Андижон-Тошкент йўналишида таксичилик қилувчи фуқаро Тошкентга йўловчи олиб кетиб, бедарак йўқолган. Унинг жасади Тошкентдаги автотураргоҳда турган Cobalt юкхонасидан топилди. Ҳозирда 3 нафар гумонланувчи қўлга олинган.
Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Қозоғистондаги фуқароларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. Нур-Султон шаҳридан авиапарвозлар амалга оширилмоқда, қолаверса, Олма-отадан Ўзбекистонга қайтишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати тузилган. Ҳозирда Ўзбекистон фуқароларининг ҳибсга олингани ҳақида маълумот йўқ.
Душанба куни 425 кишида коронавирус аниқланди. Яна 4 киши касалликдан вафот этди.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқиловнинг аниқлик киритишича, ниқоб тақмаган фуқаролар аввалига огоҳлантирилади, қўпол қоидабузарлар эса жаримага тортилади. ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов эса 9 январь куни карантин қоидаларини бузган 899 кишидан, 721 нафари огоҳлантирилгани, қолган 178 нафари эса жаримага тортилганини маълум қилди.
Жиззах шаҳрида эски газ қувурлари 1,5 минг километрдан зиёд узунликдаги янги қувурлар билан алмаштириш режалаштирилмоқда. Газ тақсимлаш станциялари сони ҳам қисқаради. Мазкур лойиҳа Туркиянинг Aksa компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Москва — Қарши рейсини амалга ошираётган Россиянинг S7 Airlines авиакомпанияси самолёти кечаси Урганчга фавқулодда қўнди — йўловчилардан бирига тез тиббий ёрдам керак бўлди.
Тошкентда ниқобдаги номаълум шахслар декабрь ойидан буён иккинчи марта арча дарахтларини кесиб ташлашга уринишди. Участкани аукционда сотиб олган тадбиркор дарахтларнинг кўчирилишига рад жавобини берган экологлар устидан шикоят қилди.
Президент душанба куни Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳамда пойтахтда автомобиль йўлларини таъмирлашга оид лойиҳалар билан танишди. Унга кўра, «Тошкент-Чиноз» автомобиль йўлининг 10 км қисмини таъмирлаб, 5 дона ерости ўтиш йўлагини бунёд этиш, Жиззах шаҳридаги Ўзбекистон кўчасида 210 метрли йўл ўтказгич барпо этиш, қолаверса, Тошкентдаги Темур Малик кўчасини 6 тасмали этиб қайта қуриш режалаштирилмоқда.
Қозоғистонга таъзия билдирган Шавкат Мирзиёев, Навоийда фуқароларни калтаклаган қора ниқобли шахслар, мактабларда ёзги таътил муддати ўзгармаслиги, Омикрон аниқланган шахс келган самолётда 200 киши бўлганлиги, Қозоғистондаги вазият туфайли импорти кечикаётган гўшт, қатъий карантин режалаштирилмаганлиги, ниқобсиз фуқароларга жарима қўлланилмаслиги ва бошқа хабарлар — «Газета.uz» нинг 10 январдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
АҚШда ёнғин оқибатида 19 кишининг ҳалок бўлгани, Европа мамлакатлари АҚШнинг Россияга қўлламоқчи бўлган санкцияларидан хавотирда экани, Қозоғистонда Жамбил вилояти полиция бошлиғи ҳамда Миллий хавфсизлик қўмитаси полковнигининг вафот этгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Наманган вилояти ИИБ йўл бўйлаб ўнлаб одамларнинг югуриб кетаётгани акс этган видео Янги йил оқшомида тасвирга олингани, йўлни ҳеч ким тўсиб қўймагани, намойишлар бўлмаганини маълум қилди.
Ўзбекистон президенти Қозоғистон президенти билан яна телефон орқали мулоқот қилди. Улар икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиб, қўшни давлатда тинчлик ва барқарорлик тез фурсатда қайта тикланишига ишонч билдирдилар.
Қашқадарёда ЙПХ инспекторлари кўпроқ «протокол» тузишга мажбурланмоқда, дея хабар қилди Nasafnews сайти. Нашр вилоят ЙҲХБ раҳбари ўринбосари экани тахмин қилинаётган шахснинг ходимларга 20 тадан «протокол» расмийлаштиришни топширгани акс этган аудиоёзувни тақдим этди. ИИВ ЙҲХББ хизмат текшируви бошлангани ҳақида маълум қилди.
Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ўтган Республика махсус комиссияси йиғилишида ниқоб тақмаганлар жаримага тортилмаслиги, аксинча огоҳлантирилиши таъкидланганини маълум қилди. «Йўлда тўхтатган милиция, Миллий гвардия ходими ўзи ниқобни „илтимос шуни тақиб олинг“ деб беради. Ҳеч қандай жарима тўғрисида гап йўқ», — деди у.
Қозоғистон бутун мустақиллик тарихидаги энг оғир инқирозни бошидан кечирди, бу давлат тўнтаришига уриниш эди, деди КХШТ саммитида президент Қосим-Жомарт Тоқаев. Унинг фикрича, асосий зарба Олмаотага қаратилган эди, шаҳарнинг қулаши жанубни, кейин эса бутун Қозоғистонни эгаллашга йўл очарди.
Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш даражаси ошгани туфайли қатъий карантин жорий этиш режалаштирилгани йўқ. Оммавий тадбирлар бекор қилинмаган, аммо эпидемиологик вазиятга қараб чоралар кескинлашиши мумкин, дея таъкидланди пойтахтда ўтган ССВ ва СЭО матбуот анжуманида.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 3,81 сўмга кўтарилиб, 10 840,02 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев илк «омикрон» аниқланган бемор билан бирга самолётда 130 нафар ўзбекистонлик, 70 нафар чет эл фуқароси бўлганини ва уларнинг барчаси карантинга олинганини маълум қилди. У шунингдек, Ўзбекистонда омикрон 7 январь куни аниқланса-да, 8 январь кунги хабарда омикрон аниқланмагани айтилганига изоҳ берди.
Кредитлаш ҳисобига Ўзбекистон иқтисодиётининг юқори ўсиш суръатлари активлар сифатининг ёмонлашуви ва банкларнинг ташқи молиялаштириш манбаларига қарамлигининг кучайиши каби рискларни келтириб чиқариши мумкин, дейилади Fitch Ratings агентлиги ҳисоботида.
Ҳафтанинг асосий қисмида Ўзбекистонда қуруқ ва илиқ об-ҳаво ҳукм суради, кундузи ҳаво ҳарорати +12 даражагача кўтарилади. Жума куни эса ёмғир ёғиши кутилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг