Пойтахтда автотураргоҳлар сонини қисқартириш ва жамоат транспорти ривожланиши учун кўпроқ шароит яратиш режалаштирилаяпти, деб маълум қилди Транспорт вазирлиги вакили Мурод Обидов. Унинг сўзларига кўра, Тошкентда автотураргоҳларни кенгайтириш учун ер йўқ, уларда автомобилларни эрталабдан кечгача сақлаб туриш эса ер ресурсларидан фойдаланишнинг энг самарасиз усули ҳисобланади.
Бухоро вилоятида фуқароларга қалбаки авиачипталарни расмийлаштирган корхона раҳбари ва унинг шериги қўлга олинди. Январь-февраль ойларида улар сохта чипталарни Бухоро-Домодедово рейси бўйича 27 нафар фуқарога сотишган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «Яндекс такси» компаниясининг МДҲ давлатлари бўйича бошқарувчи директори Кирилл Свинцов билан учрашув ўтказди ва унда компанияга Ўзбекистон IT-паркининг резиденти мақомини олишни таклиф қилди.
АҚШ Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинларига қиймати 2,5 млн долларлик 50 дона Toyota Hilux ва Fortuner автомобилларини топширди. Автомашиналар Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси доирасида тақдим этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 21−22 апрель кунлари Қашқадарё вилоятига сафар қилади.
Microsoft билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича онлайн учрашувда АКТ вазирлиги компанияга Ўзбекистонда офис очишни таклиф қилди.
Кичик тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш учун банкларга 300 млн доллар эквивалентида кредит линияси ажратилади. Маблағларининг камида 70 фоизи шаҳарлардан ташқари ҳудудларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга ажратилади. Кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада, 5 млрд сўмгача миқдорда ажратилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги шер боласи тишлаб олган боланинг аҳволи қониқарли экани, у пойтахтдаги 2-болалар поликлиникасида даволанаётганини маълум қилди. Боланинг аҳволини травматология ва нейрохирургия бўлими мудири ҳамда Ўзбекистон бош рабиологи назорат қилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Уткиржон Қодиров Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари — вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У ушбу лавозимда Бахром Юсуповнинг ўрнини эгаллади.
Нукусда Ўзбекистондаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси асосида илк диализ маркази иш бошлади.Май ойидан Урганч ва Боғот туманида ҳам шундай клиникалар иш бошлайди, йил охиригача эса Тошкентда энг йирик клиника ишга тушади.
Кобулдаги иккита мактабда рўй берган учта портлаш натижасида камида олти киши ҳалок бўлди, 20 га яқин киши жароҳатланди. БМТ ҳужумни қоралади, ташкилотчилар ҳозирча ўзларини эълон қилмади.
Айрим ҳоким ёрдамчиларининг таъмагирлиги ҳақида гапирган Шавкат Мирзиёев, ўқувчи қизларга тегажоғликда гумонланаётган мактаб психологи, Афғонистон билан чегарада вазият барқарорлигини айтган Шерзод Асадов, аукционга қўйилган АКТ вазирлиги биноси, Ортиқхўжаевни қатъий огоҳлантирган президент ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 19 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Олд ўриндиқда хавфсизлик камарини тақмагани учун жаримани йўловчининг ўзи тўлайди, дея маълум қилди ИИВ. Жарима миқдори БҲМнинг ярмини (135 минг сўм) ташкил қилади. Бироқ, МЖТКга ҳали йўловчилар жавобгарлиги бўйича ўзгартиришлар киритилмаган.
Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари мамлакат бўйича 5 мингга яқин бўш бино борлигини аниқлади. Шавкат Мирзиёев бўш бино-иншоотларни сотиш, ижарага беришдан тушган маблағларни ушбу маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантиришга сарфлашни буюрди. «Йил якунига қадар бўш бино қолиши керак эмас», — деди у.
Президент Тўрақўрғон тумани «Шарқ» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси пора олгани учун 5 йилга қамалганини маълум қилди. «Жойлардаги айрим ҳоким ёрдамчилари „кредит, субсидия, ер олиб бераман“, деб таъмагирлик қилаётгани ҳам жуда ачинарли ҳолат», — деди Шавкат Мирзиёев. Барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари қатъий огоҳлантирилди.
«Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ўзининг ўринбосарлари фаолиятини танқид қилди. Унинг иқтисодиёт ва молия масалалари бўйича ўринбосари Улуғбек Ашуров ўз аризасига кўра эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Россия ОАВлари маълумотларига кўра, охирги бир ярим ойда Ўзбекистонга 5 мингдан ортиқ россияликлар ташриф буюрган. Натижада февраль ойининг охиридан март ойининг ўрталарига қадар Тошкентда квартира ижарасининг ўртача нархи 15 фоизга ошган. Республикада сўнгги уч ойда ижара ҳақи 0,9 фоизга, яъни 2021 йилнинг мос даврига нисбатан икки бараварга қимматлашган.
Фарғона вилоятининг Фурқат туманида яшовчи фуқаро ўзига тегишли ер майдонида 6 туп кўкнори етиштираётганлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари 35,3 млн аҳоли истиқомат қиладиган 6,9 млн хонадонни тўлиқ хатловдан ўтказди. Натижада хонадонларнинг 47 фоизида қўшимча даромадга эҳтиёжи бор, 36 фоизида ўзига тўқ, 11 фоизида кам даромадли ва 6 фоизида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар яшаши маълум бўлди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 18,65 сўмга арзонлаб, 11 259,37 сўмни ташкил этди. Евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг