Президент Ўзбекистон аэропортларига инвесторларни жалб этиш, республика ҳудудлари ўртасида ҳаво, темир йўл ва автомобиль қатновларини кўпайтириш бўйича ишларни қониқарсиз деб баҳолади. Транспорт вазири «охирги марта огоҳлантириш» олди.
Қирғизистон хавфсизлик кучлари томонидан Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб ўтувчи 155 метрлик махфий туннел топилди. Бундан олдин ҳам Ўш вилоятидан Андижонга ўтиш мумкин бўлган 270 метрлик туннель аниқланганди.
Президент Ўзбекистон ҳамда Қатар давлати ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битимни тасдиқлади. Ҳужжат авиақатновни ташкил этишдан ташқари, авиакомпанияларга божхона йиғимлари ва солиқ тўловларидан озод этувчи имтиёзларни назарда тутади.
Тошкент шаҳридаги Янгиобод бозорининг масъул ходимларидан бири тадбиркорга харидорлар гавжум жойдан ноқонуний тарзда савдо дўкони олиб беришга урингани айтилмоқда. У бунинг эвазига 10 минг доллар талаб қилиб, шундан 8,5 минг долларини олганида ушланган.
Австрияда бўлиб ўтган Европа очиқ чемпионатида уч нафар ўзбекистонлик ёш дзюдочилар 3 та бронза медалини қўлга киритди.
Талабани зўрлашга уринганликда гумонланган ТДПУ собиқ декан ўринбосари иши бўйича суд якунига етди. Суд айбланувчи Б.Ю.ни қизнинг номусига текканлик факти бўйича оқлади. Бироқ, у талабани деразадан итариб юборганликда айбли деб топилди ва 3 йилга қамалди.
Президент ер майдонларини аукционга қўйишда сусткашликка йўл қўйган Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманлари ҳокимларига охирги марта «ҳайфсан» берди. Уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарларини ишдан олишга кўрсатма берилди.
Олий таълим вазири энди фақат икки тоифадаги талабаларга ўқишни кўчиришга рухсат берилиши, қолган ҳолларда эса академик мобиллик қўлланилишини таъкидлади. «Талаба турмуш қурса ва давлат хизматчиси бошқа иш жойига ўтса, вазирнинг хати билан кўчиришга рухсат берилади», — деди Абдуқодир Тошқулов.
«Агробанк» нинг янги — Agromarkaz ва Agrozamin-O‘zimizniki лойиҳалари — фермерлар ва томорқа ер эгаларига мўлжалланган.
10 июндан бошлаб Ўзбекистонга кириб келувчи ҳам хорижлик, ҳам маҳаллий фуқаролар учун коронавирус билан боғлиқ барча чекловлар, жумладан, манфий натижали ПЗР-тест ҳамда ковидга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификат талаби бекор қилинди.
Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг «Ғўза биотехнологияси» лабораторияси ноодатий рангда пахта етиштириш бўйича тажриба ўтказмоқда. Табиий рангли тола ишлаб чиқариш пахтанинг экспорт салоҳиятини оширади, деб ҳисоблайди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида гумонланувчи сифатида ҳибсга олинди. У 2017−2019 йилларда Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида катта миқдордаги бюджет маблағларини ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда.
Рим шаҳрида Гран-при туркумига кирувчи турнирда таэквондочи Шуҳрат Салаев бронза медалини қўлга киритди.
Марказий Осиёга ташрифи доирасида БМТ бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад Ўзбекистонга ҳам келади. Сенат ва Ёшлар ишлари агентлигида музокаралар, шунингдек, Ўзбекистоннинг лидер аёллари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилмоқда.
8 июндан бошлаб Қозоғистон чегарани кесиб ўтишда эмланганлик ҳужжати ва ПЗР тести талабини бекор қилди. Шунингдек, мамлакатнинг 7 та вилоятидаги вақтинчалик ёпилган 12 та автомобил чегара ўтказиш пунктларининг иши қайта тикланмоқда.
Буюк Британия Консерватив партияси депутатлари бош вазирга ишончсизлик вотуми билдириш бўйича овоз берди. Борис Жонсоннинг танқидчилари уни карантин пайтида базмлар уюштирганликда айбламоқда. Фракция аъзоларининг 58,5 фоизи бош вазирни қўллаб-қувватлади ва у лавозимини сақлаб қолди.
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳи 21−22 июнь кунлари Женевада бешинчи бор йиғилиш ўтказади. Аввалроқ бош вазир ўринбосари — ИТСВ раҳбари Сардор Умурзаков Ўзбекистон ташкилотга тезроқ киришга устувор аҳамият қаратишини таъкидлаган эди.
Президент қарори билан 254 та спорт мактаби ва 56 та ихтисослаштирилган спорт мактаби ташкил этилди. 4 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар 6 босқичда сараланади ва профессионал спортга салоҳияти борларгина ихтисослаштирилган спорт мактабига қабул қилинади. Кейинги йилдан мактабларга 35 млрд сўм ажратилади.
Янгийўл туманида фуқаро Кадастр агентлигида ишловчи танишлари орқали 40 сотих ер майдонини бошқа бир фуқаро номига ноқонуний тарзда расмийлаштириб беришга уринганликда айбланмоқда. Гумонланувчи бунинг эвазига келишилган 29 минг доллардан 10 минг долларини олганда ушланди.
Президент қарори билан Олий спорт маҳорати институтига қабул 2023/2024 ўқув йилидан бошланади. Институт Самарқандда жойлаштирилади, унга яхши натижага эришган Олимпия ва Паралимпия коллежлари битирувчилари қабул қилинади. Битирувчиларга «тренер», «ҳакам», «селекционер» мутахассисликлари берилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг