Тошкентга қалин туман тушди. Пойтахт аҳолиси ҳавода яна чанг пайдо бўлганлигини тахмин қилди. Бироқ Ўзгидромет ҳаво ифлосланиши рухсат этилган концентрациядан ошмаганлигини маълум қилди.
ИИВ бутун мамлакат бўйича электр ўчиши муносабати билан жамоат тартибини сақлаш, йўлларда тартибни таъминлаш ва мол-мулкларни қўриқлашга барча шахсий таркиб жалб этилганини маълум қилди.
Энергетика вазирлиги ҳудудларда электр таъминотини тиклаш билан боғлиқ вазият ҳақида маълумот берди. Тошкентнинг айрим туманларида ҳамон электр энергияси қисман йўқ. Қашқадарё эса бутунлай электрсиз қолган.
Тошкент халқаро аэропорти қуюқ туман тушиши муносабати билан самолётларни қабул қилишни тўхтатди. Бироқ Тошкентдан Тель-Авив, Олмаота, Москва, Санкт-Петербург ва Краснодарга рейслар амалга оширилди.
Марказий Осиё энерготизимидаги йирик авария туфайли Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясини етказиб беришни тўхтатди. Афғонистоннинг DABS компанияси илк бор Туркманистон электрини Кобулга улашга муваффақ бўлди.
«Худудгазтаъминот» компанияси табиий газдан қарздорлик учун автоматик равишда ўчириш вақтинчалик тўхтатилганини маълум қилди.
Ўзбекистон президенти Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарлари иштирокидаги видеоанжуманда иштирок этди. Шавкат Мирзиёев тадбирда янги иқтисодий мулоқот стратегиясини ишлаб чиқишни, «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўлини қуришни жорий йилданоқ бошлаш ғоясини илгари сурди. Давлат раҳбари 2023 йилни «Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили» деб эълон қилишни таклиф қилди.
Тошкентдаги марказий иситиш қозонхоналари 3−4 соат оралиғида тўлиқ иш режимига ўтади ва хонадонлар исий бошлайди.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Тошкентда 6 соат ичида сув таъминоти тўлиқ тикланишини маълум қилди. Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор туманларига ва Чилонзор туманининг бир қисмига 3 соат ичида сув бериш тўлиқ тикланади.
ФВВ қутқарувчилари пойтахт метрополитенидан 415 нафар йўловчини эвакуация қилди. Поп туманидаги темирйўлда юк поезди тўхтаб қолганлиги қолганлиги учун ундан 40 км узоқликда йўловчи поезд ҳам тўхтаб қолган.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида электр энергияси таъминоти тўлиқ тикланди. Энергетика вазирлиги бошқа ҳудудларда электр энергияси таъминоти босқичма-босқич тикланишини маълум қилди.
Президент матбуот котиби Ўзбекистонда электр энергияси ўчиши билан боғлиқ вазият президент назоратида эканлигини маълум қилди. «Барчангизни хотиржамликни сақлаш ва саросимага тушмасликка чақириб қоламиз. Ваҳимага ўрин йўқ», — дея таъкидлади у.
Ўзбекистонда электр энегрияси ўчиши ортидан «Ўзбекнефтгаз» тизимидаги 64 та конлар фаолияти вақтинча тўхтатилди. Шунингдек, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, 3 та газни қайта ишловчи завод (Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ кимё мажмуаси ва «Uzbekistan GTL») ҳам ўз фаолиятини тўхтатган. Ҳозирда суюлтирилган газ ва нефть маҳсулотларини етказиб беришда узилишлар мавжуд эмас.
Президент топшириғи билан электр энергияси таъминотида юзага келган йирик узилишлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича бош вазир ҳузурида ҳукумат комиссияси тузилди.
Олий суд ижтимоий тармоқлардаги 19 та канал (гуруҳ, материал)ларни экстремистик ва террористик деб топилган саҳифалар рўйхатига қўшди.
Қутқарувчилар Чимён ва Билдирсойда электр энергияси узилган вақтда осма йўлларда қолиб кетган 80 кишини эвакуация қилди. Amirsoy курортида эса электр тезда қайта тиклангани учун ФВВ ёрдамига эҳтиёж қолмаган.
Transparency International халқаро ташкилотининг 2021 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 6 поғонага юқорилаб, 180 давлат ичида 140-ўринни эгаллади. Ташкилотнинг ёзишича, сўнгги ўн йил ичида 131 мамлакат коррупцияга қарши сезиларли муваффақиятга эриша олмаган.
ССВ Ўзбекистонда электр энергиясидаги узилишлар пойтахтдаги йирик тиббий марказлар фаолияти ва узлуксиз операциялар ўтказилишига хавф туғдирмаслигини билдирди. Барча операция блоклари қўшимча генераторларга улангани маълум қилинди.
Халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобига товарлар олиб киришда назарда тутилган солиқ имтиёзлари бекор қилиниши мумкин. Молия вазири ўринбосари Дилшод Султоновнинг фикрича, улар Ўзбекистонда бизнес қарорларини қабул қилиш ва рақобат муҳитига таъсир қилади.
Ўзбекистон ва минтақанинг энерготизимидаги йирик авария туфайли, Тошкент метрополитенининг барча йўналишларида вақтинчалик метро ҳаракати тўхтади. Кўчаларда ҳаракатни ЙПХ инспекторлари бошқармоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг