсинг уюштириш учун ер участкаси ажратилади. Кенгаш автопойга иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланиши, автомобилларини техник кўрикдан ўтказиши учун шароит яратиш бўйича топшириқ берди.
Аеродромдаги шартли фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича машғулотларга Тошкент аэропортининг 13 та хизмати — 117 ходим, 47 та техника ва Ту-154 ўқув самолёти жалб этилди. Фотосурат.
Ўзбекистонда вино ва пивонинг рекламасига рухсат берилгани, 16% этиб белгилаган асосий ставка, Ўзбекистонга $142 млнлик имтиёзли кредит ажратаётган Жаҳон банки, ёлғиз кексалар ва фахрийларга бепул озиқ-овқат ўрнига бериладиган нақд пул ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 9 июндаги хабарлар дайжестида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг