Бўстонлиқдаги «Ёшлик» болалар оромгоҳи негизида «Ренессанс» соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилади. Оромгоҳ Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфига ўтказилади. Унда иқтидорли болалар ҳамда агентлик тизимидаги ходимлар дам олади ва ўқитилади.
ДХХ Фарғона вилоятида халқаро террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимлар раҳнамоларининг «жиҳод» га чорловчи маърузаларини юклаб олиб, танишларига тарқатганликда гумон қилинган 24 ёшли фуқарони қўлга олди. Дин ишлари бўйича қўмита унинг телефонидаги материалларни ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганини тасдиқлади.
Президент Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилишини маълум қилди. Унга бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади, унинг ўринбосари ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бўлади. Ҳудудий комиссияларга эса ҳокимлар раҳбар этиб тайинланади. Комиссиялар йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма ҳамда авария ўчоқларини ўрганади.
Тошкент шаҳридаги мактаб ва боғчалар олдида автомобиль ҳаракатининг максимал тезлиги 30 км/соатдан ошмайди. Бу ҳақда президент видеоселекторда маълум қилди. Қолаверса, айрим гавжум кўчаларда эса ҳозирги 70 км соатдан 60 кмгача тушириш зарурати борлиги таъкидланди.
Тошкент шаҳридаги 21-сонли меҳрибонлик уйидаги болага тарбиячи томонидан жисмоний тазйиқ қилиб келинаётганлиги аниқланди. Болалар омбудсмани ҳолат бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилган ва тарбиячини вақтинчалик ишдан четлатиш учун ХТВга хат киритган.
Президент Тошкент шаҳрининг 602 та чорраҳасидан 111 тасидагина рақамли бошқарув мавжудлиги, бошқа шаҳарларда эса бундай тизим умуман йўқлигини танқид қилди. Шундан келиб чиқиб, Тошкентда йўл ҳаракатини рақамли бошқариш тизими тўлиқ пойтахт ҳокимияти тасарруфига ўтказилиши айтилди.
ФВВнинг аниқлик киритишича, Андижон вилояти Шаҳрихон туманида тиббиёт марказида рўй берган портлаш оқибатида бир нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, тўрт нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, туман шифохонасига жойлаштирилган.
Жиззахлик фуқаро Суриядаги халқаро террорчилик ташкилоти сафига қўшилишни режалаштирганликда гумон қилинмоқда. У хориждалигида «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотининг ғоявий таъсирига тушиб қолиб, ватанга қайтгач, ўндан ортиқ тенгқурларига ташкилот ғояларини тарғиб қилгани айтилмоқда. Фуқаро ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.
«Газпромбанк» Самарқанд аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳасини молиялаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги тиббиёт муассасаларидан бирида газ портлаши юз берди. 7 киши жароҳат олган, ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ.
Президент Шавкат Мирзиёев йўл ҳаракати қоидалари халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилишини маълум қилди. Қоидабузар ҳайдовчиларга балл ҳисоблаб борилади, бир йилда қоидабузарликлари 12 баллдан ошган ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. «Ҳар йили 500 минг киши ҳайдовчилик гувоҳномасини олса, улардан 25 фоизи машғулотларга қатнашмайди» деди президент ва ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим жорий этилишини таъкидлади.
Андижон вилояти Марҳамат туманида ўқитувчилар ота-оналар олдида узр сўрашга мажбур қилинган ҳолат юзасидан Халқ таълими вазирлиги ўрганиш ишларини якунлади. Натижада туман ҳокимлиги ташаббусига асосан ташкил этилган мазкур тадбирга қонуний баҳо бериш учун ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.
2021 йилда Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди, унда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳат олган. Авариялар оқибатида 2,5 мингга яқин инсон ҳалок бўлган, шундан 263 нафар ёш бола ҳисобланади. Президент видеоселекторда Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ЙХҲБ бошлиқларини ишдан олишга кўрсатма берди.
Ўзбекистон Американинг AeroVironment компаниясидан разведка ишларини амалга оширувчи енгил RQ-20B Puma 3 AE дронларини сотиб олади. Умумий қиймати 8,54 млн долларлик шартнома бўйича ишлар 2022 йил 30 ноябрига қадар тугатилади. Shephard Defence Insight сайти ҳисоб-китобларига кўра, шартнома доирасида Ўзбекистонга 40 га яқин дрон етказиб берилиши мумкин.
Президент қарорига кўра, Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан Наманганда шоирга ҳайкал ўрнатилади. Унинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш учун ДХХ ва Россиядаги тегишли архив материаллари билан танишишга шароит яратилади. Тошкент ва Наманган шаҳарларидаги кўчаларга Усмон Носир номи берилади.
Президент Шавкат Мирзиёев йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масаласида йиғилиш ўтказади. Бу давлат раҳбари раислигида айнан шу масалага бағишланган биринчи йиғилиш бўлади. Куни кеча Avtotest ва Autodriver асосчиси Комил Алламжонов «йўлларда ЙТҲ сони ва ўлим сонини қисқартириш учун» кураш бошлаганини маълум қилган эди.
Ўзбекистон Economist Intelligence Unit`нинг «Демократия индекси» да 150-ўринни эгаллади. Тадқиқотчиларнинг фикрича, мамлакатда демократия билан боғлиқ вазиятда ҳеч қандай ўзгаришлар қайд этилмаган, у «авторитар режимлар» гуруҳида қолмоқда.
Санитария-эпидемиология хизмати ҳозиргача бустер доза олиши мумкин бўлган 5,2 млн нафар фуқародан 733,8 минг нафари ушбу доза билан эмланганини маълум қилди. Таъкидланишича, бустер дозани вакцинанинг ҳар қандай туридан фойдаланган ҳолда олиши мумкин. «Бустер доза билан эмланиш „альфа“, „дельта“, „омикрон“ штаммидан ҳимоя қила олади», — дейилади хабарда.
Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов аҳолининг 65 фоизи олий таълимга ҳалиям ишонмаслиги ҳақида сўровларни кўрганлигини таъкидлади. Вазир соҳада коррупция камайган бўлса-да, тизим атрофида фирибгарлар кўпайганлигини қайд этди. «Халқ, раҳбарият олий таълимнинг „ювелир“ даражада тоза бўлишини хоҳлайди», — деди у.
Бутунжаҳон Олтин Кенгаши Ўзбекистон 2021 йилнинг ноябрь ойида 21,5 тонна олтин сотиб, декабрь ойида 8,4 тонна олтин сотиб олганини маълум қилди. Марказий банк маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон олтин захираси миқдори 11,6 трой унцияни, унинг қиймати эса 20,94 млрд долларни ташкил этади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг