Сенат раиси Танзила Нарбаева ялпи мажлис вақтида сенаторлар фаолиятидаги тадбирбозликни танқид қилди. «Сенаторлар фақатгина қўмита мажлиси ёки қайсидир тадбирда иштирок этиш билан чекланиб қолмоқда» — деди у. Қолаверса, қўмиталар етарлича ишламаётгани, улар фақат раҳбарларнинг ахборотини тинглаш билан шуғулланаётгани таъкидланди.
АКТ вазири Шерзод Шерматов UzIMEI яширин иқтисодиётга қарши курашиш учун кераклигини таъкидлади. «IMEI керак эмас, IMEI`ни йўқ қилинглар, деган гаплар тагида ноқонуний бозордан „доля“ олиб, фойда қилиб турганларнинг лоббиси турибди», — деди вазир Kun.uz нашрига берган интервьюсида. Шерматов UzIMEI пулли эканлигига тўхталиб, унинг солиқ эканлигини қайд этган.
Президент 1 мартдан «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланишини маълум қилди. Жорий йил баҳор мавсумида «Яшил макон» лойиҳаси доирасида 125 млн дона дарахт кўчатларини экиш режалаштирилмоқда. Аҳолига камида 10 млн дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари бепул тарқатилади. «Агар Ўзбекистонда экологияни яхшилайман деса, ҳар йили ҳар бир хонадон иккитадан дарахт эксин. Ҳар бир ташкилот бештадан дарахт эксин, қайси ташкилот бўлишидан қатъи назар», — деди президент.
Пешкўлик фуқаро уй олиш мақсадида март ойида қурилиш корхонаси қурувчисига 150 млн сўм пул берган. Қурувчи уйни расмийлаштириб бермагани учун фуқаро пулини қайтаришни сўраган. Пулини ололмаган эркак ўзини-ўзи ёқиб юборган, натижада танасининг ярми куйган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Финляндия ҳукумати Ўзгидромет салоҳиятини модернизация қилишга йўналтирилган лойиҳага 2 млн евро грант ажратишни маъқуллади. 3 йиллик лойиҳа табиий офатларни прогноз қилиш ва иқлим ўзгаришига мослашишни рағбатлантиришни назарда тутади.
Самарқанд туманида фермер ўзига қарашли хўжаликнинг суғориладиган еридан 1 гектарини фуқарога иссиқхона қуриш учун сотиш ва ҳужжатларни тайёрлаб беришни келишиб олгани айтилмоқда. Бунинг эвазига у 20 минг доллар олган вақтида ушланган. Унга нисбатан жиноят иши очилди.
Самарқанд вилояти ҳокими танқидий материал ёзувчи журналист ва блогерларни моддий рағбатлантиришини маълум қилди. «Негатив» материал учун рағбатлантириш ишлари 15 февралдан бошланиб, ҳар ҳафта амалга оширилиши айтилди. Маблағлар ишида камчиликка йўл қўйган давлат хизматчилари ойлигидан тушган жарималар ҳисобига тўланади.
Коронавирус юқтириб олганларнинг кунлик сони 22 январь максимал (1478 та) даражага етгандан бери илк бор — 1000 тадан камайиб, 926 тани ташкил қилди. Энг юқори кўрсаткич қайд этилган ҳудуд Тошкентлигича қолмоқда — 431 та. Ковид асоратлари оқибатида 4 нафар бемор вафот этди. Қолаверса, 188 кишида пневмония аниқланди.
Шахрилло Махмудов ва Абдулло Аслонов туризм ва спорт вазирининг ўринбосарлари этиб тайинланди. Ҳозирга қадар вазир ўринбосарлари бўлган Ўткир Саидов ва Авазжон Каримов эса лавозимдан озод этилди.
UzAuto Motors компанияси блэкаут оқибатида компонентларни ишлаб чиқарувчи корхоналар ишида юз берган узилишлар, шунингдек, олиб сотарлар сонининг кўпайиб кетгани боис Nexia, Spark, Cobalt ва Lacetti автомобиллари учун аризалар қабул қилишни қайта тиклай олмади. Декабрда тўхтатилган шартномаларни қабул қилиш жараёни 1 февралдан қайта тикланиши режалаштирилган эди.
Европа ҳудудида ишсизлик даражаси рекорд даражада пасайгани, АҚШ ташқи қарзининг 30 трлн доллардан ошгани, Борис Жонсон рус аскарининг Украина ҳудудига қадам босиши биланоқ санкциялар жорий қилишини маълум қилгани, Тожикистоннинг Афғонистонга гуманитар ёрдам жўнатиши, «Толибон» ҳукуматида илк бор аёллар бошқарув лавозимига тайинлангани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz» нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Ўзбекистонга Европанинг 8 та давлатидан, қолаверса, Австралия, Исроил ва Мисрдан кириб келувчи йўловчилар учун 10 кунлик мажбурий карантин тартиби бекор қилинди. Бундан ташқари, Африка давлатлари ва Гонконг билан халқаро авиақатновлар тикланади.
Оҳангаронда 30 гектарда қуриладиган чиқинди полигони,экология муаммолари бўйича йиғилиш ўтказган Шавкат Мирзиёев, президентга маслаҳатчи бўлган Музаффар Комилов, археология ёдгорлигини тадбиркорга сотиб юборган Паркент тумани ҳокимлиги, $1,6 млнни ноқонуний олиб чиқишга уринган қизғизистонликлар, бекор қилинган 11 млрд сўмлик кешбэк ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 2 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Республика махсус комиссияси хориж тажрибасидан келиб чиқиб, коронавирус юқтириб олган беморлар билан мулоқотда бўлган шахсларнинг карантин ўташ муддатини 14 кундан 7 кунгача қисқартирди.
Транспорт вазирлиги, Олий таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳамда ҳокимликлар авиа ва поезд чипталари харидини тартибли равишда ташкил этади ва доимий ишлайдиган Штаблар фаолиятини йўлга қўяди. 50 фоизлик чегирмалар эса сақлаб қолинади. «Ҳеч бир ўқувчи ва талаба чиптасиз қолмайди», — дейилади ССВ хабарида.
7 февралдан бошлаб умумтаълим мактаблари, профессионал, касб-ҳунар таълим ва олий таълим муассасалари, академик лицейлар ҳамда нодавлат таълим ташкилотларида ўқув жараёни анъанавий шаклга ўтказилади.
Президент видеоселекторда Оҳангарон туманининг 30 гектар майдонида 17 млн долларлик маиший чиқинди полигони қурилишини маълум қилди. Қолаверса, у ресурсини ўтаб бўлган 24 та чиқинди полигонини кўмишни буюрди. Бундан ташқари, полигонлар ташкил этиш ва уларни ёпишни тартибга солувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди.
Ўзбекистонда қиш ва баҳор ойларида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун қарийб 627 минг тонналик захира яратилган. Шундан 294 минг тонна картошка, 86,8 минг тонна пиёз, 163,6 минг тонна сабзи ва 82,1 минг тонна гуруч жамғарилди, дея маълум қилди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда йиллик ҳосил бўлаётган маиший чиқиндилар миқдори 7 миллион тоннага етганини маълум қилди. Давлат раҳбари 2022 йилда маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 фоизга, қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш вазифасини қўйди. «Одамларимиз ҳатто эшиги ва ҳовлиси атрофини тозалашдан, дарахт, гул, кўчат экиб, саранжом-саришта қилиб қўйишдан эринадиган бўлиб қолди», — деди президент.
Асака туман ҳокимлиги масъул ходими иссиқхона қуриш учун 30 сотих ер майдони ажратиб бериш эвазига фуқародан 15 минг доллар сўрагани айтилмоқда. У шундан 8 минг долларни олаётган вақтида ушланган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг