Балиқ етиштириш бўйича Жиззах тажрибаси ҳар бир вилоятда жорий этилади. 1 февралдан хонадонида балиқ етиштирувчилар ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинади, уларга ажратиладиган кредит БҲМнинг 300 баравари — 81 млн сўмгача оширилади. Қолаверса, уларнинг ер ҳамда мол-мулк солиғи 50 фоизга қисқартирилади. Шу асосда 2022 йилда бутун республика бўйича 700 минг тонна балиқ етиштириш мақсад қилинган.
Коронавирус бўйича кунлик ҳолатлар кетма-кет олтинчи кун ўсишда давом этаяпти — пайшанба куни яна 824 кишида вирус аниқланди. Биргина пойтахтнинг ўзида 434 та ҳолат қайд этилди. 3 киши эса COVID-19 оқибатида вафот этди.
15, 16 ва 18 январь кунлари Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида шамол кучайиши, вақти-вақти билан ёмғир ёғиши, айрим ҳудудларда эса кучли ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев бугун 03:00 ларда Тошкент шаҳар тез ёрдам станциясига бориб, «тез ёрдам» ҳолатини текширди. Унинг топшириғи билан қўшимча 40 та тез тиббий ёрдам машинаси хизматга бириктириладиган бўлди. Вазир шунингдек, Тошкентнинг 12 та туманида касаллик клиник белгиларсиз ва енгил шаклда кечаётган беморлар саломатлигини назорат қилиш учун COVID-поликлиникалар фаолиятини йўлга қўйиш топшириғини берди.
Пойтахтдаги Халқлар дўстлиги майдонида бўлиб ўтаётган ҳарбий техникалар кўргазмасида ҳарбий машиналардан бири ёниб кетди. Жабрланганлар йўқ.
Президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Александр Лукашенконинг Қозоғистондаги воқеалар ортидан Ўзбекистон сабоқ олиши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди. У мазкур баёнотни «асоссиз» деб атади. «Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», — деди давлат раҳбари.
Александр Лукашенконинг сўзларига жавоб қайтарган Шавкат Мирзиёев, Мудофаани бошқариш миллий маркази очилгани, қурол ёрдамида тўхтатилган Malibu бўйича қўшимча маълумот, пойтахтда портлатилган «ўт ўчиргич» бўйича 13 кишига қўйилган айблов, Марокаш шартномасига қўшилган Ўзбекистон, ҳокимларнинг кенгаш раиси мақоми бекор қилинмаганига изоҳ берган Сенат ва бошқа хабарлар «Газета.uz» нинг 13 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Президент Шавкат Мирзиёев Мудофаани бошқариш миллий маркази очилишида иштирок этди. Мазкур марказ мамлакатдаги барча куч тузилмалари фаолиятини мувофиқлаштиришга ихтисослашган.
Ўзбекистон «омикрон» тарқалаётгани муносабати билан 15 январдан Қозоғистон билан чегарани кесиб ўтишга вақтинчалик чеклов жорий этмоқда. Чекловлар авиалоқаларга ҳамда ватанга қайтаётган фуқароларга тааллуқли эмас.
13−14 январь кунлари Чимён ҳудудида қор кўчиши хавфи эълон қилинди. ФВВ шу кунларда фуқаролардан «Қор кўчиши хавфи мавжуд» белгиси бўлган жойларга кирмасликни сўради.
Ўртачирчиқ туманида «Тўйтепа-Озодлик» йўналишида ҳаракатланиб келаётган юк поезди уриб кетиши оқибатида 26 ёшли фуқаро вафот этди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, у қулоқчин тақиб, мол боқаётган бўлган.
АҚШга кириш учун янги қоидалар эълон қилинди. Унга кўра, йўловчилар парвоздан камида 24 соат олдин ПЗР-тест ҳамда камида 15 кун олдин COVID-19га қарши тўлиқ эмланганликларини тасдиқлайдиган гувоҳномага эга бўлишлари керак. Бошқа талаблар ҳам бор.
Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистондаги вазиятга тўхталиб ўтди. «Биз учун яқин қўшни ва қардош Қозоғистонда содир бўлган воқеалар ҳаммамизни жиддий ташвишга солди», — деди у. Президент қўшни мамлакатдаги вазият аста-секин ўз изига тушиб бораётгани ҳамда одамлар осойишта ҳаётга қайтаётганини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали мулоқот давомида Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларидан ташқари, Қозоғистонда рўй берган воқеалар нуқтаи назаридан Марказий Осиёдаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашди.
Ўзбекистон кўзи ожиз, кўришда нуқсони бўлган ва босма ахборотни идрок этишда бошқа жиҳатдан қобилияти чекланган шахсларнинг нашр этилган асарлардан фойдаланишини енгиллаштириш тўғрисидаги Марокаш шартномасига қўшилди. Ҳозирда мамлакатда 72 мингдан ортиқ кўзи ожиз инсонлар истиқомат қилади.
«Самарқанд дарвоза»да «ўт ўчиргич» портлатилиши бўйича тергов доирасида 13 кишига айблов эълон қилинди. 5 нафари 3−5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Шунингдек, терговда мазкур воситани ясашни ёшларга янгийўллик тракторчи ўргатгани аниқланган.
Шавкат Мирзиёев ҳудуд ва тармоқларни стратегик ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун эса хориждан малакали мутахассис ва маслаҳатчиларни ҳам жалб қилиниши таъкидланди.
Жаҳон банки 2021 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсишини 6,2 фоизга баҳолади. 2022 ва 2023 йилларда иқтисодий ўсиш мос равишда 5,6 фоиз ва 5,8 фоиз бўлиши кутилмоқда.
Юнусободда ЙПХ инспектори талабини бажармагач, ўқотар қурол билан тўхтатилган Malibu ҳайдовчиси ўша куни спиртли ичимлик истеъмол қилганини айтди. «Айб менда, бўйнимга оламан. Ароқ, пиво ичибман, кейин „ўчиб“ қолибман», — деди у. Қолаверса, бу унинг транспортдан фойдаланиш қоидасини биринчи марта бузиши эмаслиги маълум қилинди.
КХШТ тинчликпарвар контингентини Олмаотадан олиб чиқиш бошланди. Қозоғистон мудофаа вазири номидан ҳарбийларга миннатдорчилик билдирилди, айримлари «Халқаро ҳамкорликка қўшган ҳиссаси учун» медаллари билан тақдирланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг