Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус коронавирус устидан ғалаба қозонилгани ёки унинг тажовузкорлиги юмшаганига умид қилиб, «карантин чекловларини юмшатишга ҳали эрта» эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, «вирус хавфи пасайгани йўқ ва ўлим кўрсаткичлари тобора ошиб бормоқда».
Ўзбекистонда ОИТСни (СПИД) юқтириб олганларнинг умумий сони 45 мингни ташкил қилди, шундан 55 фоизи эркаклар ва 45 фоизи аёллардан иборат. Касалликка чалинганларнинг 14 фоизи эса 18 ёшга тўлмаган болаларга тўғри келмоқда. Касалланиш кўрсаткичи энг юқори ҳудуд эса Тошкент шаҳри ҳисобланади. Шифокорлар ОИТС юқиши эҳтимоли юқори ҳолатлар ва уни олдини олиш чоралари ҳақида маълумот берди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 12,07 сўмга кўтарилиб, 10 825,07 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам кўтарилди.
Ўзгидромет 4−6 февраль кунлари Ўзбекистоннинг баъзи жойларда шамол кучайиши ва чанг-тўзон кузатилиши мумкинлигини маълум қилди. Шамол тезлиги 18−23 м/с гача кучаяди, айрим жойларда эса 25−28 м/с гача бўлиши кутилмоқда. 6 февраль куни республиканинг барча ҳудудларида ёмғир ёғади.
Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, айрим техник хизмат кўрсатиш маркази ходимлари бошқаларга тегишли бўлган 15,9 мингта харид чекларини Soliq иловасида ўз номига рўйхатдан ўтказган. 11 млрд сўмлик ушбу чеклар бўйича ҳисобланган кешбэк суммаси бекор қилинди.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистонда ёшлар бандлиги ва тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича беш йиллик дастурни ишга туширди. Бюджети 10 млн доллар бўлган дастур халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари ҳамда Халқ таълим вазирлиги томонидан халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россиянинг «Герофарм» биотехнология компанияси Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳасини ишга тушириш тўғрисида битимни имзолади.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Давронбек Махсудов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У мазкур лавозимда президентга маслаҳатчи бўлиб кетган Музаффар Комиловнинг ўрнини эгаллади.
1 февралдан Uzbekistan Airways Express «тўлиқ эконом» форматидаги қатновларда багаж нормасини 15 кгдан 23 кг гача оширди. Қўл юки нормаси ва багаж параметрлари ўзгаришсиз қолган.
«Ўзметкомбинат» темир сақлаш ва юклаш омбори савдоларида Golden House Development компанияси ғолиб бўлди. Компания омбор учун 74 млрд сўм таклиф қилган. Омборнинг янги эгаси ҳудудда маиший хизмат, спорт ва ижтимоий хизматлар, кўнгилочар ва дам олиш марказлари, турар-жой мажмуалари ташкил этиши кўзда тутилган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни 2026 йилгача ривожлантириш стратегиясини тасдиқлади. Стратегия йўналишларидан бири солиқ юкини ЯИМга нисбатан 25%гача камайтириш, 120 млрд доллар ҳажмидаги инвестицияларни жалб этиш, аҳолини кўчиришнинг умумий схемасини ишлаб чиқиш, эскирган уй-жойлар ўрнида реконструкция асосида замонавий массивларни барпо этиш ва 275 минг оилани кўчириш, 2023 йилга қадар инфляцияни 5%гача камайтириш ва бошқа кўплаб мақсадларни назарда тутади.
БМТ Тараққиёт Дастури Фарғона водийсида қишлоқ хўжалигининг иқлим ўзгаришига мослашуви учун агрометеорологик станциялар тармоғини кенгайтириш бўйича лойиҳани амалга оширади. Япония ҳукумати ушбу мақсадларга қарийб 1 млн доллар ажратди.
«Адолат» СДП Ўзбекистонда TikTok тармоғини бутунлай блоклашни таклиф қилди. Партия буни тармоқдаги видеолар орасида ўзгалар ҳаётига дахл қилувчи номақбул кадрлар кўпаяётганлиги билан изоҳлаган.
2018 йилда Паркент тумани ҳокимлиги «Тепа (Култепа)» археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ерни тадбиркорга хом ғишт ишлаб чиқариш учун аукцион орқали сотиб юборган. 2020 йилда эса тадбиркор ушбу ерни бошқа бир жамиятга сотиб юборган. Хом ғишт ишлаб чиқариш учун эса ёдгорлик ҳудудидан тупроқ қазиб олинган. Антикоррупция агентлиги бунинг натижасида тадбиркор маданий мерос объектига 1,5 трлн сўмлик моддий зарар етказганини аниқлади.
2022 йилнинг биринчи чорагида тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари 42 млн доллар миқдорида Молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан қайта молиялаштирилади. «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ ўз фаолиятини тиклаб, иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитларини қайта молиялаштиришни давом эттиради.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги январь ойида ўтказган ўрганишларида еттита давлат ташкилотида жами 33,69 млрд сўмлик давлат харидларида қонунга зид ҳаракатлар аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича давлат харидларини бекор қилиш ҳақида буюртмачиларга тақдимномалар ва Бош прокуратурага сўровномалар киритилган.
ДХХ томонидан Наманган ва Андижонда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Ўзбекистондан 1,6 млн долларни ноқонуний олиб чиқиб кетмоқчи бўлган 8 нафар шахс қўлга олинди. Уларнинг 2 нафари ўзбекистонлик, гуруҳ етакчиси ва аъзолари деб гумон қилинаётган 6 нафари эса қирғизистонлик эканлиги айтилмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши очилди.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. У Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори лавозимида ишлашда давом этади.
Сешанба куни 1087 кишининг коронавирус инфекциясига топширган ПЗР-тести мусбат натижани кўрсатди. Шунинг ярмидан кўпи пойтахт ҳисобига тўғри келди — 589 та ҳолат. Қолаверса, 209 кишида пневмония аниқланди. COVID-19 асоратлари оқибатида эса 3 киши вафот этди.
Ҳукумат қарори билан БҲМнинг 6000 бараваридан (1 млрд 620 млн сўм) ортиқ бўлган қурилиш ишларига пудратчи ташкилотларни аниқлаш электрон тендер орқали амалга оширилади. Қолаверса, БҲМнинг 200 000 бараваригача (54 млрд сўм) бўлган лойиҳалар учун танловларда эса фақат қурилиш амалга ошириладиган ҳудудда рўйхатдан ўтган ташкилотларгина қатнаша олади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг