Ҳукумат қарори билан ногиронлиги бор кишиларни ишга олган шахсларга ҳар бир ходим учун БҲМнинг1,5 баравари (405 минг сўм) миқдорида субсидия берилади. Мазкур тартиб бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан амал қилмайди.
Ўзбекистоннинг Киев шаҳридаги элчихонаси 22 апрелдан ўз иш фаолиятини тўлиқ тиклагани маълум қилинди. Элчихона вақтинча Львов шаҳрида фаолият кўрсатаётган эди.
Ўзбекистонда банклар қатъий санкцияга тушган банклардан олинган кредитларни иккиламчи санкциялар хавфини яратмасдан қайтариш бўйича халқаро юридик консалтинг компанияларини жалб қилмоқда, дея хабар қилди МБ.
21 апрель куни Халқаро бизнес марказининг 9-қаватидан тушиб кетган 42 ёшли эркак ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Воқеа жойи ўраб олинган. Юнусобод туман прокуратураси ҳолатни ўрганмоқда.
Асосий ставкани 17% даражасида қолдирган Марказий банк, Қашқадарёда дунё бозоридаги вазият ҳақида гапирган Шавкат Мирзиёев, ходимдан норози бўлиб ҳовлида тўпланган Тошкентдаги 21-Меҳрибонлик уйи болалари, Жиззахдаги селда вафот этган 5 киши, имтиҳонсиз ўқув йилини якунлайдиган 5−6−7−8 ҳамда 10-синф ўқувчилари, телефон рақами орқали давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 21 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Тошкентдаги 21-Меҳрибонлик уйида юзага келган вазият ўрганилганда, муассаса тарбияланувчилари томонидан ходимлардан бирига нисбатан эътироз кайфияти шакллангани аниқланди, деб хабар берди ХТВ.
1 сентябрдан айрим нодавлат ташкилотларга «Электрон ҳукумат» тизими орқали шахсга доир маълумотлардан фойдаланиш имконияти яратилмоқда. Улар шахсга доир маълумотларни ошкор қилмаслик бўйича зарур чораларни кўришлари шарт.
Тошкентнинг Учтепа туманида Николай IIнинг номинал қиймати 5 рубль бўлган 20 дона қалбаки тилла тангани сотмоқчи бўлган йигит қўлга олинди. У ҳар бир тангани 300 долларга баҳолаган.
Синтетик гиёҳвандлик воситалари ва янги турдаги психофаол моддаларнинг тез суръатларда тарқалиши, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқаришда кимёвий моддаларнинг ноқонуний айланишининг кучайиши минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид солади. Бу ҳақда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг гиёҳвандлик моддаларига қарши курашиш бўйича ваколатли органлар раҳбарларининг йиғилиши якуни бўйича маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга сафари олдидан Амир Темурнинг Тўхтамишхон билан жанги ҳақида ўқигани, Соҳибқироннинг жангларни шахсан ўзи бошқаргани унинг учун янгилик бўлганини таъкидлади.
«Шакар заводларимиз ишлаши учун хомашёни Бразилиядан келтирар эдик. Афсуски, ҳозирги айрим сиёсий вазиятлар туфайли йўллар ёпилиб қолиб, ишлар тўхтади», — дея маълум қилди президент. У нефть маҳсулотлари 50 фоиз, ўсимлик ёғи эса 70 фоизга қимматлашганини қайд этди. Шавкат Мирзиёев нарх ошиши ва инфляциянинг одамлар ҳаётига салбий таъсирининг олдини олиш учун янада кўпроқ ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлади.
Жиззах вилоятида бир кун аввал бедарак йўқолгани айтилган яна бир фуқаронинг жасади топилди. Сел қурбонларининг умумий сони беш нафарга етди. Жиззах вилояти прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда. Табиий офат оқибатларини бартараф этишга ҳарбийлар ҳам жалб қилинган.
Жорий ўқув йили якунида 5−6−7−8 ҳамда 10-синфларнинг босқичли имтиҳонлари ўтказилмайди. Ихтисослаштирилган давлат мактаблари ва мактаб-интернатлар эса буни ички низомига кўра бажаради. Шунингдек, дам олиш кунлари ҳисобига 9-синф битирувчилари «Жисмоний тарбия» фанидан якуний назорат имтиҳонларини ҳар йилгидек 2−7 май кунлари эмас, балки 11−14 майда топширади.
2022 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон экспорти 2,4 баравар ошиб, 5,7 млрд долларга етди. Экспорт таркибининг ярмидан кўпроғи олтин савдосидан иборат бўлди. Олтинни ҳисобга олмаганда, экспорт ўсиши 15,8 фоизга тенг бўлди. Импорт эса 44,6 фоизга ўсиб, 7,4 млрд долларни ташкил этди.
Марказий банк асосий ставкани 17 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди. Асосий савдо-ҳамкор давлатларда иқтисодий вазият шу жумладан, валюта курсларининг маълум даражада мувозанатлашуви кузатилаётганига қарамасдан, барча макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича ўрта муддатли истиқболда ноаниқлик ва хатарлар даражаси юқорилигича сақланиб қолмоқда, дея қайд этди регулятор. МБ инфляция, пул ўтказмалари ва ЯИМ ўсиши бўйича прогнозларини ёмонлаштирди.
1 июлдан лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг айрим талаб ва шартлари бекор қилинмоқда. Жумладан, хорижда туриб масофавий (онлайн) шаклда ишлаш учун Ўзбекистон ҳудудида тасдиқнома олиш шарт бўлмайди.
23−24 апрель кунлари Тошкентда Халқлар дўстлиги майдони атрофида дуатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтиши муносабати билан бир қатор кўчалар вақтинча ёпилади.
Пахтаобод туманида ирригация бўлимида ишлайдиган ака ўзининг кадастр бўлимида ишлайдиган укаси орқали туман ҳокимлиги захирасидаги 10 сотих ер майдонини уй-жой қуриш учун сотмоқчи бўлганликда гумон қилинмоқда. Гумонланувчилар фуқародан 10,1 минг доллар олган вақтида ушланган.
1 июндан давлат хизматлари марказларида электрон давлат хизматларидан фойдаланиш учун ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи жойлар ташкил этилади. Шунингдек, ДХМлардаги банк шохобчаларида тўлов амалга оширилганда, фоизгача бўлган банк комиссияси олинмайди. «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшлар ОТМларга кириш имтиҳонлари учун тўловдан озод қилинди.
Янгиер шаҳрида Nexia-3 автомобилига ўрнатилган газ баллони портлаши оқибатида машина бутунлай яроқсиз ҳолга келди. Ҳодисада ҳеч ким жабрланмади. 2 машина зарарланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг