Тошкентдаги маҳаллалар аҳолиси муаммоларини ўрганиш учун жорий қилинадиган Инсон қадри индексини 8 та кўрсаткич асосида ҳисоблаб чиқиш таклиф этилган. Буларга соғлиқни сақлаш, таълим, хавфсизлик, бандлик, даромад ва бошқа йўналишлар киради. Президент ушбу индекс қайси фуқаро ёки хонадон билан биринчи навбатда ишлаш кераклигини аниқлаб беришини таъкидлади.
Марказий Осиё энерготизимидаги йирик авария туфайли Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси экспорти вақтинча тўхтатилган эди. Айни вақтда энергияни етказиб бериш қайта тикланган.
Сенат ҳукуматга газ баллон билан жиҳозланган транспорт воситалари хавфсизлиги бўйича парламент сўрови тайёрламоқда. 2021 йилда шу турдаги транспорт воситаларидаги 14 та портлаш ва 2 та ёнғин натижасида 14 киши ҳалок бўлган, 9 киши жароҳатланган.
Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов Ўзбекистонда коронавирус билан янги касалланиш ҳолатларининг 85 фоизи «омикрон», 15 фоизи «дельта» штаммига тўғри келаётганлигини таъкидлади. Унинг айтишича, аксарият беморлар касалхонада даволаниши шарт эмас, лекин ваҳима сабабли одамлар турли йўллар билан шифохонада даволанишга ҳаракат қилмоқда.
2022 йилнинг январь ойида инфляция кўрсаткичи 0,9 фоизни, йиллик нисбатда эса 9,8 фоизни ташкил қилди. Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,3 фоизга ошган, энг қимматлаган соҳалардан бири ресторан ва меҳмонхоналар хизматлари бўлди.
Андижон вилояти ИИБ ижтимоий тармоқларда тарқалган Балиқчи туманида фуқаролар ИИБ ходимларини тош бўрон қилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Мазкур ҳолат туман Сувоқавага қарашли сув қазиб чиқариш иншоотини хонадонига қўшиб олган оила ҳамда уларнинг маҳалладошлари ўртасидаги низо оқибатида содир бўлган. Таъкидланишича, «отилган тошлар ИИБ ходимлари ва фуқароларга тегмаган».
Фирдавс Абдуҳолиқов Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий Ассоциацияси бошқарув раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнига Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжа ассоциация раҳбари бўлди.
1 февралдан тиббиёт муассасаларида юритиладиган тиббий ҳисоб журналлари 26 тадан 14 тагача қисқартирилди, улардан 10 таси соддалаштирилди. Шунингдек, 33 турдаги тиббий карта ва бланкалар ҳам 14 тагача қисқартирилди. «Энди шифокор ва ҳамширалар асосий вақтини беморларни даволашга йўналтиради», — дейилади ССВ хабарида.
Коррупцияга қарши кураш агентлиги Malibu автомобилининг шубҳали сотилиши ва Шахмат федерациясидан 1,8 млрд сўмдан ортиқ маблағнинг федерация раҳбарининг биринчи ўринбосари, истеъфодаги ДХХ генерали Ҳусан Турдиалиев директор бўлган хусусий шахмат клубига ўтказилишини ўрганмоқда. Шахматчи Сергей Қаюмов «Ҳусан Турдиалиевнинг сўнгги 20 йилдаги диктатураси» ҳақида гапирган бўлса, Гулруҳбегим Тоҳиржонова федерация раҳбарининг биринчи ўринбосарининг хатти-ҳаракатлари АҚШга кетишига сабаб бўлганини маълум қилди.
22 январдан бери коронавируснинг кунлик ҳолати камайиб бормоқда — душанба куни вирус 1015 кишида аниқланди. Тошкент шаҳрида касалланиш ҳолатлари ортган, вилоятларда эса камайган. Қолаверса, 196 нафар фуқарода пневмония қайд этилди.
2022 йилда Тошкент шаҳрида умумий қиймати 3,8 млрд долларлик 738 та лойиҳани амалга ошириш режа қилинган. Шундан 500 та лойиҳа жорий йилнинг ўзидаёқ ишга тушиши, бунинг натижасида 27 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Президент Тошкентнинг молиявий ва иқтисодий имкониятлар кенглигини, ҳар бир туманга қўшимча 100 млн доллар жалб қилиш мумкинлигини таъкидлади.
1 февраль куни эрталаб Фарғона вилоятининг Қува савдо комплексида 25 та кийим-кечак дўконида ёнғин содир бўлди. Воқеа жойига 11 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилди. ФВВ маълум қилишича, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлганлар қайд этилмаган.
2017−2021 йиллар давомида президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 5 млн 780 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушган. Шундан 3 млн 288 мингдан ортиғи қаноатлантирилган.
Тошкент маҳаллаларида аҳоли муаммоларини ўрганиш орқали пойтахтда инсон қадри индекси жорий қилинади. Президент индекс мезонларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича илмий асосланган тизим яратишни буюрди.
Британия ҳукуматининг Россия компаниялари ва жисмоний шахслари активларини музлатиб қўйиши мумкинлиги, ОИВга чалинган Жанубий Африка фуқаросида коронавируснинг 21 мутацияси аниқлангани, Польша Миллий хавфсизлик бюросининг Украинага ҳарбий ёрдам жўнатилишини тасдиқлагани, Европа Иттифоқи Россиядан газ етказиб бериш тўхтатилган тақдирда қайси давлатлардан газ олиб келишни муҳокама қилаётгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz» нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Пекин қишги Олимпиадаси очилишида қатнашадиган Шавкат Мирзиёев, UZIMEI`ни «бюрократик ва ноқулай», деб атаган Жаҳон банки эксперти, 100 мақсадни жамлаган Тараққиёт стратегияси, 2021 йилда импорт қилинган $588 млнлик «иномарка» лар, шовқинга қарши курашни тартибга солишни таклиф қилган Адлия вазирлиги, янги тайинланган ҳокимлар ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 31 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Президент фармони билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 63 нафар шахс афв этилди. Уларнинг икки нафари 60 ёшдан ошган шахслар ҳисобланади.
Иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ажратиладиган мақбул ипотека кредитларини қайта молиялаштириш вақтинча тўхтатилди. Бунга иккиламчи бозор учун кредитларга талаб юқори бўлганлиги боис ОТБнинг 150 млн долларлик маблағлари муддатидан олдин ўзлаштирилиши сабаб қилиб кўрсатилди.
Энди ID-картани ички ишлар бўлимларидан ташқари Тошкент шаҳрининг туманлари ҳамда Нурафшон шаҳридаги давлат хизматлари марказларидан олиш мумкин.
2021 йилда мамлакат бўйлаб 691,9 мингта автотранспорт воситалари олди-сотдиси амалга оширилган. Бу 2020 йилга нисбатан 12 фоизга кўпроқ ҳисобланади. Шундан 194,4 мингтасини енгил автомобиллар ташкил этган. Шунингдек, ўтган йилда Ўзбекистонда жами 13 мингта «иномарка» сотилган ва уларнинг ярмидан кўпи Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг